Конимехлик шифокорларга ҳам металлолом йиғиш топширилди

Самарқанд туманидаги 1-умумий ўрта таълим мактаби ўқувчиси мактабга металлолом олиб кетмоқда.

Навоий вилоятидаги Конимех туманининг шифокору ҳамширалари енг шимариб металлолом йиғишга киришди. Бу ҳақда Озодликка хабар берган шифокорларнинг айтишларича, 60 килограмм металлолом топширмаган одам ўз чўнтагидан 25 минг сўм тўлашга мажбурланмоқда.


Ўзбекистонда металлолом йиғиш тадбирига шифокорлар ҳам жалб қилиняпти.

Бу ҳақда Озодликка мактуб ёзган конимехлик шифокорларнинг айтишларича, улар шу кунларда кўча-кўйдан металл қолдиқлари қидиришга киришган:

Бизнинг Конимех тумани тиббиёт бирлашмамизда жами 600 киши ишлайди. Бош врач ҳар бир киши 65-70 кг металлолом топшириши шарт, деди. Тополмаганлар эса 25 минг сўмдан пул тўлашини айтди. Ўзи ойлигимиз пластикка тушса, нақд пулни қаердан топиб берамиз? Қаерда кўрсатилган, бу иш мажбурий деб? Бу ҳам майли, давлат ҳар бир кг металлолом учун пул тулайди. У пуллар ишчиларга берилмай кимнингдир чўнтагига кириб кетмоқда. Қани сўроқ, қани жавоб?”, деб ёзади конимехлик шифокорлар.

Мактубга имзо чеккан шифокорлар хавфсизлиги нуқтаи назаридан исмларини ошкор қилмаслигимизни сўраган.

Конимех тумани марказий шифонасининг исми сир қолишини сўраган ҳамширалардан бирининг айтишича, муассаса ходимлари белгиланган металлоломни топширмаса, ишдан ҳайдалишидан огоҳлантирилган:

- Касалхонамиз бош врачи агар кимки металлолом тоширишни истамаса, араизанги ёз, деяпти. Эрларимизни, болларимизни ишга солиб темир-терсак топтириб келяпмиз, бошқа иложимиз йўқ,- дейди касалхона ҳамшираси.

Конимех тумани тиббиёт бирлашмаси бош шифокори Бахтиёр Имомқулов Озодлик билан суҳбатда касалхона ходимларига металлолом йиғиш топшириғи туман ҳокимлиги томонидан берилганини айтади:

- Бу туман ҳокимининг топшириғи. Разнарядка қилиб, ҳамма ташкилотларга бўлиб берган. Бу янгилик эмас. Мен медицинада 30 йил ишлаётган бўлсам, 30 йилдан буён металлолом топширамиз,- дейди бош шифокор.

Бахтиёр Имомқуловнинг айтишича, шифокорларнинг металлолом йиғиб топшириши мамлакат қудратини мустаҳкамланишига хизмат қилади:

- Металлолом стратегик аҳамиятга эга бўлган нарса. Давлатимизнинг мустаҳкамлигини янада мустаҳкамлайдиган нарса. Буни ҳамма йиғади. Мен ўзим ҳам йиғаман, тушиб ётган металларни олиб қўяман, топшираман ўзим ҳам. Давлатимизни мустаҳкамлиги учун ҳаммамиз ҳиссамизни қўшишимиз керакку. Бунинг нимаси ёмон?– дейди Бахтиёр Имомқулов.

Бош шифокор “топширилмаган металлолом ўрнига 25 минг сўмдан пул топшириш керак экан” деган иддаони рад этди.

Унинг айтишича, топширилган металлоломдан касалхона эҳтиёжи учун турли хил ашёлар олиняпти.

Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг металлолом жамғариш ҳақидаги қарорини бажариш масъулияти, асосан, мактаб-коллежлар ўқитувчию ўқувчилари, тиббиёт муассасаларининг шифокору ҳамширалари зиммасига тушмоқда.

Озодлик тингловчиларидан бирининг WhatsApp орқали ўтган йилнинг декабрь ойида юборган видеосида мактаб ўқувчиларининг металлолом топшириш жараёни акс этган.

Ўтган йилнинг ноябрь ойида пахтадан эндигина қайтган Жиззах Педагогика институти талабаларига темир-терсак “солиғи” солинган эди.

Июнь ойида эса Тошкентдаги барча коллеж ва лицейлардан қора, рангли металл ва қоғоз чиқиндилари топшириш мажбуриятини бажариш талаб қилинган эди.