Олабуқада 53 ёшли ногирон калтаклаб ўлдирилди

Қирғизистоннинг Олабуқа туманидаги касалхонада даволанаётган ўзбек миллатига мансуб 53 ёшли Комилжон Жумабоев калтаклаб ўлдирилган. Марҳумнинг яқинлари туман милицияси миллатчилик туйғуларидан келиб чиқиб, қотиллардан фақат биттасини қўлга олганидан шикоят қилмоқда ва мазкур муаммога жамоатчилик эътиборини қаратмоқчи бўлаётир.

"Акамни 3 киши ўлдирган, бироқ фақат бир одам қўлга олинган"


Комилжон Жумабоев Олабуқа туманидаги Қўрғончи қишлоғида яшаган. Унинг укаси Адаҳам Жумабоевнинг айтишича, жорий йилнинг 28 ноябрида Олабуқа туман касалхонасида даволанаётган Комилжон Жумабоев қирғиз миллатига мансуб маст одамлар томонидан калтакланган ҳамда касалхонанинг реанимация бўлимида ҳаёт билан видолашган.

Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди

Олабуқада 53 ёшли ногирон калтаклаб ўлдирилди



-Акам учётда турар эди, иккинчи гуруҳ ногирони сифатида. Бошининг ярми пластмасса-да, суяги йўқ. Оғриб қолганида касалхонага бориб даволаниб келар эди. Акам 26 ноябрда касалхонага ётган. 28 ноябрда кеч соат 5 билан 6 нинг орасида мана шу иш бўлган. Акам терапия бўлимидан ташқарига чиқиб, беседкага сигарет чеккани чиққан. Уни ўша ерда маст бўлиб ўтирган болалар урган.Фақат бошига уришган, акам танасининг бошқа ерларида жароҳат йўқ. Фақат бошига уриб эзиб ташлаган, ўша пластмассаларини синидириб ташлашган. Шундан сўнг уни реанимацияга олиб кетишган. Эрталаб бизга хабар беришди, касалхонага борсак акам узилган экан, -деди Адаҳам Жумабоев.

Мазкур воқеа юзасидан туман касалхонаси раҳбарияти изоҳ бергани йўқ. Шу сабабли ҳам касалхонага маст одамлар қаердан келиб қолгани тўғрисидаги савол очиқлигича қолмоқда.

Адаҳам Жумабоевнинг айтишича, воқеа бўлган куни туман милицияси тезкор қидирув ишларини олиб бориб, 23 ёшдаги бир одамни қўлга олган. Адаҳам Жумабоев акасини бир эмас, бир нечта бола калтаклаганини, қолган қотиллар озодликда юрганидан норози эканини айтиб берди:

-Акамни калтаклаётган пайтда одамлар келиб, тўпалон бўлиб кетган. Шунда милиция акамни ўлдирганлардан биттасини қўлга олган. Кейин милицияга бордик. Воқеанинг аслида қандай бўлгани энди-энди билинаяпти-да, одамлар қўрқиб - қўрқиб айтган гапларни эшитиб қолаяпмиз, чунки бу ерда миллатчилик бўлаяпти-да! Қотилнинг яна иккита шериги бор экан. Улар пулдор бойваччаларнинг болалари экан, озодликда юришибди. Айбни эса фақат битта одамга ағдаришаяпти. Групповой бўлса қамоқ муддатиям узоқ бўладику. Бу масалада мелисага, прокуратурага ариза ёздик. Прокуратурага кирсам, қамоқда ўтирган болани ҳам “бу воқеа жойида бўлмаган, қотиллик содир этилганда бу бола уйида бўлган” деган оқлов билан қамоқдан чиқариб юборишмоқчи бўлишаяпти, ҳозир, -деди Адаҳам Жумабоев.

Милиция раҳбари: "Нима, қотилни қариндошлариниям қамайликми?"


Олабуқа туман милицияси раҳбари Асилбек Бичиев марҳумининг қариндошлари билдираётган иддаоларни рад этди. Милиция раҳбарининг айтишича, қотилликни фақат бир одам содир этган, Комилжон Жумабоевни кўпчилик ўлдиргани тўғрисидаги маълумотлар асосиздир.

-Жиноят иши очилиб, гумонланувчи ҳозир ҳибсда ўтирибди. Бир киши ўлдирганидан кейин бир одамни қўлга оламиз-да. Буни тасдиқлайдиган гувоҳлар бор, кўрган одамлар бор. Нима, энди гумонланувчининг қариндошларини ҳам қамаб қўяйликми олиб келиб, -деб жавоб берди Асилбек Бичиев.

Олабуқада миш-миш кўп


Маҳаллий аҳоли вакиллари эса Комилжон Жумабоев қотиллик қурбони бўлганидан сўнг туманда миллатлараро вазият мураккаблашиб кетиши ҳақида турли ваҳимали гаплар тарқалганини, милиция томонидан бу каби жиноятлар ҳолис ва бетараф тергов қилинмаётгани оқибатида вазият янада оғирлашаётганини айтмоқдалар.

Вазиятнинг қалтислашиб кетиши олдини олиш мақсадида туманда ташкил қилинган “Иноқлик жарчилари” гуруҳи аҳоли орасида тушунтириш ишларини олиб бормоқда.

-Аҳоли билан учрашувларимизда бу масалага миллий тус бермасликни илтимос қилаяпмиз. Қотиллар қонун олдида сўзсиз жавоб беришини айтаяпмиз. Учрашувларимизда кўпчилик мактаб битирувчилари ва мактабни битириб, 2-3 йил ишсиз юриб қолган йигитлар ўртасида бундай тўқнашувлар кўп содир этилаётганидан шикоят қилмоқда. Шунинг учун тушунтириш ишларини мактабларда ҳам ўтказмоқчимиз, -деди гуруҳ раҳбари Қурманбек Ахмедов.

Олабуқа туманида асосан ўзбеклар ва қирғизлар истиқомат қилади. Мазкур ҳудуд республикада миллатлараро низолар таҳдиди сақланиб қолаётган 149 нуқтадан бири ҳисобланади. Аммо маҳаллий ҳокимият мазкур ҳудудда юз бераётган миллатчилик кўринишларини ҳаспўшлашга уриниб, бу ҳолатларни маиший ҳаётда юз берадиган оддий келишмовчилик сифатида талқин этишга уриниб келмоқда.