Қирғизистон мактабларида ҳижоб можароси давом этмоқда

Қирғизистон мактабларида ҳижоб тақиқланишига қарши Бишкекда ўтказилган норозилик акцияларидан бири.

Қирғизистонда ҳижобли қизларни мактабга қўймаётган директорлар маҳаллий таълим бошқармалари томонидан огоҳлантирилаётир. Бу ҳақда маълум қилган Қирғизистон Омбудсмен институти ҳозирда ҳижобли ўқувчилардан тушган ўн чоғли ариза юзасидан суриштирув олиб бораяпти.

Қирғизистонда ўқувчи қизларнинг мактабга рўмол ўраб келиши ҳар йили турли баҳс-мунозараларга сабаб бўлмоқда.

“Мутакаллим” муслималар жамоатчилик ташкилотига бу йил Норин вилоятининг Жумғал туманидаги Байзақ қишлоғида яшовчи ўн чоғли ўқувчининг ота-онасидан ариза тушган. Аризачилардан бири – Жузум исмли аёл Озодликнинг қирғиз хизмати билан суҳбат чоғида 6-синфда ўқийдиган қизи мактабда ҳижоби учун турткиланганини айтган.

- Бу йил қизимизни рўмол билан мактабга юборсак, директори: “ўранмасин, рўмолини ечиб келсин ёки ортидан тугиб келсин”, деб айтибди. Кейин биз ариза ёздик. Ўшандан бери директори индамаяпти. Мактабга ҳижоб ўраб борган қизларнинг кўпидан рўмолини ечириб юборишди. Ҳозир рўмол ўраган икки қизгина қолган. Биз эса: “ҳечам ечмайди”, дедик. Қизимизга отаси: “Рўмол ўра, бу қиз бола учун фарз”, деган, кейин ўзи рози бўлиб, рўмол ўраб олди, - дейди Жузум.

“Мутакаллим” ташкилоти жумғаллик ҳижобли ўқувчилар аризасини Омбудсмен институтига йўллаган. Ҳозир бу масала билан омбудсмен Бақит Аманбаевнинг ўзи шуғулланмоқда. Аманбаев фикрича, ўқитувчилар мактаб низомини мамлакат Конституциясидан юқори қўйиб, ўқувчилар ҳақ-ҳуқуқларини чеклаяптилар.

- Қирғизистон Конституциясининг 32-моддасида “Ҳар бир фуқарога виждон ва дин эркинлиги кафолатланади”, деб аниқ ёзиб қўйилган. Ҳар бир бола таълим олиш ҳуқуқига эга. У қандай кийиниб келишидан қатъий назар, билим олиши керак. Бу ерда “рўмол ўради ёки ўрамади” деган нуқтаи назардан эмас, бошқа томондан ёндошиш керак. Бу ерда гап конституциявий ҳақ-ҳуқуқнинг ҳимояланиши ҳақида бораяпти. “Мактабга махсус форма билан келсин, калта киймасин” деганга ўхшаш ҳар хил тартиб-қоидалар бўлиши мумкин. Бу мактаб миқёсидаги ички тартиб. Бироқ бу низомларга қараганда фуқароларнинг конституциявий ҳақ-ҳуқуқлари юқорироқ туради, - дейди Бақит Аманбаев.

Қирғизистон омбудсмени ҳозирги кунда бу борадаги 10 га яқин ариза бўйича суриштирув ўтказилиб, икки мактаб раҳбари огоҳлантирилганини қўшимча қилди.

Айни пайтда Қирғизистон Таълим ва фан вазирлиги вакили Марат Усўналиев ўқувчи қизлар мактабга биттагина рўмол билан келса кифоя, деган фикрда.

- Ўзига ярашган усти оқ, ости қора мактаб формасини кийсин, кейин ҳижоб эмас, битта чоғроқ рўмол ўраб келсин, деганмиз. Бу Конституцияни ҳам, мактаб низомини ҳам бузмайди. Бундан ташқари, мактаб формаси бўйича ишчи гуруҳ тузганмиз. Формани намуналарга қараб, танлаб олаяпмиз. 30 январь куни бу ишни охирига етказамиз. Мазкур гуруҳга ота-оналар, таълим соҳаси вакиллари, хуллас, барча тоифадан одамлар кирган, - дейди Марат Усўналиев.