Фарғона Политехника институти талабаси ўқув йили бошидан буён стипендия берилмаётганидан Озодликка арз қилди.
Ўқув юрти ректорати вакили талабанинг шикоятини рад этиб, барча талабаларга декабрь ойи стипедиялари ҳам бериб бўлинганини билдирди.
Айни пайтда фарғоналик талабанинг стипедиялар кечикаётгани тўғрисидаги шикояти кейинги пайтларда Озодликка етиб келган ягона шикоят эмас.
Озодлик билан телефон орқали боғланиб, исми-фамилияси айтилмаслигини сўраган талабанинг айтганларидан ҳосил бўлган информация будир:
- Мен Фарғона Политехника институти, Энергетика факультети 2-босқич талабасиман. Контракт асосида ўқийман. Ноябрь ойида бир йиллик шартнома пулининг ярмини – 2 миллион 300 минг сўм тўлаганман. Ўша пул ҳисобидан ойига 150 минг сўмдан стипендия олишим керак. Стипендияни сентябрдан бошлаб тўлашлари керак. Демак, шу кунгача мен 4 ой учун 600 минг сўм олишим керак эди. Лекин бир сўм ҳам пул олганим йўқ. Сабабини сўрасак, домлалар бюджетда пул йўқ, дейишаяпти. Ахир контракт пулини нақд тўлаганмизку, деди талаба.
Унинг шикоятини ўрганиш учун ўқув юрти ректоратига қўнғироқ қилдик. Ўзини ректор ёрдамчиси, деб таништирган, лекин исмини айтишни истамаган ходими “стипендияларни тўлиқ тарқатиб бўлганмиз, декабрникини ҳам”, деди ва бошқа саволларимига ҳам жавоб берди:
- Энергетика факультетининг 2-босқичида ўқийдиган талаба стипендиямизни беришмаяпти, деб шикоят қилди?
- Тарқатиб бўлганимиз стипендияларни.
- Аниқми?
- Аниқ. Қарз қолмаган.
- Шартномада ўқийдиганлар ҳам стипендия оладими?
- Албатта. Агар шикояти бўлса, ректоратга келиб айтсин. 28 декабрь куни биз ҳаммага – бюджетда ўқийдиганларникини ҳам, шартномада ўқийдиганларникини ҳам стипендиясини пластик карточкаларига тушириб берганмиз, деди Фарғона Политехника институти ректорати вакили.
Айни пайтда фарғоналик талабанинг стипендияга оид шикояти шу мавзудаги Озодликка етиб келган биринчи шикоят эмас.
17 декабрь куни Бухоро юқори технологиялар муҳандислик-техника институти талабаларига стипендиялар ўз вақтида берилмаётгани, бу ҳақда Озодликка маълум қилган бухоролик талаба йигитга кўра, стипендияни талаб қилган талабаларга институт раҳбарияти томонидан таҳдид қилиниб, ҳатто баъзи талабалар калтаклангани тўғрисида Озодлик хабар берган, институт бош ҳисобчиси ўринбосари Юлдуз Бобоева Озодлик билан суҳбатда институтнинг айрим талабаларига стипендиялар вақтида берилмаганини тан олган эди.