Ўзбекистонда 2013 йил давомида машиналарга ўрнатилган газ баллонларининг портлаши оқибатида мамлакат бўйлаб камида 5 киши ҳалок бўлиши ортидан бу мавзу йил охирида Тошкентда ўтказилган семинарда муҳокама қилинди. Расмийлар йил давомида енгил ва юк ташувчи автомобиллар ҳамда автобусларда юзлаб ёнғин рўй берганини эътироф этса-да, талафотлар сонини камайтириб кўрсатишга уринмоқда.
“Ўзавтосаноат” давлат ширкати ва Ички ишлар вазирлигининг Ёнғин хавфсизлиги Бош бошқармаси томонидан “Транспортни ёнғинга қарши ҳимоя қилиш” номли семинар ташкил қилинди.
Маълумотларга кўра, 2013 йилда Ўзбекистон бўйлаб енгил ва юк машиналари ҳамда автобусларда 408 марта ёнғин чиққан. Оқибатда 31 киши жароҳатланиб, бир киши нобуд бўлган.
Семинарда иштирок этган мутахассислар ёнғинларнинг асосий сабаби машиналарнинг электр ускуналари ва ёнилғи тизимларидаги носозликлар сабаб бўлишини қайд этишди.
Шу муносабат билан, расмийларнинг айтишларича, автотранспорт хавфсизлигини таъминлаш бўйича қатор чоралар кўрилмоқда.
Озодлик радиоси ўтган йил давомида автомобилларнинг ёниб кетиши, айниқса, машиналарга ўрнатилган газ баллонларнинг портлагани тўғрисида кўп хабар қилган эди. Шу пайтгача Озодлик ва бошқа мустақил манбалар берган хабарларга кўра, ўлим ҳолати битта эмас, балки камида беш марта қайд этилган.
Бу воқеалардан бирида, 26 октябрь куни Тошкентнинг Қўйлиқ бозори олдида Нексия машинасига ўрнатилган метан газ баллонининг портлаши оқибатида икки одам ҳалок бўлган, олти киши жароҳатланган эди.
http://ozodlik.share.rferl.org/flashembed.aspx?t=vid&id=25148938&w=520&h=320&skin=embeded
Озодлик муштарийлари икки кишининг ўлимига сабаб бўлган ҳодисани видеога тушириб юборган эди.
Ундан аввал, 18 октябрь куни Самарқанднинг Иштихон туманида автмобилга газ қуйиш шохобчасида Нексия машинасининг портлаши ҳам икки кишининг ўлимига сабаб бўлди.
Март ойида Самарқанднинг Булунғур туманида машинадаги газ баллон портлаши бир кишининг ўлимига олиб келди.
Машиналарга газ баллонлари ўрнатиш билан шуғулланадиган тошкентлик хусусий тадбиркор Дониёрнинг Озодликка айтишича, ўтган йилги воқеалардан кейин, ҳақиқатан газ баллонлар хавфсизлигига доир назорат кучайган.
- Ҳозир унақа сифатсиз баллонларни ўтказмай қўйишди. Уни "капрон" баллон, дейди. Ҳозир биз қўяётган баллонлар сифатли, темири қалин. Биз ҳамма ҳужжатни қўлингизга берамиз, ГАИга олиб бориб, техосмотрдан ўтказиб, огнетушитель олиб, келасиз, бўлди, - дейди Дониёр.
Унинг айтишича, аввалги сифатсиз газ баллонлар Хитойда номаълум корхона томонидан ишлаб чиқарилган бўлган ва хавфсизлик техникаси талабларига умуман жавоб бермаган.
Ўзбекистон ҳукумати ташкил қилган “Транспортни ёнғинга қарши ҳимоя қилиш” номли семинарда сифатсиз газ баллонларининг мамлакатга қандай қилиб кириб келгани ва бир неча йил давомида машиналарга назоратсиз ўрнатилгани масаласи муҳокама қилинмади.
Озодликнинг WhatsApp тармоғидаги хоразмлик муштарийси Хоразм вилоятида сифатсиз ва "портловчан" газ баллонлари машиналардан мажбурий тарзда олдириб ташланаётганини маълум қилди. Ҳайдовчиларга бу баллонларни ўрнатиш учун сарфлаган харажатлари қоплангани йўқ.
- У газ баллонларининг ичи темир, лекин металли юпқароқ бўлади. Шунинг ҳисобига устига капрон материални ўраб қўйиб, мустаҳкамроқ қилишади. Лекин у баллон вақт ўтган сари, ҳаво ҳарорати, атмосфера босимининг доимий ўзгариб туриши натижасида деформация бўлади. Бир йил, икки йил давомида аввалги хусусиятини йўқотиши натижасида портлаш содир бўлади, - дейди мутахассис.
Исми сир қолишини сўраган бу суҳбатдошнинг айтишича, ўтган йилги нохуш воқеалардан кейин автотранспорт хавфсизлигини таъминлашга доир назорат кучаяётган бўлса-да, хавфли баллонларни ўрнатиш тўлалигича бартараф қилингани йўқ.
- Ўша сифатсиз баллонларни ўрнатаётганлар ҳозир ҳам бор. Айниқса, вилоятларда хавфсизликка унчалик эътибор қаратишмаяпти. Тошкентда назорат нисбатан кучлироқ бўлгани учун, бу ерда корхоналар хавфсизлик талабларига риоя қилишга мажбур, - дейди мутахассис.
У машинасига газ баллонини ўрнатмоқчи бўлган ҳайдовчиларга пулидан қочмасдан мутахассислар кўригидан ўтган газ ускуналарини ўрнатишни қаттиқ тавсия қилди.