Ўзбекистонда сирка сотиш тақиқланди

Ҳукумат қарорига кўра, узумдан тайёрланган қўлбола сиркани сотиш ҳам қонундан ташқари бўлади.

Вазирлар Маҳкамасининг 18 ноябрь куни кучга кирган қарорига биноан, бундан буён чакана савдода концентрацияси 10 фоиздан юқори бўлган озиқ-овқат сирка кислотасини сотиш тақиқланади.

Ҳукумат 2013 йил 12 ноябрида қабул қилган “Ўзбекистон Республикасида чакана савдо қоидаларига қўшимча ва ўзгартишлар киритиш тўғрисида”ги 306-қарор лойиҳаси устида олиб борилган ишдан хабардор кимёгар олимнинг Озодликка айтишича, сирка сотиш ўзбек хотин-қизлари орасида ўз жонига қасд қилиш ҳолатларининг олдини олиш мақсадида тақиқланди.


Сиркага оид қарор тўғрисида хабар қилган Норма.уз сайтига кўра, Вазирлар Маҳкамаси “Ўзкимёсаноат” Давлат акциядорлик компаниясига “Ўзстандарт” Агентлиги ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан ҳамкорликда бир ой ичида сирка (уксус) кислотасига оид жорий стандартларни қайта кўриб чиқиш ҳамда қарорда кўрсатилганидай, концентрацияси 10 фоиздан ошмаган озиқ-овқат сирка кислотасига бўлган ягона талабларни ишлаб чиқишни топширган.

Концентрацияси 10 фоиздан кўп бўлган озиқ-овқат сирка кислотаси савдосининг олдини олишни ҳамда бу маҳсулотни сотувдан мусодара қилишни Давлат солиқ қўмитаси “Ўзстандарт” Агентлиги ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан ҳамкорликда қонунда белгилаб қўйилган тартибда амалга оширади.

Сирка савдосига оид янги талаблар билан савдо ва умумий овқатланиш муассасалари ҳамда аҳолига маълумот етказиш вазифаси вилоятлар ҳокимликларига топширилган.

Вазирлар Маҳкамасининг мазкур қарори Норма.узга кўра, “сирка кислотасини сотиш ва истеъмол қилишда хавфсизлик талабларини таъминлаш мақсадида” қабул қилинган.

Озодлик радиоси сирка кислотаси хусусиятлари тўғрисида айтиб беришни сўраб, тошкентлик кимёгар олимга мурожаат қилди.

Исмини айтмаслигимиз шарти билан саволларимизга жавоб берган олим айнан мана бундай деди:

- Қарор чиқишининг асосий сабаби шуки, айрим ёш оилалар озгина келишмовчилик ортидан сирка кислотасини ичиб, ичини химиявий куйдириш йўли билан ўзига ўзи қасд қилган ҳолатлар бўлаяпти. Қарор мана шундан келиб чиқди.

- Қарорга сабаб бўлган масала айнан шу эканлиги аниқми?

- Ҳа, аниқ, шундан келиб чиқди. Бошқа сабаби йўқ. Сирканинг соғлиққа, озиқ-овқат маҳсулотларини сақлашга фойдаси катта.


Олимнинг айтишича, шу пайтгача дўконларда концентрацияси 70 фоиз бўлган сирка (сирка эссенцияси) сотилган.

Вазирлар Маҳкамаси эса, концентрацияси 10 фоиздан ортган сирка сотишни тақиқлаб қўйди.

Саволларимизга жавоб берган кимёгар олимнинг гапларидан, унинг мазкур қарор қабул қилиниши тарихидан хабардор эканлиги маълум бўлди. Унинг айтишича, сирка сотишни чеклаш тўғрисидаги ташаббус жорий йил бошида, ўз жонига қасд қилганлар статистикаси таҳлил қилинганидан сўнг пайдо бўлган.

Олимнинг айтишича, бундан буён уксусдан ташқари узум сиркаси сотиш ҳам тақиқланади. “Чунки узум сиркада ҳам сирка кислотаси миқдори жуда юқори бўлади”, деди кимёгар олим.