"Бухоротумангаз" қарздорга чиқарилган аҳоли арзидан қочди

Озодликка Бухоро туманидаги Арабхона қишлоғида табиий газ трубаларидан узилган хонадонлар ҳам қарздорга чиқарилаётганидан шикоят тушди. "Бухоротумангаз" идораси раҳбари шикоят бўйича боғланган Озодлик мухбири саволларига жавоб беришдан бош тортди. Аммо, туман прокуратураси қишлоқ аҳли аризасини қабул қилишга тайёрлигини билдирди.


Бухоро вилояти, Бухоро туманининг Арабхона қишлоғи аҳолиси номидан бир тингловчи Озодликка мурожаат қилди.

Унинг айтишича, Бухоро туманида газ етказиб бераётган трубалардан узилган хонадонлар ҳам газдан қарздорга чиқарилмоқда.

Исмини сир сақлашимизни сўраган тингловчининг айтишича, газдан узилиш учун тумандаги газ таъминотига масъул идорадан қарзи йўқлиги ҳақида расмий маълумотнома топширилади.

Шунга қарамай, ўзи ва қўшнилари зиммасига ёзилган 1 миллиондан 3 миллион сўмгача миқдордаги қарздан қутулолмай сарсон бўлаётган тингловчи Озодликка шундай деди:

- Газдан кесдириш учун қарзи йўқ, деган справкани топширасиз. Шуни топшириб, уздирганимиздан кейин яна бизга қарз келаяпти – 2 ярим миллион қарзингиз бор, деган. Бу қарз қаердан пайдо бўлди? – дея савол билан юзланди тингловчи.

Унинг айтишича, бунақа оилалар Арабхона қишлоғида ўнлаб ва шундай хонадонларнинг кексалари 16 декабрь куни Бухоро туманини газ билан таъминлашга масъул “Бухоротумангаз” идорасига борган.

- Боришса, газдагилар: “Газсиз ҳаётга яшашга кўникинг! Тасаввур қилинг, газ вообшем йўқ, бўлмайди!” деб устидан кулиб, чиқариб юборишибди. Боягина кўчада кўрдим, тарвузи қўлтиғидан тушиб келишяпти бечора қариялар, - деди Озодлик тингловчиси.

Озодлик бу мурожаат ортидан Бухоро туманидаги мутсадди идорага боғланди.

“Бухоротумангаз” идораси раҳбари Муқим Ҳамроевга арабхоналиклар берган телефон рақами орқали боғланган Озодлик мухбири амалдордан саволларига жавоб ололмади.

Ўзининг “Бухоротумангаз” идораси раҳбари Муқим Ҳамроев эканини тасдиқлаган мутасадди мухбир саволини тинглади.

“Муқим ака, бугун газдан сохта қарздорлик бўйнига илинганидан арз қилиб, бир гуруҳ арабхоналик фахрий идорангизга борса: “Газсиз яшашга кўникинглар, тасаввур қилингки, газ умуман бўлмайди, тамом” деган жавоб билан уларни чиқариб юборибсиз, шу тўғрими?” дейилган саволга: “Ҳммм” деб садо берган амалдор, кутилганидек, алоқани узди.

Муқим Ҳамроевга қайта боғланишнинг имкони бўлмади.

Сўнгра Озодлик мухбири таҳририятга боғланган тингловчилардан бирнинг номидан – мижоз тариқасида “Бухоротумангаз” идорасига яна боғланди.

Идоранинг телефонини кўтарган ходима “мижоз”нинг саволларига хушмуомалалик билан жавоб берди.

“Мижоз”: Опа хонадонимни газ трубасидан уздириб ташламоқчиман. Қарздорлик жонга тегди. Нима қилишим керак?

“Бухоротумангаз” ходими: Бизга келасиз, ариза ёзасиз. Кейин қарзи йўқ, деган маълумотномани оласиз. Кейин кесишга одам юборамиз, кесиб қўлингизнга акт қилиб беради, шу.

“Мижоз”: Энди қаранг опа, шу ишни биз октябрь ойида қилган эдик. Қарзи йўқ, деган маълумотномани берган эдик, газдан узилган эдик. Лекин ҳозир яна қарз келаяпти – 2 миллиондан ошиқ қарз?

“Бухоротумангаз” ходими: Ҳай, унда идорага келинг, бир келингчи унда.

“Мижоз”: Шу бугун бир оқсоқолни жўнатган эдик. Лекин у кишига имкони борича тезда қарзни тўланг, бошқа йўли йўқ, деган жавоб берибсизларку?!

“Бухоротумангаз” ходими: Ҳай, нечта одам келиб кетади, билмайман мен бундай телефон билан ҳал қилишни. Келинг идорага, ҳозир келинг документларингиз билан. Қани кўрамиз, келинг, - деди “Бухоротумангаз” идорасининг ўзини таништирмаган ходими.

“Мижоз” тариқасида Озодлик мухбирининг туман газ идорасидан олган бу жавоби арабхоналикларни қониқтирмади. Зеро, улар бу идоранинг эшигини кўп бора қоққан.

Шундан сўнг Озодлик Бухоро тумани прокуратурасига ҳам боғланди.

Дарвоқе, Озодлик мухбирига боғланган арабхоналиклардан бири икки ҳафтача муқаддам Бухоро тумани прокуратураси биносида свет ва газ масаласи бўйича аҳолидан шикоятлар қабул қилинмаслиги, арзи борлар тумандаги электр токи ва газ таъминотига масъул идорага бориши кераклиги ҳақида эълон пайдо бўлганини ҳам айтган эди.

- Бу эълон шу ноябрь ойининг охирида икки ҳафтача турган. Худди ўша пайтда булар худди казармадагидай қилиб, одамлардан свет-газ учун тинмай пул йиғди. Масалан, биз ҳали ишхонамизда ноябрь ойлигини олмадик. Кейин бу эълон бирдан яна йўқ бўлди, - деди тингловчи.

Бухоро тумани прокуратураси ходими бу маълумотни тасдиқламади ва свет-газ бўйича тумандаги таъминотга масъул идоралар устидан арзи бор фуқаролар исталган вақтда юзланиши мумкинлигини айтди.

- Аризани қабул қилиб оламиз ва у қонунда белгиланган муддатда, албатта кўриб чиқилади. Арабхонаданми шикоят, мана келсин бизга кўриб чиқамиз, - деди Бухоро тумани прокуратураси ходими.

Ўзбекистон қонунчилигида белгиланган тартибга мувофиқ, 16 декабрь куни туман газ идорасидан арзи қабул қилинмай, чиқариб юборилган фуқаролар туман прокуратурасига ариза киритиши мумкин.

Ариза расман қабул қилинганидан кейин 10 иш куни – икки ҳафта ичида бу идорадан аризага нисбатан кўрилаётган чора ҳақида расмий маълумот берилиши лозим.

Арабхоналиклар Ўзбекистон қонунлари асосида белгиланган бу ҳаққидан фойдалансалар ва Муқим Ҳамроев етакчилигидаги “Бухоротумангаз” идораси ҳатти-ҳаракатларидан арз қилсалар, бунинг натижасидан албатта сизни хабардор қиламиз.

Қуйида эса ўзи ва қўшнилари зиммасига ёзилган 1 миллиондан 3 миллион сўмгача илинган қарздан қутулолмай сарсон бўлаётган тингловчи билан суҳбатни тўлиқ тинглашингиз мумкин:

Бухоролик тингловчи билан суҳбат


Озодликка боғланинг!

Марҳамат, агар сиз яшаб турган маҳалла, қишлоқ, туман, шаҳарда ҳам газ ва электр токи таъминотида узилишлар бўлаётган бўлса, бизга боғланинг!

Илтимос, газ ёки электр токи узилиши қачон ва қанча муддатга, конкрет қайси манзилда содир бўлаётганини аниқ билдиринг!

Имкони бўлса, сиз яшаб турган манзил бўйича энергетик таъминотга мутасадди ташкилотларга ҳам Ўзбекистон қонунчилигида белгиланган тартибда мурожаат қилиб, уларнинг жавобларини ҳам бизга йўллашга ҳаракат қилинг!

Озодлик бу йилги қиш мавсумида ушбу муаммо кўламини сиз билан бирга аниқлаш ва йилдан-йилга ўзбекистонликларнинг ҳаётини тим қоронғу зимистонга айлантираётган энергетик тақчилликдан чиқиш йўлини сиз билан бирга излашга уринади!

Озодликка боғланиш имконлари:

тел: +420 221 123 437
факс: +420 2 2112 6604
email: uzbekweb@rferl.org, ozodlikmail@gmail.com
twitter:
Skype: issakovab
WhatsApp: +420 608 549 460