Гулнора Каримова Туркиянинг “Ҳуррият” газетасига интервью берди

"Ҳуррият" газетасининг туркча саҳифасида мақолага “Ҳаëтим Муҳташам юз йил каби” деган сарлавҳа берилган.

Ўзбекистон президентининг тўнғич қизи Гулнора Каримова кейинги тўрт ойдаги кечмишлари ҳақида Туркиянинг "Ҳуррият" газетаси мухбири Асли Боришга батафсил интервю берди. Интервюда Гулнора Каримова ўғли Ислом Каримовнинг заҳарлангани борасида маълумотлар мавжуд.



“Ҳаëтим Муҳташам юз йил каби”, дея сарлавҳаланган интервью 8 декабр куни “Ҳуррият” газетасининг инглизча ва туркча саҳифаларида чоп қилинди.

Инглизча саҳифада “Ўзбекистоннинг биринчи қизи сўнгги пайтдаги иддаоларга жавоб қайтарди”, дея сарлавҳаланди.

Киборлар дунëси ҳақидаги мақолалари билан танилган туркиялик журналист Асли Бориш мақола бошида интервьюга қандай изн олгани ҳақида ҳам ëзди:

Кейинги тўрт ой ичида сенсацияли хабарлар марказида қолган Гулнора Каримова биз билан суҳбат қуриш учун фақат бир шарт қўйди.

“Фақат отамни зада қилмайдиган тарздаги интервью бўлсагина¸ сизлар билан гаплаша оламан.” Бу шартни қабул қилганимиздан кейин¸ худди Жеймс Бонд фильмларидаги каби махфий ва шифрланган имейл манзилидан менга мактуб келди.

Мактубда “Интервью бераман¸ фақат нима гапирсам айнан шуни ëзинглар... Аммо интервьюни тезда¸ зудлик билан эълон қилишларингиз шарт¸ чунки бир оздан сўнг нима бўлишини биз ҳам билмаймиз”, деган сўзлар бор эди.

Турк журналисти Асли Боришнинг ўзаро ëзишма тарзидаги интервюсидаги илк савол Гулнора Каримовага оид медиа салтанатининг қулаши сабаблари ҳақида бўлди.

Бу саволга жавоб берган Гулнора Каримова ўзини бу медиа салтанатининг ягона соҳиби дея ҳисобламаслигини таъкидлаган ҳолда¸ баъзи тафсилотларни очиқлади.

"Сўнгги уч ҳафтада хусусий каналлар¸ радиолар ва жамоатчилик ташкилотлари тазйиқ остида қолди. Баъзилари ëпилди. Баъзиларини эса, расмий бўлмаган тазйиқлар билан фалаж қилишди. Ҳар кун бир муаммо чиқди. Ҳатто мен ҳам кимни бошига қандай бало келганини била олмай қолдим. Ëш журналистлар ва фаоллар МХХ тарафидан терговга чақирилди. Уларнинг оилалари назорат остига олинди. 70та теле ва радиоканаллар ходимлари солиқ идораси ва бошқа мулозимлар тарафидан тазйиққа олинди ва уларнинг босқинига дучор бўлди"¸ деб жавоб беради Ўзбекистон президентининг тўнғич қизи Гулнора Каримова Туркиянинг “Ҳуррият” газетасига берган интервюсида.

Суҳбат давомида Гулнора Каримова ўзининг Фонд Форум лойиҳаларидаги фаоллари МХХ тарафидан қаттиқ тазйиқ қилинаëтганини таъкидлайди:

"Менга яқин бўлган жамғармаларнинг банклардаги ҳисоби музлатилди. Фаолларни қийнаб¸ сувсиз овқатсиз қўйиб “иқрорномалар”ни имзолашга мажбурлашди. Уларнинг паспортлари олиб қўйилиб оилалари шантаж қилинди. Мендан эса, олти ой мобайнида сассиз жим қолишим талаб қилинди. Улар мени жамоат орасида кўришни истамасликларини айтишди. Аммо мени жим бўлиш ўрнига овозимни юксак қилганим уларни шокка солди"¸ дейди Гулнора Каримова интервью мобайнида.

Туркиянинг "Ҳуррият" газетаси мухбири Асли Бориш хоним Гулнора Каримовага қарата "Бу кўргуликлар нима сабабдан сизнинг бошингизга тушди?" деб савол беради.

Бу саволга жавоб берган Гулнора Каримова онаси ва синглисининг макри боис муаммоларга дуч келганини интервьюда айтади:

"Ҳаммаси синглим Лоланинг (Лола Тиллаева) Би-Би-Сига берган суҳбатидан кейин бошланди. У (Лола Тиллаева-таҳр.) Би-Би-Сига суҳбат беришга мажбур бўлди. Чунки унинг оиласининг ҳисоб рақамлари музлатилиш хавфи остида қолган эди. Боиси Швейцариянинг Bohl, Notenstein Privatbank AG (St.Gallen 17) банкидаги ҳисоб рақамларидан бири [жанжал мавзусига айланди] ва матбуотда бу ҳақда хабар қилинди. Бу банк Гренада оролларидаги бошқа бир банкка 400 миллион доллар пулни трансфер қилиш пайтида зарур маълумотнинг етишмагани боис пул ўтказишни тўхтатиб қўйди. Отам бундан бехабар. Унга Би-Би-Сида пайдо бўлган интервью ва ундаги жавоблар юридик жиҳатдан унинг номига путур етказгани ҳақида айтганимда қаттиқ ранжиди. Лекин онам билан синглим (Татяна Акбарова ва Лола Тиллаева-таҳр.) бу интевью ҳақида изоҳ бериб, буни вазиятдан келиб чиққан ҳолда "мутлақо керакли" бўлгани ва бутун дунёга унинг (Лола каримованинг-таҳр.) "обрўсига" путур етказадиган ва "Zamondosh" интерент сайтида пайдо бўлган, мен ҳақимда экани иддао қилинган жирканч ва тасаввур қилиб бўлмайдиган даражадаги паст мақолаларга алоқаси йўқлигини тушунтириш эҳтиёжи бўлганини айтишди.

(Гулнора Каримова интервью давомида ўзига қарши МХХ гуруҳидагиларнинг исми шарифларини очиқлайди. Полковник Юрий Николаевич Савинков ва унинг ўғли Игорь Савинков¸ Ҳаëт ва Жавдат Шарифҳжўаевлар ва уларнинг ҳамкори Равшан Жўраев Гулнорага қарши қоралаш маъракаси ташкилотчилари сифатида кўрилади. Гулнорага кўра¸ "Zamondosh" МХХ полковники Юрий Савинков тарафидан тузилган.Интервьюда Гулнора Каримова бу қоралаш маъракаси ўз синглисининг учинчи эри Темур Тиллаев тарафидан молиялангани айтади ва Тиллаевнинг Абу-Саҳий бизнес тизими орқали ойига 20 миллион доллар пулни солиқдан яширганини писанда қилади.)

... Жияним Акбар Абдуллаев қамоққа олинганидан кейин онам менга қарши кураш бошлади. Мана бир ойдирки онам ўзининг отамга кучли таъсиридан фойдаланиб, мени отам билан учраштирмаяпти. Шу боис мен отам билан боғлана олмаяпман. Бу ишлар назоратдан чиққани сайин мен санаган инсонлар ўйинларини янада яхшироқ ўйнай бошлашди ва оиламиз ҳақида янада ëмонроқ тасаввур тарқата бошлашди¸ дейди Гулнора Каримова Туркиянинг “Ҳуррият” газетасига берган интервьюсида.

Суҳбат давомида Гулнора Каримова келгуси сайловларда Ўзбекистон президентлигига номзодини қўймаслигини ҳам аниқ билдирган:

"Асло президент бўлиш каби бир истагим борлигини айтмаганман ва бу борадаги иддаоларни тасдиқламайман. Фақат бир истагим оиламни ҳимоя қилиш ва қўллаб-қувватлаш”, деб таъкидланади Гулнора Каримованинг "Ҳуррият" газетасига берган жавобларида.

Суҳбатнинг ич сарлавҳаларидан бири "Мендан айбсиз айбдор "гуноҳ эчкиси” ясашди", деган калимадан иборат.

"Ҳуррият" газетаси мухбири Гулнора Каримовадан “Сизни заҳарлашди, деган маълумотни изоҳлайсизми”, деган саволни сўради:

"2011 йилда соғлиғим жуда ëмонлашди. Жуда кўп текширувлар ўтказишиб, қандай ташҳис қўйишни билишмади. Охирида қонимдан симоб ва руҳ топишди. Ўғлим ва мен заҳарланганмиз. Бу юзадан ҳар 6 ойда бир марта жиддий даволанишга мажбур бўляпмиз. Ҳозир ҳам аҳволим яхшиланмади. Бу гапларга ишонишингиз учун мен тиббий маълумотларни ҳам сизга жўнатдим. Мени ким заҳарлагани ҳақида баъзи фикрларим бор¸ аммо бунинг орқасида ким турганига аниқ амин эмасман", дейди Гулнора Каримова “Ҳуррият” газетасига берган жавобларида.

Туркияда катта нуфузга эга “Ҳуррият” газетаси сўнгги 4 ой мобайнида Гулнора Каримова ҳақида бир неча мақолаларни эълон қилган эди.