Аҳолига газ етказишга масъул "Ўзтрансгаз" раҳбари ишдан олинди

Ҳар йили куз-қиш мавсумида кузатиладиган газ таъминотидаги узилишлар жорий йилда, айниқса, авж-олган.

“Ўзтрансгаз” давлат акциядорлик компанияси бош директори Тўлаган Жўраев ишдан олинди. Бу ҳақдаги хабарни давлатга қарашли ширкат вакили Озодликка тасдиқлади. “Ўзтрансгаз”ни 2010 йил ноябридан бошқариб келган Тўлагановнинг ишдан олиниши сабаблари расмийлар тарафидан изоҳланмаяпти. Лекин ҳукуматнинг бу қарори Ўзбекистоннинг аксар ҳудудларида аҳолига газ етказиб берилмаётган пайтга тўғри келмоқда.


“Ўзтрансгаз” давлат акциядорлик ширкати бош директори Тўлаган Жўраевнинг ҳукумат қарори билан ишдан олингани тўғрисидаги хабарни Озодлик манбалари тасдиқлади. Давлат ширкатидаги манбага кўра, бунга доир ҳукумат қарори ўтган ҳафта охирида қабул қилинган.

Шахси сир қолишини сўраган суҳбатдошимизга кўра, ҳозирда бош директор вазифасини вақтинча унинг биринчи ўринсбоари Баҳодир Эшмуродов бажариб туриши айтилган.

“Ўзтрансгаз” ширкатидаги Озодлик манбаси Тўлаган Жўраевнинг нима сабабдан ишдан олингани раҳбарият тарафидан изоҳланмаяпти.

“Ўзтрансгаз” Ўзбекистонда ички истеъмолчиларга табиий газ етказиб берилиши ва аҳолидан тўолвларни йиғишни ташкил қилиш учун масъул бўлган асосий ташкилотдир.

Давлат ширкатини роппа-роса икки йил бошқарган Жўраевнинг бош директор лавозимидан олиниши куз-қиш мавсумида, ҳар йилгидек, мамлакатнинг аксар ҳудудларида аҳолига газ етказиб беришда узилишлар авж олган пайтга тўғри келмоқда.

Ҳар йили куз-қиш мавсумида кузатиладиган газ таъминотидаги узилишлар, Ўзбекистон вилоятларидан шу кунларда келаётган хабарларга кўра, жорий йилда, айниқса, авж-олган.

Кузатувчилар қиш совуғида аҳолининг табиий газсиз қолиши ижтимоий беқарорлик омилига айланиши мумкинлигидан огоҳлантирмоқда.

Ўтган ҳафта Самарқанд шаҳрининг Сартепа мавзесида юзга яқин маҳаллий аҳоли уч кун давомида газ берилмаганига норозилик ўлароқ, мавзедан ўтадиган автомобил йўлини тўсиб қўйди.

Озодклик билан суҳбатлашган самарқандликлар Сартепа мавзесининг Хўжасоат маҳалалсига 2, 3 ва 4 ноябрь кунлари умуман газ бермаганини билдирган эди.

Расмий маълумотлрага кўра, Ўзбекистон йилига қарийб 60 миллиард куб метр газ қазиб олади. Унинг 40 миллиард куб метри ички истеъмолчига етказилиши айтилади.

Мутахассислар фикрича, бунча газ мамлакатнинг ички эҳтиёжини тўла қондириши мумкин. Лекин негадир кейинги бир неча йил давомида мамлакатнинг аксар минтақалари йилнинг совуқ мавсумларида газсиз қолади.

Жорий йил ёз ойларида эса, Ўзбекистоннинг чекка қишлоқларида яшовчи аҳоли газ қувурларидан бутунлай узиб қўйилди.

Тўлаган Жўраев “Ўзбекнефтгаз” Миллий холдинг компанияси таркибидаги “Ўзтрансгаз” ширкатини 2010 йилнинг ноябридан бери бошқариб келган.

Бу ширкат бошқарадиган мамлакат ичидаги магистрал газ қувурларининг умумий узунлиги шу кунда 14 минг километрни ташкил қилади.