1964 йилда америкалик машҳур фантаст ёзувчи Айзек Азимов 50 йилдан кейин, яъни 2014 йилда дунё қандай бўлиши ҳақидаги ўз тасаввурлари битилган эссе ёзган эди. Фантаст ёзувчининг симсиз электрон аппаратлар ёки видео телефонлар ҳақидаги башоратлари орадан 50 йил ўтиб ҳақиқатга айланди. Айни пайтда учар машина ва ер ости шаҳарлари ҳозирча тасаввуримиздагина қолмоқда. Озодлик мухбири Дейзи Синделар Айзек Азимов бундан 50 йил аввал ўз эссесида кўтарган саволларни футуролог олим Йан Пирсонга бериб, 2064 йилда инсоният нималарга эришиши мумкинлиги тўғрисидаги хаёлларга берилди.
“Мен, Робот”, “Абадиятнинг тугаши”, “Осмондаги тошча” каби фатнастика жанридаги классик асарлар муаллифи Айзек Азимов 1964 йилда Нью Йоркдаги Жаҳон ярмаркасида қатнашади.
Ярмаркада 20-аср бошидан бери электрон аппаратларнинг ривожланишини кўз-кўз қилувчи кўргазма ҳам ташкил қилинган эди. Ўша пайтдаги кашфиётларни томоша қилиб, “одамзот бундан 50 йил ўтиб, нималарга эришар экан?” дея хаёлга чўмади Азимов.
Ёзувчи ўзи қўйган саволга “2014 йилги Жаҳон ярмаркасига ташриф” номли эссесида берган жавоблари ўзига хос бахшиёна башорат бўлганига гувоҳ бўлиб турибмиз. Азимовнинг башоратлари орасида 3D кинофильмлари, рўзғорда ишлатиладиган симсиз аппаратлар, ҳайдовчисиз машиналар, видео телефон сўзлашувлари имконини берувчи экранлар ҳақидаги тасаввурлари ҳам бўлган.
Айни пайтда, фантаст ёзувчининг ер сатҳини қишлоқ хўжалиги мақсадларида унумли ишлатиш учун одамзот, 2014 йилга келиб, ер ва сув остида яшаши ёки боғбонлик каби касб роботлар зиммасига ўтиши, учар машиналар тўғрисидаги башоратлари ҳали амалга кўчмаган.
Озодлик мухбири британиялик инжинер, футуролог олим Йан Пирсондан ёзувчи Азимов каби бундан 50 йилдан кейин инсоният турмуши қандай бўлиши ҳақида башорат қилиб беришини илтимос қилди.
ОСМОНЁРАР БИНОЛАР
Азимов 2014 йилга келиб, дунё аҳолиси катта суръатда кўпайиб, одамлар ер ва сув остида яшашини башорат қилган.- Ҳозирда инсоният бу масалани ҳал қилиш учун одамлар яшайдиган жуда баланд биноларни, баландлиги километрларга чўзилиши мумкин бўлган уйларни қуриш ҳақида ўйламоқда. Бундай бинони ҳозир қура олмайсиз, албатта. Чунки ҳозирча бундай баланд биноларни ушлаб тура оладиган мустаҳкам материаллар йўқ. Лекин 2050-2060 йилларга келиб, графен каби углеродларга асосланган материаллар бўлади. Бу каби материалларни ишлаб чиқариш жуда арзонга тушиши билан биргаликда, жуда, жуда мустаҳкам бўлади ва улар ёрдамида жуда, жуда баланд биноларни қура оламиз.
СИРҒАЧАГА ЖОЙЛАШАДИГАН КОМПЬЮТЕРЛАР
Азимов 2014 йилда уй-рўзғор юмушларини енгиллаштириш учун ўзи қуймоқ пишира оладиган ёки гўшт қовура оладиган аппаратлар пайдо бўлишини хаёл қилган эди.2014 йилда ошхона эмас, коммуникация мақсадларида ишлатилаётган юқори технология воситалари кундалик турмушимизнинг бир қисмига айланди. Пирсон, бугун кузатилаётган электрон воситалари ҳажмини кичрайтириш тенденциясидан келиб чиқиб, келгусида бу аппаратлар шунчалик кичрайиб кетадики, уларни аппарат деб аташнинг ўзи маънисиз бўлиб қолади, дея башорат қилади. Бунинг ўрнига, дейди футуролог олим, бу мақсадларга хизмат қилувчи тақинчоқлар одатга киради. Масалан, кичкина сирғачада бутун коммуникация эҳтиёжларингиз учун етарли бўлган маълумот сақланиши мумкин бўлади, дея хаёл қилади олим.
- Охир-оқибат бугун ихтиёрингизда бўлган информацион технологияларни қулоқ ёки бурнингизга тақилган сирғачада жамлаш имокни пайдо бўлади. Шу жиҳатдан яқин келажакда, ҳар қандай кичкина тақинчоқ бугун ихтиёрингизда бўлган информацион технологиялар ўрнини эгаллайди. Унинг экрани кўзингизга ўрнатилган контакт линзасида ёхуд видео кўзойнакда бўлади. Сиз ҳавода ёки ҳар қандай жисм устида командаларни бармоқларингиз билан ёзиб, маълумотларни истаганингизча бошқара оласиз. Шунинг учун бугун қўлингиз билан ушлай оладиган аппаратлар учун эҳтиёж қолмайди. Улар сизга керак бўлмай қолади.
МУРАККАБ РОБОТ АҚЛЛИ БЎЛИШИ ШАРТ ЭМАС
Азимов “Мен, Робот” асарида роботларнинг афзал томонлари билан биргаликда, уларнинг инсоният учун хавфи туғдириши мумкинлигини ҳам башорат қилган. Фантаст ёзувчи роботларга ақл ва зеҳн бериш ёки уларни бошқа одамларга зиён етказиш мақсадида ишлатишнинг этик жиҳатларидан огоҳлантирган илк арбоблардан бири эди.Пирсон бугун аллақачон робототехника соҳасида катта ютуқларга эришлганини қайд этар экан, келажак роботлари жуда муарккаб механизмга айланишини тасаввур қилишини айтади.
- Келгусида роботнинг кўплаб ғилдиракчаю винтлари бўлмайди. Ўрнига пластик скелетга полимер гел ёпиштирилган одамсимон роботлар пайдо бўлади. Яъни бугун кўпинча фантастик фильмларда кўрадиганимиздан фарқ қилувчи, кўпроқ одамга ўхшаб кетадиган роботлар бўлади. Улар бугунги Cloud, яъни Булут тизимига ўхшаш восита орқали компьютерларга уланган бўлади, яъни робот танасига идрокни бошқарувчи тизим ўрнатишга эҳтиёж бўлмайди. Роботнинг ўзи “ақлли” деган концепция примитив тушунчага айланади. Робот қаердадир, қайсидир тармоқда жойлашган ақл-идрокни тамсил қилувчи воситага айланади. 2064 йилга келиб, жуда мураккаб андроидлар (одамсимон роботлар-таҳр.) ёки шунга ўхшаш роботлар кундалик турмушимизнинг бир қисмига айланади, деб ҳисоблайман.
НЕФТ ДАВРИНИНГ ТУГАШИ
Азимов 2014 йилга келиб, ядровий синтез заводлари аллақачон тажриба қилинаётган бўлади, дея некбин башоратларни берган эди. Лекин бу башорат ҳам, Аризона, Негев ва Қозоғистондаги чўл ҳудудларида йирик қуёш электр станциялари қурилиши тўғрисидаги башоратлари ҳам амалга кўчмади.Пирсон 2064 йилга келиб, заррани синтезлаш жараёни ва қуёш электр станциялари энергиянинг асосий манбайига айланади, деган ишончда.
- 2064 йилда ядровий синтез реакторлари ихтиро қилиниб, муваффақиятли тарзда ишга туширилиши ҳамда улар ёрдамида анча арзон энергия ишлаб чиқарилиши эҳтимоли жуда юқоридир. Аслида бу кўпчилик анчадан бери кутаётган утопик энергия орзусидир. Лекин биз ҳозирда дуч келаётганимиз бир нечта технологик тўсиқни ошиб ўтишимиз биланоқ қуёш станцияларидан энергия олиш, ер остидан нефт қазиб олишдан кўра анча арзонроққа айланиши мумкин. Ер остидаги нефт заҳираларининг қолаётгани сабаби, балки уни қазиб олиш, бошқа энергия турларидан фойдаланишдан кўра қимматқролигидадир.
19-аср охирларида 21 асрни бундай тасаввур қилишган
http://english.share.rferl.org/flashembed.aspx?t=phg&id=25219615&w=520&h=506&skin=embeded
УЧАР МАШИНАГА ЭҲТИЁЖ БЎЛМАЙДИ
Азимов ўз башоратларидан бирида 2014 йилги Жаҳон ярмаркасида одамлар “роботлаштирилган кичик машиналарда учиб юришади”, дея хаёл қилган эди. Пирсон мийиғида кулиб, футурологлардан негадир учар машиналар ҳақида кўп сўрашади, дейди. Унинг назарида 2064 йилда ҳайдовчилар хавфсизлик нуқтаи назаридан электр машиналарда юришадию, лекин уларнинг оёғи ердан узилмайди.
- Машинада учиб юриш учун эҳтиёж туғилишини тасаввур қила олмайман. Бунга умуман эҳтиёж йўқ. Электрон машиналарда юра бошлаганимизда ернинг ўзида шунча нарса қила оламизки, учишнинг кераги бўлмайди. Бундай машиналар бир бирларидан бир неча санитиметр, ҳатто балки бир неча миллиметр масофада ҳаракат қила олиши мумкин бўлади. Агар ичида одам бемалол ўтира оладиган найсимон аппарат яратсак, машиналарнинг бир нечта қатлами ҳаракатлана оладиган оқимни йўлга қўйиш мумкин бўлади. Бу билан кўчаларда бугунги технологиялар имкон берадиганидан 75 баробар кўпроқ машиналар ҳаракатлана олиши мумкин бўлади.
КЕЙИНГИ УРУШ СЎНГГИСИ БЎЛИШИ МУМКИН
Азимов келгусида уруш, жангу-жадаллар қандай бўлиши ҳақида ўз эссесида тўхталмайди, у қисқагина “агар термоядровий уруш рўй берадиган бўлса, келажак ҳақида баҳс қилишнинг маъниси йўқ”, дея хулоса қилади.Пирсон бу фиркга қўшилади. У Яқин Шарқ ёки Осиёда жаҳон урушига турки бўлувчи воқеалар рўй бериши мумкинлигини ёки ўнг ва сўл кучлар ўртасида бир нечта фуқаролар уруши чиқишини эҳтимолдан соқит қилмайди. Лекин, дейди у, технологияларнинг бугунги суръатларда ривожланиб бориши келажакдаги урушлар янада ҳалокатли бўлиши эҳтимолини оширмоқда.
- Менимча, бу жуда даҳшатли бўлади. Бугун аллақачон жангу-жадалда ишлатиладиган даҳшатли технологиялар мавжуд. Кимёвий қурол жуда даҳшатли нарса. Ядровий қурол ёки биологик қурол ундан баттар. Ҳозирда нанотехнологиялар ёрдамида одамни парчалаб ташлайдиган ёки мисли кўрилмаган маҳлуққа айлантира оладиган нарсаларни ишлаб чиқара бошладик. Менимча, агар яна уруш чиқадиган бўлса, бу одамзот учун яхшилик билан тугамайди.
БУЮРТМА ТУШЛАР
Азимов ўз эссесида, 2014 йилга келиб 3D фильмлари ихтиро қилинишини ёзган эди.Пирсон “одамларнинг бошқа одамлар ҳақидаги қизиқиши ҳеч қачон сўнмайди”, дер экан 2064 йилда ҳам кино, театр ва концертлар каби кўнгилочар тадбирлар сақланиб қолишини башорат қилади. Лекин, баъзи нарсалар ўзгаради:
- 2064 йилда ҳали ҳам мусиқа эшитишингиз ёки театрга боришингизни тўла ишонч билан айта оламан. Аний пайтда, бу нарсаларни етказиш воситаси технология ривожланган сари ўзгариб боради. 2064 йилда, масалан, бирор мусиқани тинглаш ҳақида ўласангиз, у бошингизни ичида ўнай бошлайди! Бу қандай бўлишини билмайсиз, леки сизга бунинг қизиғи бўлмайди, мусиқа шунчаки бошингизда ўйнайди. Яна бир янгилик, 2064 йилда тушларингизни бошқаларнинг тушига боғлай олиш имконига эга бўласиз. Бугун аллақачон фикрни аниқлаш технологиялари ёрдамида қайсидир жиҳатда буни қилиш мумкин. 2064 йилга келиб, бу анча эскирган технология бўлиб қолади. У пайтга келиб, тушингизда нимани кўришни ўзингиз танлайсиз, кўзингиз ва миянгизга расм ва товушларни жойлаштириб, бошқа одамларнинг тушига қўшилишингиз мумкин бўлади.
ЯНГИ ЖИНСЛАР, ЯНГИЧА ЖИНСИЙ АЛОҚА
Жинслар ўртасидаги муносабатлар ва жинсий хусусиятлар масаласини Азимов ўз эссесида баҳс қилмаган.Лекин Пирсон, гормонал терапия ва жинсни ўзгартириш соҳаларида бугун аллақачон жиддий ўзгаришлар рўй бераётганидан келиб чиқиб, келгусида эркак ёки аёл бўлиш тушунчалари ҳам ўзгариб кетишини башорат қилади.
- Бу жинслар ўртасидаги муносабатлар соҳасида янги даврни бошлаб беради ва қайси жинс вакили бўлишни кундалик равишда танлаш имкони пайдо бўлади. Лекин танлов бугунгидек фақатгина эркак билан аёл ўртасида чекланиб қолмайди. Бугун аллақачон жинслар ўртасидаги фарқ ювилиб кетмоқда. Лекин одамзотни тўхтатиб бўлмайди, аллақачон янги жинсларни яратиш технологиялари устида иш олиб борилмоқда, ҳатто уч ёки тўрт жинс вакили иштирокини талаб қилувчи жинсий алоқа турлари устида ўйланмоқда.
ОДАМЗОТНИНГ ИНЖИҚЛИГИ ҚОЛМАЙДИ
Азимовнинг 2014 йилга келиб, психолгия тиббиётнинг асосий соҳаларидан бирига айланиши тўғрисидаги башорати тўғри бўлиб чиқди. Инсоният турмушнинг кўп соҳалари автоматлашиши оқибатида сурункали зерикиш каслига чалинади, деб хаёл қилган эди фантаст ёзувчи.Пирсон эса, аксинча автоматлашиш инсонларни кўплаб жисмоний юмушлардан озод қилади ва натижада уларга янги ижодий изланишлар учун имкониятлар очилади, деган фикрда. Лекин, дея эътироф қилади замондошимиз, улар доимо нимадандир шикоят қилишда давом этади.
- Келгусида одамнинг иш фаолияти асосан ўзаро мулоқотга асосланади дейишга асос бор. Яъни сиз доимий тарзда бошқа одам билан бевосита мулоқотда бўласиз. Бу зерикарли эмас; бундай фаолият одамларга ёқади, албатта. Келажакда экзистенциал кризис, яъни одамнинг реалликни йўқотиши билан боғлиқ муаммо қандай тус олиши ҳақида гапирадиган бўлсак, одамзот ҳар қандай кўнгилхушлик вазиятида ҳам ўзини бахтсиз ҳис этиш учун баҳона топади. Менининг тасаввуримда келгусида биз дуч келадиган муаммолардан бири одамзот ихтиёридаги мисли кўрилмаган даражада ривожланган технологиялар шароитида биз ҳаётдан максимум тарзда фойдалана олмаётганимизга доир туйғу пайдо бўлиши мумкинлигидадир. Аллақачон бундай таҳлика пайдо бўлган ва одамлар катта танлов олдида қолиб, нима танлашни билмай жони ҳалак бўлиб қолган.
ХАЁЛ ВА ИДОРОКНИНГ БОҚИЙЛИГИ
Азимов Ер курраси аҳолисининг изчил ошиб бориши энг долзарб муаммолардан бирига айланишини тўғри айтиб бера олган эди. Технологиялар ривожланган сари одамларнинг умр давомийлиги ҳам узайиб боришини ҳам айтиб бера олган эди ёзувчи.Лекин замонамиз “хаёлпарасти” Пирсон айтаётган “электрон умрбоқийлик” концепцияси ҳатто Азимовнинг хаёлига келмаган. Пирсоннинг тасаввурида келажакда одам танаси ўлгач, унинг хотираси ёки идроки сунъий танага уланган ҳолда ёки улкан бир компьютернинг бир қисми сифатида ҳаётини давом эттиради.
- Охир-оқибат, 2050 йилларга бориб, фикрлаш фаолиятининг 90 фоизи миянгизнинг ташқарисида амалга ошадиган нуқтага келамиз. 2060 йилларга келиб, мабодо сизни машина уриб кетса, бу сиз учун катта муаммо бўлмайди. Ўлиб қолиш катта муаммо бўлмай қолади, чунки идкрокингизнинг асосий қисми тармоқларда бўлади. Сиз маҳаллангиздаги дўкондан андроид, яъни одамсимон робот сотиб оласиз-да, идрокингизни унинг хотирасига юклайсиз ва ҳеч нима бўлмагандай яшашни давом эттираверасиз. Шундай қилиб, таъбир жоиз бўлса, электрон умрбоқийликка эришасиз. Истасангиз, ўзингизнинг бир нечта копиянгизни ярата оласиз. Идрокингизнинг бир нечта копиясини турли тармоқларга юклаб қўйишингиз мумкин бўлади, ундан ташқари ўзингизнинг миянгизда ҳам битта нусхаси қолади. Ана шундай танлов даражасига етганимизда бу бутун инсоният келажагини ўзгартириб юборади.