Oxus Goldнинг Ўзбекистон ҳукуматига қарши даъвоси 2014 йилда кўрилади

Oxus Gold ширкати белгиси.

Oxus Gold ширкатининг Ўзбекистон ҳукуматига қарши даъвосини кўриб чиқиши керак бўлган халқаро арбитраж суди 2014 йил мобайнида бўлиб ўтиб, ўз ҳукмини чиқариши кутилмоқда. Бу ҳақда Британия нашрлари 20 январь куни Oxus Gold баёнотига таянган ҳолда хабар тарқатдилар.


Ўзбек расмийлари томонидан ўзига етказилган зарар миқдори 400 миллион долларча эканини иддао қиладиган Британиянинг Oxus Gold ширкати 2012 йилдан буён Тошкент билан судлашиш ниятини билдириб келади.

Ширкат “Амантайтау Голдфилдс” қўшма корхонаси ва Хондиза конларига ётқизган сармоялари Ўзбекистонда экспроприация қилингани даъвоси билан халқаро арбитражга мурожаат қилган.

Oxus Gold вакиллари Тошкент ташаббуси билан “Амантайтау Голдфилдс”да ўтказилган аудит қўшма корхонани тугатиш мақсадида амалга оширилган, деган фикрдалар.

Айни пайтда Oxus Gold мутасаддилари халқаро арбитраж тақвимини ошкор қила олмаслигини, бунга ўз зиммасига олган мажбуриятлар йўл бермаслигини айтмоқдалар.

- Мен маҳкама конфиденциаллиги мажбуриятлари важидан [суд ҳақида] маълумот берилмаётгани туфайли ширкат ҳиссадорлари хафсаласи пир бўлаётганини тушунаман. Шунга қарамай, мен иш биз кутгандек олға силжиётганини таъкидлашим мумкин, - деган Oxus Gold кенгаши раиси Ричард Шед (Richard Shead) кенгаш Ўзбекистондан товон пули ундирилиш истиқболи бўйича некбин эканини урғулади.

Британиянинг Oxus Gold олтин қазиб олиш ширкати Ўзбекистонда 2003 йилдан бери Амантайтау конларида олтин ва кумуш қазиб чиқариш билан шуғулланиб келган.

Ширкат бунинг учун Қизилқум марказидаги конларда умумий қиймати 31 миллион долларга баҳоланган олтин ажратиб оладиган корхонани ҳам ишга туширган.

Ўзбекистонда олтин қазиб чиқаришга ихтисослашган қўшма корхонани Oxus Gold ширкати Ўзбекистон Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси билан элликка эллик шериклик асосида барпо этган.

Oxus Gold ва Ўзбекистон ҳукумати ўртасида келишмовчилик 2011 йил ёзида ширкатда ўтказилган комплекс текширувлар чоғида Британия ширкати иқтисодий қонунбузарликда айблангач, пайдо бўлганди.

“Амантайтау Голдфилдс” қўшма корхонаси юзасидан келиб чиққан можарони маҳаллий шериклари билан тинч йўлда ҳал этиш уринишлари муваффақиятсизликка учраши ортидан инглиз ширкати 2012 йил сентябрида ўзбек ҳукуматини халқаро арбитраж маҳкамасига тортишга мажбур бўлганини билдирган.

Oxus Gold вакилларига кўра, икки томонлама шартномаларнинг Ўзбекистон тарафидан бузилиши оқибатида ширкатга етказилган зарар миқдори Ernst&Young бухгалтерия фирмаси тарафидан ўрганиб чиқилиб, 17 сентябр куни Халқаро арбитраж судига тақдим этилган.

Бу ҳисоботга мувофиқ, Ўзбекистон томонидан Oxus Gold ширкатига етказилган зарар миқдори 400 миллион АҚШ долларидан кам эмас.

Ўз навбатида, Ўзбекистон томони ўтган йил Oxus ширкати устидан Англия Олий маҳкамасига шикоят қилиб, ширкатдан 10,84 миллион доллар миқдоридаги махсус дивидендни ундириб беришни талаб қилган.

Қирқдан ортиқ олтин конлари мавжуд бўлган ва дунёнинг йирик олтин ишлаб чиқарувчи давлатларидан бири ҳисобланган Ўзбекистонда, сўнгги маълумотларга кўра, йилига ўртача 90 тонна олтин ишлаб чиқарилади.

Ўзбекистоннинг олтин заҳиралари мамлакат раҳбари Ислом Каримов ва оиласи томонидан назорат қилиниши айтилади.