Тошкентда оммавий сексни тарғиб қилган руҳонийлар жаримага тортилди

"Раджниш" таълимоти ахлоқий тормозлардан “Тотал озод бўлиш” ва сексуал муносабатларда мутлақ эркинликни тарғиб қилади.

Тошкент вилоятидаги "Горняк" оромгоҳида 23 нафар Ўзбекистон фуқароси иштирокида диний ритуал ўтказган Ҳиндистоннинг икки фуқароси жаримага тортилди.



"Горняк" оромгоҳидаги Озодлик манбасига кўра¸ 16 октябр куни пансионат спорт залини ижарага олиб “ОШО” номли янги ҳинд таълимоти бўйича диний маросим ўтказган Ҳиндистон фуқаролари Панжоби Пушпа Прибхудаси ва Тхакур Рани Аржандас қўлга олинган.

Манбанинг айтишича¸ Ҳиндистондан келиб янги диний оқимни тарғиб қилган бу аëллар суд қилиниб 10 миллион сўм жаримага тортилган ва мамлакатдан чиқариб юборилган.

Бу икки аëл Ўзбекистон фуқароларига янги маданий-диний таълимот экани айтилган "Раджниша" ғояларини тарғиб қилганликда айбланган.

"Раджниш" таълимоти ахлоқий тормозлардан “Тотал озод бўлиш” ва сексуал муносабатларда мутлақ эркинликни тарғиб қилади.

Бу таълимот сексуал медитация тажрибасини "инсонни соғломлаштирувчи тиббий муолажа" дея тарғиб қилади.

Бу тарғибот боис "Раджниш" йўлбошчилари "секс-гуру" дея ном чиқаришган.

"Горняк" оромгоҳидаги Озодлик манбасига кўра¸ бу икки аëл Ҳиндистондан туриб пансионат спорт зали ва хоналар ижараси учун пул тўлашган.

- Маданий кўнгилочар тадбир ўтказамиз деб брон қилишди. Бизда паспорт нусхалари бор бу икки аëлнинг. Ўзбекистонга туристик виза билан келишган¸- дейди Тошкент вилояти Бўстонлик туманидаги Навоий олтин конига қарашли "Горняк"пансионатидаги Озодлик манбаси.

Ҳиндистонлик “дин тарғиботчиларининг” маҳкамага тортилганини ëзган 12uz.com нашрининг ҳуқуқ-тартибот органлари мулозимларига таяниб таъкидлашича¸ диний ритуал пайтида уч нафар вояга етмаган Ўзбекистон фуқароси ҳам бўлган.

“Янги ҳиндий” таълимоти пешволарига “мурид” бўлган 23 киши Ўзбекистон фуқаролари бўлиб¸ улар Тошкент шаҳри ва вилоятида қайдан ўтишган деб ëзди 12uz.com нашри.

"Раджниш" ташкилоти Россия ва Германияда бузғунчи секта сифатида тақиқлаб қўйилган. Ўзбекистонда бу ташкилот расман қайддан ўтмаган.

"Раджниш" таълимотидаги “Оммавий секс” ғояси бадиий тарзда тасвирланган "Қаттиқ дарёлар, мармар шамол" асари ўзбек тилига таржима қилиниб, Интернетда эълон қилинган.

Тошкент вилояти Бўстонлик туманидаги тоғу-тошлар Ҳиндистондан келган турли диний оқим вакиллларининг севимли маскани экани кузатилади.

Кришна таълимоти халқаро жамияти (ISKCON) 2003 йилдан 2008 йилга қадар Тошкент вилоятида “Чимëн садоси” деб номланган бард қўшиқлари фестивалини ўтказиб келган.

Бу фестивал доирасида "Food for life" деган зиëфат ҳам ташкил қилиниб кришна таълимотига қизиққанларга вегетариан таомлар улашилган.

Бу тадбирларни миссионерлик дея малакалаган Ўзбекистон Вазирлар маҳкамаси ҳузуридаги дин ишлари идораси Кришна таълимоти халқаро жамиятининг Тошкентдаги шўъбасига огоҳлантирув мактуби жўнатиб “Чимëн садоси” деб номланган бард қўшиқлари фестивалини тақиқлаб қўйган эди.