Жиззах вилоятидаги Дўстлик дон маҳсулотлари очиқ акциядорлик жамиятининг ишчилари беш ойдан буён маошсиз ишламоқда. Бу ҳақда корхона ишчилари Озодликка хабар қилди. Корхона раҳбарияти маошлар беш ой эмас, бир ойдан бери берилмаётганини эътироф этди.
Озодлик радиосининг электрон почтасига Жиззах дон маҳсулотлари комбинати ишчиларидан қуйидаги мазмунда мактуб келиб тушди:
“Биз, бир гуруҳ ишчилар номидан ёзяпмиз. Комбинатнинг омихта ем ишлаб чиқариш цехида ишлаймиз. Охирги ойликни май ойида олгандик. Ўшандан буён ойликдан дарак йўқ. Раҳбарият эса саволаримизга жавоб бермаяпти, ёқмаса аризангни ёз деяпти”, дейилади мактубда.
Озодлик бу мактубдаги иддаоларни текшириш учун аввал корхона ишчилари билан боғланди.
Овози ёзиб олинмаслик шарти билан гапирган корхона ишчиларидан бири омихта ем ишлаб чиқариш цехи ишчилари ҳақиқатан ҳам беш ойдан буён маош ололмаганини тасдиқлади:
- Июнь ойидан бери ишга бориб келяпмизу ойлик йўқ. Ишчилар ойлик сўраб борса урушиб ҳайдаб юборишади. Ўзи ҳозир сокрашение кетяпти. Сал ҳаққини талаб қилган одамни ишдан бўшатиб юборишяпти. Шунга одамлар тишини-тишига қўйиб, сабр қилиб ишлаб турибди. Ҳа энди, давлат корхонасику бир кун ҳаммасини йиғиб берар деб одамлар ўзларини юпатишяпти, деди корхона ишчиси.
Исми сир қолишини сўраган корхона мутахассисларидан бирининг микрофонсиз суҳбатда айтишича, корхона модернизация қилинаётгани сабабли маошлар кечикяпти:
- Ун ишлаб чиқариш цехи янгиланяпти. Май ойидан буён у ерда янги тегирмон ўрнатиляпти. Менимча ҳамма пул ўшанга сарфланяпти, деди мутахассис.
Ўзини Дўстлик дон маҳсулотлари ОАЖ директори ёрдамчиси Жасур деб таништирган мулозим Озодлик билан суҳбатда ишчилар маоши кечиктирилаётганини қисман тасдиқлади:
- Беш ойдан буён маош олишмаётгани ҳақидаги хабар нотўғри. Бир ойлик қарзимиз бор, лекин буни ҳам яқин кунлар ичида узамиз, ҳаммаси жойида, деб суҳбатни қисқа қилди директор ёрдамчиси.
Сўнгги пайтларда Ўзбекистонда корхона ва ташкилотларнинг ишчиларга иш ҳақларининг бир неча ойлаб кечиктириб берилиши кўп кузатилади.
Ноябрь ойининг бошида Хива шаҳар газ таъминоти идорасининг ишчилари уч ойдан буён маошсиз қолишаётгани ҳақида шикоят қилган эди.
30 октябрь куни Озодликка мактуб йўллаган бир гуруҳ андижонликлар ҳокимият тазйиғи билан ҳамон пахтага чиқарилаëтган ўқитувчиларнинг бир неча ойдан бери маошсиз қолганини маълум қилган эди.