Ўзбекистон терговчилари Гулнора Каримовага қарашли ташкилотлардан бирида ишлаган фуқаронинг ўғирланиши юзасидан жиноят иши қўзғатди. Ўзбекистон Бош прокуратурси Интернет сайтида бу ҳақда қисқа хабар берилди.
Гулнора Каримова бошчилик қиладиган ташкилотлардан бирида менежер бўлиб ишлаган 39 ёшли Нурмуҳаммад Содиқов 11 ой аввал ўғирлаб кетилгани ҳақида унинг қайноғаси Озодлик радиосига 6 ноябрь куни гапириб берган эди.
Бош прокуратура хабарномасида “2013 йилнинг 7 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралари томонидан, 1974 йилда Тошкент шаҳрида туғилган фуқаро Содиқов Нурмуҳаммад Абдуманнопович ўғирлаб кетилгани ҳолати юзасидан ЖКнинг 137 ва 301 моддалари билан жиноят иши қўзғатилди”, дейилади.
ЖКнинг 137-моддаси “одам ўғирлаш”, 301-моддаси эса “ҳокимиятни сиуистеъмол қилиш, ҳокимият ваколатидан ташқарига чиқиш ёки ҳокимият ҳаракатсизлиги”га доирдир ва иккала модда бўйича 5 йилдан 10 йилгача қамоқ жазоси кўзда тутилган.
6 ноябр куни Озодлик билан Скайп орқали боғланиб, ўзини Анвар Махатов деб таништирган шахс куёви Нурмуҳаммад Содиқов шу йилнинг январ ойида Гулнора Каримованинг одамлари томонидан ўғирлаб кетилганини иддао қилган эди.
- Улар уни ўғирлаб кетишган. Кейин эса Нурмуҳаммаднинг уйига бориб, синглимнинг паспортини тортиб олишган ва куёвимни соғлом қайтариш эвазига ундан товон пули талаб қилишган. Улар жуда даҳшатли жангарилар, фақат бир авторитетга бўйсунади ва уларнинг қилаётган ишлари “полный беспредел”,- дея иддао қилди Озодлик билан суҳбатда Махатов.
Унинг иддаосича, ўтган 11 ой давомида куёвини ўғирлаган шахслар зўравонлик ва куч қўллаш йўли билан Нурмуҳаммаднинг уйини, автомобилини ва қўлга илингулик мол-мулкини тортиб олган, аммо унинг ўзини қайтаришмаган.
Анвар Махатовнинг яна айтишича, Нурмуҳаммад Содиқов 11 ой давомида ўзининг қийноққа солинаётгани ҳақида яқинларига хабар етказган.
Махатовнинг сўзларига кўра, асли касби банк хизматчиси бўлган Нурмуҳаммад 2003 йилгача Тошкент шаҳридаги банклардан бирида ишлаган ва 10 йил муқаддам Гулнора Каримовага қарашли бизнес структурага ҳисобчи бўлиб ишга ўтган. Унинг айтишича, Нурмуҳаммад “Нурик” лақаби билан танилган.
Махатовнинг сўзларига кўра, айни дамда Нурмуҳаммаднинг қаерда экани яқинларига қоронғу қолаётганидан ташқари Тошкентдаги кекса ота-онаси ва синглисининг ҳаёти ҳам ҳавф остида экани, куёвини ўғирлаб кетган гуруҳларнинг доимий боиси ва кузатуви боис Ўзбекистонни тарк эта олмаётганини ҳам қўшимча қилди.
6 ноябрь куни Озодлик бу ҳодиса ҳақида хабар бериши ортидан шу кунларда ташқи дунё билан Twitter орқали мулоқот қилаётган Гулнора Каримова Нурмуҳаммад Содиқовнинг ўғирлаб кетилгани ҳақидаги хабарни инкор қилиб, буни “орган томонидан ўзига қарши қилинган ҳаракат” дея иддао қилди.
@a_rrustam уже прокомментировала же!✋ даже весело;)Полный бред:от него хотели"то,что он в тайне ЗАРАБОТАЛ"миш😂Спит он у себя и также в шоке
— Gulnara (@GulnaraKarimova) November 6, 2013