Санкт-Петербургда ўзбекистонликнинг ўлдирилиши юзасидан тергов якунланди

Санкт-Петербургда 4 ноябрь Россия Миллий бирдамлик кунида Ўзбекистон фуқаросининг ўлдирилиши юзасидан жиноят иши якунланди.

Фергана.ру нашрининг хабар қилишича, тергов хулосаларида қотилликда етти нафар миллатчи, гумон қилинмоқда. Уларнинг беш нафари вояга етмаган ўсмирлар экани айтилмоқда.

Тергов хулосаларига кўра, 4 ноябрь куни 30 ёшли Андрей Косинков ва 18 ёшли Сергей Бондарь 15 ёшдан 17 ёшгача бўлган беш ўсмир билан биргаликда миллий бирдамлик кунига бағишланган намойишдан қайтаётган бўлган. Санкт-Петербургнинг Караваев кўчасида улар Ўзбекистон фуқаросини кўриб қолган ва унга ҳужум қилишган. 51 ёшли ўзбекистонлик олинган тан жароҳатларидан воқеа жойида ҳалок бўлган. Терговчилар унинг танасида пичоқ билан берлган 14та зарба изини топган, ҳужум бир нечта пичоқ билан қилинганини аниқлаган.

Ҳозирда гумонланувчиларга нисбатан эҳтиёт чорасини қўллаш масаласи кўриб чиқилаётгани айтилмоқда.

4 ноябрь куни Санкт-Петербургда яна икки муҳожир ўлдирилган эди.

Россияда кейинги пайтларда марказий-осиёлик меҳнат муҳожирларига нисбатан зўравонлик кўлами янада кучайган. Санкт-Петербург шаҳри ўзбекистонлик муҳожирлар энг кўп бўлган минтақалардан бири ҳисобланади.