Чечен раҳбари Чагаевни ўзиники қилиб олди

Руслан Чагаев Чеченистон президенти Рамзан Қодиров билан.

Ўзбекистоннинг фахри бўлиб келган боксчи Руслан Чагаев сўнгги жангларини Чеченистон президенти Рамзан Қодиров асос солган Грознийдаги “Аҳмат бокс клуби” номидан ўтказмоқда.
Москвада сербиялик Йово Пударга қарши якшанба кунги жангда ҳам Чагаев рингга чечен мусиқаси остида чиқди ва ғолиб деб эълон қилинган пайт президент Рамзан Қодиров сурати туширилган футболкани кийиб олди.

Якшанба куни Москвада сербиялик боксчи Йово Пудар билан жангни ютган Чагаевни Чеченистон президенти Рамзан Қодиров Грознийда зиёфат билан кутиб олди.

Қодиров асли ўзбекистонлик бўлган Чагаевга Чеченистон номидан қатнашажак бундан буёнги спорт мусобоқаларида муваффақият тилади.

- Чемпион бўлган пайти уни ўзбек дейишди, татар дейишди. Энди у ўзимизники, -деб айтди Рамзан Қодиров.

Руслан Чагаев Москвада қозонган ғолиблик камарини миннатдорчилик тариқасида Чеченистон президентига топширди.

– Бу ғалабага сизни маънавий, руҳий мададингиз ва қўллаб-қувватловингиз туфайли эришдим, - деди Чагаев.

1978 йилда Ўзбекистоннинг Андижон шаҳрида туғилган боксчи Германиядаги Universum Box Promotion клубида шуғулланиб келган.

Ўтган йили Тринидад-Тобагодан бўлган боксчи Кертсон Мансвелл устидан ғалаба қилган Руслан Чагаев рингда Рамзан Қодиров сурати туширилган футболкани кийиб олган эди.

Ундан олдинги жангларни Чагаев Ўзбекистон байроғи остида ўтказиб келган. Руслан Чагаев 2010 йилда украиналик Владимир Кличко билан жангда мағлубиятга учраб, энг оғир вазн тоифасидаги чемпионлик камарини бой бериб қўйганди.

2011 йилда Германиянинг Эрфурт шаҳрида россиялик боксчи Александр Поветкинга мағлубияти ортидан Чагаев танаффусдаги чемпион титулидан ҳам маҳрум бўлди.

– Поветкин билан бўлган жангдаги мағлубиятимдан сўнг ҳамма мендан ўзини четга олди. Фақат Рамзан менга қўл узатди,- деб айтди Чагаев.

Руслан Чагаев 2007 йилда "россиялик дев" лақабли Николай Валуевни енгиб, илк бор профессионал бокснинг WBA йўналиши бўйича энг оғир вазн тоифасида Жаҳон чемпиони бўлган ва ўшанда Ўзбекистонда чемпионни миллионлаб ишқибозлари олиқшлар билан кутиб олган эди.

Эндиликда Чагаевнинг мусобоқаларда Чеченистон номидан қатнашаётгани ўзбекистонлик ишқибозларни ранжитган кўринади. Анвар исмли бокс ишқибози facebook тармоғидаги ўз саҳифасида: “Наҳотки пул деб Ватанни ҳам ишқибозларни ҳам сотиш мумкин бўлса. Ахир Чагаевни Ўзбекистондаги мухлислари ҳали ҳам ўзлариники деб билишадику”, - деб ёзди.

Руслан Чагаевнинг ўзи бу юзадан шу пайтгача изоҳ бермаган.