Ўзбекистонда янги йил "корпоратив"лари тақиқланди

Бу йил Ўзбекистонда давлат корхоналари ходимлари янги йил муносабати билан бюджет маблағи эвазига ўтказиб келинадиган "корпоратив байрам кеча”ларидан бенасиб қолаяпти.

Ўзбекистонда кўпгина идоралар бу йил пулни тежаш мақсадида серҳаражат янги йил "корпортив"ларини ўтказмасликка қарор қилган.

2014 йилни ҳамкасблари билан нишонлашни жуда хоҳлаганлар буни ўз ҳисобидан ташкиллаштиришлари мумкин.

Лекин, айрим ширкатлар ўз ходимларига янги йилни ўзлари ҳисобидан ўтказишларига ҳам рухсат бермаяпти.

“Ўзбектелеком” ширкати ходимларидан бирининг Озодликка айтишича,ширкат раҳбарияти корпоратив базмлар ўтказмаслик ҳақида тепадан келган буйруқни ходимларига пеш қилмоқда.

- Мен “Ўзбектелеком” филиалларидан бирида беш йилдан буён ишлайман. Ҳар йили янги йилни ходимлар ўртасида катта қилиб нишонлаб келаётган эдик. Ҳаражатларни 50 фоизини ходимларнинг ўзи, қолганини касаба уюшмалар тўлар эди. Бу йил байрам учун ўзимиз пул йиғдик, рўйхат туздик, энди бўлса байрам қилишимизни тақиқловчи юқоридан буйруқ келган эмиш. Наҳотки йилда бир марта коллектив билан йиғилиб, байрам қилишга ҳаққимиз бўлмаса. Вазирликларни топиб олган гапи шу, янги йил бизнинг байрам эмас эмиш. Қачондан бери бунақа бўлиб қолди?, -дейди “Ўзбектелеком”нинг исмини айтмаган ходими.

Шу пайтгача Ўзбекистондаги давлат ва нодавлат муассасаларида серҳашам корпоратив янги йил базмларини ўтказиш одатга айланган, бунинг учун корхоналар пул ажратар эди.

Бу йил эса "корпоратив"лар учун пул ҳам ажратилмаяпти, ходимларнинг ўзлари ҳисобидан ўтказишларига ҳам рухсат берилмаяпти.

- Бу йил бизда корпортив ўтказилмайдиган бўлди. Тепадан шунақа кўрсатма берилди. Бу йил пул ҳам йўқ, зиёфат ҳам йўқ - дейди Тошкентдаги “Alscom” суғурта ширкатининг исми сир қолишини истаган ходими.

Тақиққа қарамай корпоративлар бўляпти

Айни пайтда тақиққа қарамай, Тошкентдаги айрим ширкат ходимлари ўзлари йиғилиб "корпоратив"лар ўтказмоқда.

- Биз “12-Стулев” ресторанидан 30 кишига жой белгиладик. Киши бошига 150 минг сўмдан тўғри келяпти. Ўзимиз тўлаймиз. Тақиқ билан ишимиз йўқ. Байрам қилиш, қилмаслик бу бизнинг хоҳишимиз, ҳеч бизга буни тақиқлай олмайди, - дейди Тошкентдаги Асака банки ходими Фарҳод.

Тошкентдаги кўпчилик ҳашаматли ресторанларда 30 декабрга жой қолмаган. Кўпчилигида "корпоратив" учун жойлар аллақачон банд қилиб қўйилган.

- Бизда 30 декабрга жой йўқ. Корпортив. Қорбобо, қорқиз, шоу-дастур ҳаммаси бўлади, - дейди Тошкентдаги Караван ресторани ходимаси.

Пойтахтдаги айрим давлат корхоналари ҳам янги йил кечаси ўтказилишига изн бериб, тадбир шу корхона ходимлари ҳисобидан бўлишини таъкидлаган.

Арча, арча жон арча

Мактаб ўқувчилари ва боғча тарбияланувчилари бу йил ҳам энг севимли ва узоқ кутилган байрамдан мосуво қолишмоқда.

Аввалги йиллари бўлгани каби бу йил ҳам Тошкент ва вилоятлардаги мактаб ва болалар боғчаларида арча байрамлари ўтказилмаяпти.

- Бу йил ҳам утренник билан чекланишди. Лекин боғчада арча ўрнатишган, арча байрамига рухсат йўқ экан, - дейди тошкентлик Малоҳат опа.

Тошкент маданият саройларида эса янги йил байрами билан боғлиқ тадбирлар бўлиб ўтмоқда.

Тошкентнинг Истиқлол саройида бўладиган бу йилги байрам тадбири “Булбулча саргузаштлари” деб номланди.

- 2-3-4 январ кунлари Булбулча саргузаштлари томошаси бўлади. Билетлар 5 мингдан 15 минг сўмгача, - дейди байрам ташкилотчиси.

Бир кун аввал Гулнора Каримова ҳам ўз Твиттерида "Бу йил арча байрамидан "Президент" сўзи олиб ташланди", деб ёзган эди.

Айни пайтда Ўзбекистон маданият ва спорт вазирлиги расмийлари "Президент арчаси" бу йил ҳам бўлишини айтишди.

- "Президент арчаси" бўлган, бу йил ҳам бўлади. 29-30 декабрда Туркистон саройида президент арчаси бўлади. Президент номидан болалар уйи тарбияланувчилари, кам таъминланганларга совғалар берилади. 2 январдан бошлаб ҳамма учун янги йил байрами бўлади. Арча ҳам бўлади, қорбобо ҳам бўлади, - деди Ўзбекистон маданият ва спорт вазирлиги расмийси.

Президент арчасига кириш бу йил ҳар бир болага 30 минг сўмга тушади.

Ўзбекистон президентининг қизи Гулнора Каримова Твиттердаги ёзишмаларида "Президент арчаси" баҳонасида ҳар йили тадбиркорлардан йирик миқдорда пул шилиб олинишини иддао қилди.