Андижоннинг “Ҳамкорбанк”ида пластик карта бериш тўхтатилди

Озодлик манбаларининг маълум қилишича¸ Андижондаги аксар бюджет ташкилотлари ходимлари ойлиги ўтказиладиган “Ҳамкорбанк” ўз мижозларига пластик карта беришни тўхтатган. Оқибатда¸ давлат ишчи-хизматчилари ойликсиз қолган. Озодлик боғланган банк ходими бу маълумотни тасдиқлади.

30 октябрь куни Озодликка мактуб йўллаган бир гуруҳ андижонликлар ҳокимият тазйиқи билан ҳамон пахтага чиқарилаëтган ўқитувчиларнинг бир неча ойдан бери маошсиз қолганини маълум қилди:

“Ҳамкорбанк”да Андижонда онлайн пластик карталар умуман берилмаяпти. Сабаби¸ карта йўқ эмиш. Жуда қийналдик пулсиз икки ойдан бери. Ëрдам қилинглар. Ўтган якшанба куни барча ўқитувчилар ëмғирда яна далага чиқдик¸ план тўлган бўлсаям. Ўқитувчига дам олиш ҳаром¸ якшанба йўқ. Ҳа деса¸ сиëсатга қаршимисан¸ дейди. Ойликдан эса дарак йўқ. Илтимос¸ ҳеч бўлмаса¸ пластик карта масаласини ëритиб беринглар”¸ дейилади Озодликка ўз шахси очиқланишини истамаган ўқитувчилар номидан юборилган мактубда.

Бу хабар ортидан Озодлик мухбири “Ҳамкорбанк” билан боғланиб¸ май ойидан бери банкда пластик карта тақчиллиги юзага чиққанини ўрганди.

“Бизга Бениф Ltd деган фирма пластик карта қилиб беради. Биз пул ўтказганмиз¸ кейинги ойга бериши керак”¸ деди “Ҳамкорбанк” пластик карта бўлими ходими.

Аммо Озодлик мухбири суҳбатлашган банкнинг яна бир ходими¸ пластик карта муаммосининг декабр ойига қадар ҳал бўлмаслигини очиқ тан олди:

“Пластик карталаримиз йўқ. Декабрь ойида келади¸ дейишаяпти. Кутаяпмиз. Унгача ҳолатдан чиқиш учун мижозларимиз пластик карта очган бошқа мижозлардан ëрдам сўраши керак. Янги ишга кирганларнинг ойлиги бизга ўтказилса¸ биз уларга карта бера олмаймиз. Ойликнинг ҳаммаси картага ўтказилгани учун улар ойликсиз қолиши мумкин. Ҳар бир ташкилот ишдан бўшатилган ходимининг картасини олиб қолиши керак. Янги ходим ана шу эски картани¸ яна ишхонасидан ходимимга карта очиб беринг¸ деган алоқа хати олиб келади. Эски карта ва шу хат билан келсангиз¸ картани сизнинг номингизга переоформление қилиб берамиз. Декабрь ойида карта келса¸ бизга заявка берганларнинг ҳаммасига карта очамиз”¸ деди “Ҳамкорбанк” расмийларидан бири.

Мазкур мактубда тилга олинган муаммо кўламини ўрганиш жараëнида Андижондаги бошқа банклар¸ хусусан¸ “Асакабанк”да пластик карта билан боғлиқ муаммо йўқлиги аниқланди. Аммо бошқа банк ходимлари¸ ҳар бир ташкилот алоҳида банкка боғлаб қўйилгани боис¸ ойликсиз қолган ўқитувчиларга карта оча олмасликларини билдирдилар.