Ўзбек-қирғиз чегарасида тўқнашув содир бўлди

Сешанба куни Қирғизистоннинг Боткен вилоятида қирғиз чегарачилари ва ўзбекистонлик фуқаролар ўртасида муштлашув содир бўлди. Жанжал чоғида қирғиз чегарачиси жароҳат олгани айтилмоқда.

Қирғизистон Чегара хизмати тарқатган маълумотларга кўра, Боткен туманининг Қиштут қишлоқ округига қарашли Вариган деган жойда қирғиз чегарачилари 12 ноябрь куни қирғизистонлик фуқаро уйида Ўзбекистон фуқаросига қарашли “Дамас” автомашинаси тургани, ундан пахта тойлари тушираётганларидан хабар топганлар. Қирғиз чегарачилари контрабандада гумонланган ўзбекистонликни машинаси билан “Бел” чегара заставасига олиб бормоқчи бўлган.

“Аммо қишлоқ йўлидан кетаётган ўзбекистонлик фуқаро рулни кескин буриб, қўшни мамлакат ҳудудига ўтиб кетган. Чегарачи билан ўзбекистонлик ўзаро муштлашиб кетишган. Чегара олдида яшовчи ўзбекистонлик гувоҳлар куч ишлатган ҳолда Қирғизистон чегарачисининг қуролини тортиб олганлар. Уларнинг ортидан етиб келган чегарачилар бир неча марта огоҳлантирувчи ўқ отиб, ҳарбийни оломон орасидан олиб чиққанлар, кейин эса уни Ҳайдаркон касалхонасига етказганлар”, дейилади Қирғизистон Чегара хизмати томонидан тарқатилган матбуот варақчасида.

Шу тобда Ҳайдаркон ҳудудий касалхонасида бўлган чегарачининг аҳволи қониқарли экани айтилмоқда.

Қирғизистон Чегара хизматига кўра, жанжалдан сўнг воқеа жойига Боткен чегара отряди командири ва Минтақавий чегара бошқармасининг Боткен вилояти бўйича масъули етиб борган. Ўзаро музокаралардан кейин ўзбекистонликлар қирғиз чегарачисидан тортиб олинган қуролни қайтариб берганлар.

Кечга бориб Ўзбекистон ва Қирғизистон чегара хизматлари раҳбарлари Боткен туманида содир бўлган нохуш ҳодисани муҳокама қилиш учун учрашганлар.

“Учрашув чоғида содир бўлган ҳолат муҳокама қилинди. Мазкур ҳодиса бўйича батафсил текширув ўтказилади. Айбдорлар жазоланади”, дея маълум қилади Қирғизистон Чегара хизматининг Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқалар бўлими ходимлари.

Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати Давлат чегарасини қўриқлаш қўмитаси ўзбек-қирғиз чегарасида содир бўлган воқеа юзасидан ҳозирча бирор-бир баёнот тарқатгани йўқ.

Айни пайтда икки давлат чегарасининг кеча жанжал содир бўлган ҳудудида вазият осойишта экани айтилмоқда.