Жиззахда уйи бузилган фуқароларнинг давомли норозиликлари ортидан шаҳар ҳокимияти уйлари бузилган ҳар бир оилага ваъда қилинган товон пули шу йилнинг охиригача тўланишини ваъда қилди.
Шу йилнинг март-апрел ойларида Жиззахнинг Шароф Рашидов ва Алишер Навоий кўчаларида шаҳар марказини реконструкция қилиш доирасида ўнлаб аҳоли уйлари бузилган.
Бунинг оқибатида юзга яқин оила уйсиз қолган, лекин уларга ваъда қилинган товон пули берилмади.
Қишнинг совуқ кунларида сабр косаси тўлган жиззахликлар бир неча кундан буён шаҳар ҳокимияти биноси олдида тўпланиб, бузилган уйлари эвазига муносиб товон пули тўланишини талаб қила бошлади.
Уйлари бузилган ўнлаб одам сўнгги ҳафталарда, деярли ҳар куни Жиззах шаҳри ҳокимияти биноси олдига келавергач, расмийлар уларга товон пули йилнинг охиригача тўлиқ берилишини ваъда қилди.
Жиззах шаҳар ҳокимияти ахборот хизмати вакили Исфандиёр Эшонқулов, Озодлик билан суҳбатда, уйи бузилган оилаларга товон пулининг бир қисми берилгани, қолгани йил охиригача тўлаб бўлинишини айтди.
- Компенсация тўловларининг 70-80 фоизи амалга оширилган. Йил охиригача ҳаммаси тўлаб бўлинади,- деди Эшонқулов.
Бундан аввал, 14 декабр куни норозилар олдига чиққан Жиззах шаҳри ҳокими Асрор Қобилов товон пуллари келаси йилнинг март ойигача тўлаб бўлинишини айтган эди.
Уйи бузилган жиззахликларнинг давомли босимлари ортидан ҳокимият товон пулини йил охиригача беришни ваъда қилди.
- Озгина сабр қилишса, йил охиригача олишади,- деди ҳокимият расмийси Эшонқулов.
Жиззах шаҳри марказида эски уйлар бузилиши оқибатида ҳозир жами 96та оила уйсиз қолган.
Ҳокимият шу оилаларнинг ҳар бирига шаҳар чеккасидаги Кўтарма маҳалласидан ер участкаси ажратган, бундан ташқари уй қуриш учун компенсация пули ҳам беришни ваъда қилган эди.
Лекин, уйсиз қолган жиззахликларнинг айтишларича, уларга яп-яланғоч ер майдонлари ажратилган, шу пайтгача ваъда қилинган товон пулининг ярмини олганлар.
Жиззах ҳокимияти биноси олдига тўпланганлардан бири Исроилжоннинг Озодлик радиосига айтишича, ҳокимият расмийлари ер участкасига коммуникация қувурларини ётқизиш уларга берилиши керак бўлган товон пули ҳисобидан амалга оширилаётганини айтишган.
– Бизга ажратилган ер участкасига элетр, сув, газ трубалари ўтмаган. Ҳозир ўзимизнинг ҳисобимиздан у ерга коммуникация трубаларини ўтказишяпти экан. Бунинг оқибатида компенсация пули камайиб қоляпти. Бу уй қуриш учун етмайди,- дейди уйи йиқилган жиззахлик Исроилжон.
Олдинига ҳокимият ер майдонидан ташқари уйи йиқилган ҳар бир оилага 80 миллион сўм товон пули ажратишини ваъда қилган эди.
Лекин ҳокимият ер майдонига коммуникация қувурларини ўтказишни ана шу компенсация пули ҳисобидан ўтказилишини билдирган. Шу боис оилаларга ваъда қилинган компенсация пулининг ярми кесиб қолиняпти.
Ҳозирга қадар ҳокимият уйи бузилган ҳар бир жиззахлик оилага 40 миллион сўм атрофида товон пулини ўтказган. Йил охиригача ҳар бир оила ўрта ҳисобда 10-15 миллион сўм ажратилишини кутмоқда.
Ҳокимият ер майдонларига электр ва газ қувурларини ўтказишни йил охиригача тугаллашни ваъда қилмоқда.