Қаҳратонда жиззахликларга ўз уйини бузиш буюрилди

Нукуслик уббиниёзовлар оиласи ҳам уйи бузилиб кўчада қолган эди. Лекин бу оила давлатдан ўз ҳақини ундириб ола билди.

Жиззах шаҳри Навоий маҳалласидаги Навоий кўчасида жойлашган хонадонлар эгалари шаҳар Бош архитекторидан огоҳлантириш хатлари олди.

12 январь куни имзолаган мактубларида муаллиф ўз адресатларидан 10 кун муддат ичида “ўзларига тегишли уй-жойларни бузиш ишларини бошлашни” сўраган.

Бу ҳақда Озодликка хабар берган жиззахлик йигитга кўра, шаҳар расмийларидан келган бу огоҳлантирувдан кўча аҳли қаҳратон қишда эсанкираб қолган.


Архитекторнинг "Янги йил совғаси"

Жиззахлик йигит хат нусхасини ҳам жўнатди. Унда мана бундай дейилган:

“Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 24 январдаги 34-Ф-сонли фармойиши, вилоят ҳокимининг 2013 йил 28 январдаги 25-сонли қарори, шаҳар ҳокимининг 2013 йил 29 январдаги 116-сонли қарорлари ижросини таъминлаш, Жиззах шаҳрининг Архитектура қиёфасини яхшилаш мақсадида А.Навоий кўчасининг кенгайиши муносабати билан Сизга тегишли А.Навоий кўчасида жойлашган (уй номери) уй-жойингиз бузилиши режалаштирилгани тўғрисида огоҳлантираман.

Огоҳлантириш хатини олган кунингиздан бошлаб, 10 кун муддат ичида ўзингизга тегишли уй-жойингизни бузиш ишларини бошлашингизни сўрайди”


Хатга шаҳар бош архитектори И. Тўраев имзо чекиб, муҳрини босган.

"Томдан тушган тараша"

Навоий кўчаси аҳлининг уйи қирчиллама қишда бузилаётгани тўғрисида хабар қилган йигит ҳам шаҳар архитекторидан куни кеча хат олганини айтди.

Унинг айтишича, шаҳар архитекторидан келган мактуб томдан тараша тушгандай кутилмаган янгилик бўлди.

“Кўчамизга яқин жойдаги – стадион атрофидаги уйлар эгалари бундан 10 – 15 йил олдин огоҳлантирилган, уйлари учун улар пул олган ва ўтган йили ва ундан олдинги йили ўша уйлар бузилиб ҳам кетган. Лекин бизнинг кўчадаги уйлар бузилиши тўғрисида ҳеч қачон гап бўлмаган”, деди исми сир қолишини истаган йигит.

Унинг айтишича, Навоий кўчасида 100 дан зиёд хўжалик яшайди ва уларнинг ҳаммаси огоҳлантирув олган.

“Биринчидан, агар уйимиз эвазига бериладиган пулдан ҳам, ердан ҳам дарак йўқ. Иккинчидан, бузсак, совуқда қаерга бориб яшаймиз?! ” деди йигит.

Одамлар қўрқаяпти

Унинг айтишича, маҳалла аҳли “ваҳҳобий, деган баҳона билан қамаб юборишади, деб норозилик билдиришга ҳам қўрқаяпти”.

"Қонун есть қонун!"

Биз Жиззах шаҳар Бош архитектори билан боғланишга уриндик. Телефонини кўтаравермагач, шаҳар ҳокими қабулхонаси билан боғландик.

Ўзини “қабулхонадаги навбатчи”, деб таништирган шахс саволимизга жавобан бундай деди:

- Қонун есть қонун. Ҳукумат бошқаради давлатни. Нима дейилган бўлса, ўша нарса бўлади. Мен билмайман. Озодликданмисиз, бошқаданмисиз...

“Қабулхонадаги навбатчи” ҳокимиятнинг бошқа мулозимлари Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан ўтказилаётган тадбирда эканлигини, бугун бошқа ҳеч кимни топиб бўлмаслигини айтиш билан мулоқотимизга якун ясаб қўйди.

"Ноябрдан апрелгача уй бузишга ҳеч кимнинг ҳақи йўқ!"

Ҳар эҳтимолга қарши Жиззах вилоят Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти билан ҳам боғландик.

Жамият вакили аввалига бу масала “бизнинг ваколатларимиз доирасида эмас”, деди ва кейин масалага умумий ёндошар экан, “Ноябрдан апрелгача ҳеч кимнинг нафақат уй бузишга, ҳатто кўчиришга ҳақи йўқ. Бу БМТ қабул қилган меъёр, Конституция мизда қабул қилинган меъёр. Қишда ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ кўчиришга”, деди.

"Бузеверади, эмизикли чақалоғи бўлсаям!"

Афтидан Жиззах вилоят Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти вакилининг бу масаладаги информацияси эскироқ шекилли. Ҳар ҳолда адвокат Руҳиддин Комиловнинг айтишича, у айтган меъёрлар бекор қилинганига анча бўлган.

- Қиш мавсумида фуқарони уйидан кўчириш ёки уйини бузиш мумкинми?

- Мумкин. Қиш мавсуми, Ёз мавсуми деган тушунча қолмаган бу масалада.

- Илгари шундай тақиқ бор эди, шекилли?

- Ҳа, 1993. 94 йилларгача бўлган қонунларда бор эди. Ҳозир йўқ. Ҳозир қаҳратон қишда ҳам, 50 даражали совуқда ҳам боласи билан ҳайдаб чиқараверади. Боласи чақалоқ бўладими, бешикда бўладими – бунга қарамайди,
деди адвокат Руҳиддин Комилов.

Балки суҳбатдошимиз адашмаётгандир – ҳар ҳолда мутахассиску?!

Уйи бузилаётганларни Уй-жой кодекси ҳимоя қилади

Лекин нима бўлганда ҳам Жиззах шаҳри Навоий кўчаси аҳлини ҳимоя қиладиган бир қонуний меъёр бор. У ҳам бўлса, Ўзбекистон Республикаси Уй-жой кодексининг 27-моддасидир.

“Ер участкалари давлат ёки жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилиши муносабати билан уйи (квартираси) бузилиши лозим бўлган фуқароларни турар жой билан таъминлаш”, деб номланган моддада мана бундай дейилган:

“Ер участкалари давлат ёки жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилиши муносабати билан фуқаролар мулкида бўлган уйлар (квартиралар) бузилган тақдирда мазкур фуқароларга, уларнинг оила аъзоларига, шунингдек ушбу уйларда (квартираларда) доимий яшаётган фуқароларга уларнинг хоҳишига биноан ва тарафлар келишувига кўра барча қулайликлари бўлган аввалгисига тенг қийматли уй-жой майдонининг ижтимоий нормасидан кам бўлмаган саҳндаги бошқа турар жой мулк қилиб берилади ҳамда дов-дарахтларнинг қиймати тўланади ёхуд бузилаётган уй, бошқа иморатлар, иншоотлар ва дов-дарахтларнинг қиймати тўланади. Бузилаётган уйнинг (квартиранинг) қиймати берилаётган турар жойнинг қийматидан ортиқ бўлган ҳолда бу фарқ мулкдорга компенсация қилиниши лозим”.

Тўй кўпчиликка келди, "тўёна" олган - оз

Жиззахнинг Навоий кўчаси аҳли дуч келган муаммо ўзбекистонликлар учун янги муаммо эмас. Шаҳарлар ва туман марказларини ободонлаштириш марказий кўчаларда яшайдиган аҳоли учун қимматга тушаётгани тўғрисида Озодлик ўнлаб мақола ёритган. Баъзи ўзбекистонликлар бузилган уйи учун давлатдан товон пули ундирган ҳолатлар ҳам бўлган.