"Гулнораники" дейилган телеканаллар қайта очилмаслиги мумкин

Uzbekistan - Gulnara Karimova

Эфирдан бир кунда олиб ташланиган Forum TV, TV-Markaz, NTT ва SOFTS телеканалларининг фаолияти шу кунларда ҳуқуқ-тартибот органлари тарафидан жиддий тафтиш қилинаëтгани хабар қилинди.

Ҳужатларидаги мақомига кўра "нодавлат телеканал" бўлган бу телевидениеларнинг асл эгаси Ўзбекистон президентининг тўнғич қизи Гулнора Каримова экани иддао қилинади.


Тошкентда битта бино ичида жам бўлган ва 21 октябрь, эрталаб соат 10 да эфирдан тўсатдан ғойиб бўлган Forum TV, TV-Markaz, NTT ва SOFTS каналлари раҳбариятигага "лицензион шартларга риоя қилмаганлиги ва қайд қилинмаган пул оқимини ташкил этгани" юзасидан айбловлар илгари сурилган.

TV-Markaz, NTT ва SOFTS телеканалларининг муассиси бўлган Terra group масъулияти чекланган жамиятининг молия бўлими ходимаси Озодлик билан суҳбатда телеканалларда жиддий тафтиш кетаëтганини хабар қилди.



Телевидениелар раҳбарияти вакилларига кўра, “профилактика учун ëпилган” телеканалларнинг "мамлакатдаги энг юқори лавозимли кишининг сиëсий иродаси билан ëпилганини" Тошкентдаги телереклама агентликларидан бирининг ўзини Нора, деб атаган вакили Озодликка маълум қилди.

Суҳбатдошга кўра Гулнора Каримованинг “бизнес-империясида саросима бошланган ва Каримованинг тан қўриқчилари бошлиғи мамлакатдан қочиб кетган."

Ҳужатларда "нодавлат телеканал", дея юритилган ФорумТВ, ТВ Марказ, НТТ ва СОФТС каналларининг асл эгаси Ўзбекистон президентининг тўнғич қизи Гулнора Каримова экани иддао қилинади.

Ўзбекистоннинг биринчи оиласига ўтмишда яқин бўлган манбанинг Озодлик билан ўзаро суҳбатда айтишича, "кейинги бир-икки ой ичида Гулнора устида қора булутлар пайдо бўлгани боис унинг атрофидаги одамлардан бир неча нуфузли киши мамлакатни тарк этган".

"Ўтган ойда Гулнора Каримова АҚШга виза олиб, Нью Йоркка сафар қилишни кўзлаб турган эди, лекин уни мамлакатдан чиқаришмади", дея қўшимча қилди суҳбатдошимиз.

Гулнора Каримовага яқин бўлган тошкентлик журналист исми айтилмаслик ва овози эфирга узатилмаслик шарти билан Озодликка баъзи тафсилотларни билдирди.

Суҳбатдошга кўра, Ўзбекистон Миллий хавфсизлик ҳизмати раиси Гулнора Каримованинг телеканаллардаги ноқонуний ҳатти-ҳаракатларига оид барча маълумотларни бир папкага йиғиб Ўзбекистон президенти Ислом Каримовнинг қўлига топширган.

Озодликка маълумот берган журналист иддаосига кўра, "Каримов қўлига топширилган папкада телеканалларнинг мавжуд қоидаларга риоя қилмагани ва телеканалларда қўшиқлари айлантирилган шоубизнес юлдузларидан қаттиқ валютада кирим қилинмаган пул олиш тизими яратилгани борасида факт ва исботлар бўлган".

Бу фактлар билан танишган Ислом Каримов "ўз қизи Гулноранинг жиловини тортиб қўйишни буюрган".

Озодлик суҳбатлашган журналист иддаосига кўра, Гулнора Каримова танқўриқчилари гуруҳидан мосуво қилинган:

- Телеканалларнинг ўчириб қўйилиши ҳам Гулнора Каримованинг жиловини тортиб қўйиш тадбири доирасида амалга оширилди, дейди суҳбатдош.

Унинг айтишича, шу кунларда Гулнора Каримованинг ҳар бир қадамини МХҲ кузатмоқда.

- Гулноранинг барча лойиҳалари остин-устун бўлиб кетди. Art Week Style.uz санъат ҳафталиги ва Олтин Гепард кинофестивалини ҳам тўхтатишмоқчи эди, лекин чет элдан меҳмонлар келгани боис бунга журъат қилишмади. Ҳаммаси Акбарнинг қамалишидан бошланди. (Гап Гулнора Каримованинг холаси Тамара Собированинг 29 ёшли ўғли Акбар Абдуллаевнинг қамоққа олингани устида кетяпти - Озодлик) Гулноранинг дахлсизлиги СНБ ҳодимларининг аллақачон жонига теккан эди. Улар "Нирвана"ни ҳам ëпиб қўйишди. (Гап Гулнора Каримованинг фуқаровий эри экани айтиладиган Рустам Мадумаровга қарашли "Нирвана" аудио-видео техника дўконлари ҳақида кетяпти - Озодлик) Гулноранинг синглиси Лоланинг интервюси ҳам оловга керосин сепди. Короче бардак. Лекин Гулнора кучли аëл. У тентак эмас. У ўз одамларини пистирмадан туриб оëғидан чалмайди, дейди Гулнора Каримовага яқин бўлган тошкентлик журналист.

Ўзбекистоннинг биринчи оиласига ўтмишда яқин бўлган манбанинг Озодлик билан ўзаро суҳбатда айтишича, Гулнора Каримованинг шу кунларда отаси қаҳрига учрашига унинг сўнгги ҳафталарда ижтимоий тармоқлар орқали қилган оила аъзоларига қарши чиқишлари сабаб бўлган.

Гулнора Каримованинг муаммолари кўпайиб кетганини кўрган Интернет-дўстлари унга ўз ҳамдардлигини изҳор қилишди.

Бу ҳамдардликка жавобан Гулнора Каримова ўзининг Твиттердаги микроблогида
"Мен йўқолганим йўқ, мени йўқотишмоқчи! Беҳуда!!!))))", деб ёзди .