“Билайн” фаолиятида жиддий қонунбузарлик топилмади

“Билайн” уяли телефон операторининг Тошкентдаги бош офисида текширув ўтказган солиқ ходимлари комплекс текширувлар давомида жиддий қонунбузарлик тополмагани маълум қилинди. Ширкат вакиллари “Билайн”нинг ёпилиши ҳақидаги гап-сўзларни инкор қилмоқда.


Ўзбекистонда "Билайн" бренди остида фаолият юритаётган Ҳолландиянинг "ВимпелКом" ширкати вакили Галина Курганованинг Озодликка айтишича, Тошкентдаги бош идорада текширув ўтказган солиқ ходимлари жиддий қонунбузарликларни топмаган.

- Текширувлар ниҳоясига етди. Шу текширув натижаси бўйича тузилган акт бизга топширилди. У ерда бир қатор методологик эътирозлар билдирилган, холос. Ташвишланадиган ҳеч нарса йўқ. Текширув давомида Ўзбекистон солиқ қонунчилиги бузилгани ҳолатлари аниқланмаган, - деди Курганова.

“Билайн” офисидаги режадан ташқари текширувларга мобил операторининг фаолиятидан қониқмаган мижозларнинг шикояти сабаб бўлгани айтилган эди.

Лекин, текширув сабаблари ҳақда “Билайн” ширкати вакиллари ҳам солиқ ходимлари ҳам расман билдириш қилмаганлар.

Ўзбекистонда етакчи уяли алоқа оператори саналган “Ўздунробита”да ҳам дастлаб текшир-текширлар бошланиб, охири компания тўла ёпилган эди.

"ВимпелКом" ширкати вакили Галина Курганова Ўзбекистонда “Билайн” ҳам ёпилиши мумкинлиги ҳақидаги хавотирлар ўринсизлигини таъкидламоқда.

- "Билайн" ёпилмайди. Аксинча ширкат қамрови Ўзбекистонда кенгаймоқда. Ўтган ҳафта мамлакатда янги станцияларини ишга тушириш учун рухсат олдик. Бу бизга йил охиригача 900дан зиёд янги станцияни ишга тушириш ва тармоқда мижозлар кўпайиб кетгани билан боғлиқ муаммоларни ҳал этиш имконини беради, - дейди Курганова.

Ўзбекистонда "Ўздунробита" ёпилиши ортидан унинг мижозлари кейинчалик бошқа компанияларга, жумладан "Билайн"га ўтиб кетди. Бу мобил операторлар эса шунча мижозга хизмат кўрсатишга тайёр эмаслиги боис, алоқа сифати Ўзбекистонда бирдан пасайиб кетди.

- Умид қиламизки, янги станцияларнинг ишга туширилиши мижозлар кўпайгани билан боғлиқ "нагрузка"ни камайтиради ва алоқа сифатини яхшилайди, - деди Курганова.

"Билайн" бренди остида фаолият юритаётган уяли алоқа оператори ҳозир Ўзбекистонда 10 миллиондан ортиқ абонентга эга.