Россиядаги ўзбеклар пулини воситачи ширкатлардан жўнатишни афзал кўрмоқда

2013 йилнинг 9 ойи давомида Россиядан Ўзбекистонга пул ўтказмалари ҳажми 4 миллиард 908 миллион АҚШ долларидан ошди. Ўтган йили бу миқдор 6 миллиардга яқинлаган эди. Бунча пулни оиласига юбораётган ўзбеклар кейинги пайтларда пул ўтказмалари учун қоғозбоз банклар эмас, расмиятчиликдан узоқ воситачи ширкатлар хизматидан фойдаланишни маъқул кўрмоқда.


Россиядан Ўзбекистонга юборилаётган валюта миқдори қарийб 6 миллиард АҚШ долларига яқинлаган бир кезда бу давлатда ишлаб юрган меҳнат муҳожирлари пул ўтказмалари учун тобора кўпроқ воситачи ширкатлари хизматидан фойдаланишга ўтишмоқда.

Бундай ширкатлар орасида энг оммалашиб бораётгани "Связной", "Евросеть", "МТС" каби мега-тармоқлар номи тилга олинмоқда.

Москвада яшаётган ўзбекистонлик муҳолжир Дилшод бундай воситачи ширкатлар афзаллигини шундай изоҳлади:

- Биринчидан, бундай тармоқларнинг шохобчаларини ҳамма жойдан топиш мумкин. Иккинчидан, улар исталган валютани қабул қилиб олиб, Ўзбекистонга долларда жўнатиб беради. Фақат буларда курс баландроқ бўлади. Учинчидан, каттароқ пул оборсангиз, булар справка сўрамайди. Банклар бўлса, қаердан олганингни кўрсат, деб бошни қотириши мумкин, - дейди ўзбекистонлик муҳожир Дилшод.

Унинг кузатувига кўра, кейинги пайтларда валюта алмашинувида қарийб 10 фоизга ютқазсада, ўзбекистонлик муҳожирлар банк хизматларини кўрсатаётган ширкатлар хизматидан фойдаланишни афзал кўрмоқда.

Яъни, бундай ширкатлар хизмати Россияда ноқонуний яшаётган ва ишлаётган меҳнат муҳожирлари учун жуда қўл келмоқда.

Бундай муҳожирларнинг пуллари аввалига бошқаларнинг чўнтаклари ёки исм-фамилиялари воситасида Ўзбекистонга етказилган бўлса, ҳозир "Связной", "Евросеть", "МТС" каби мега-тармоқлар воситасида етказилмоқда.

Россиядан Ўзбекистон, Тожикистон, Қирғизистон, Украинага пул ўтказмалари ўсиб боргани сари банк ва банк хизматларини кўрсатаётган ташкилотлар ўртасида ҳам рақобат кучайиб бормоқда.

Жумладан, Western Union, Contact, "Быстрая почта", MoneyGram, Unistream, "Золотая Корона", "АзияЭкспресс" каби банклар ҳам пул ўтказмалари учун олинадиган хизмат ҳаққини сезиларли равишда камайтирди.

Ҳозир Россияда юрган муҳожирлар орасида оммавийлашиб бораётган "Золотая Корона" пул ўтказиш тизими бўлиб қолмоқда. Росиядан Ўзбекистонга юборилаётган суммадан бу банк 1 ярим фоиз хизмат ҳаққи олмоқда.

- Мисол учун, Ўзбекистонга юборилаётган 1000 АҚШ долларидан 15 доллар хизмат ҳаққи олинади. Яъни, 1 ярим фоиз олинади. Бу ердан юборганингиздан 1 -1 ярим дақиқа ўтар-ўтмас, ўзбекистондагилар пулини олиши мумкин, - деди "Золотая Корона" банкининг Москвадаги пул ўтказиш тизимида ишловчи ходим.

Ўзбекистонлик иқтисодчи Орифжон Ҳошимов ҳам 2013 йил давомида пул ўтказмалари билан шуғулланувчи банкларнинг хизмат ҳаққи сезирларли равишда пасайганини эътироф этар экан, буни ўтган йилнинг муҳим жараёнларидан бири сифатида тилга олди.

- Мисол учун, бундан 1 ярим - 2 йил аввал ҳам халқаро пул ўтказмалари учун ўртача тариф 2 -2 ярим фоиз эди. Ҳозир бундай банкларнинг ўртача тарифлари 1 - 1 ярим фоиз атрофида. 2013 йил давомида айниқса, Western Union ва "Золотая Корона" банк тизимлари ўртасида бозорни эгаллаш бўйича қақшатгич рақобат кузатилди. Бу эса, албатта, ўзбекистонликлар учун фойдали бўлди,- дея қайд этди Орифжон Ҳошимов.

Россия Марказий банки маълумотига кўра, 2012 йил давомида Россияда ишлаётган ўзбек муҳожирларининг пул ўтказмалари 5 миллиард 693 миллион долларини ташкил қилган эди.

Россиядаги ўзбекистонлик меҳнат мухожирлари Ўзбекистонда қолган яқинларига пул ўтказишда МIGOM, Contact, "Быстрая почта", MoneyGram, Unistream, "Золотая Корона", "АзияЭкспресс"каби банк тизимларидан фойдаланиб келмоқда.

2013 йил тўққиз ойи давомида эса Россиядан хорижга пўл жўнатиш бўйича тожиклар ўзбеклардан кейин иккинчи ўринни эгаллаган.

Ўтган йил январь-сентябрь ойларида Тожикистонлик меҳнат мухожирлари Россиядан ватанига уч миллиард доллардан кўпроқ пул ўтказган.

Россиядан хорижга пул ўтказиш бўйича Ўзбекистон, Тожикистондан кейин учинчи ўринни Украина эгаллаб келмоқда.

Россия Марказий банки ҳисоботига кўра, 2013 йилнинг учта чорагида МДҲ давлатларига банк тизимлари орқали 15 миллиард доллардан ортиқ пул ўтказилган.