Ўзбекистонда қийноқ қўллашни тақиқловчи қонун кучга кирганига бир ой бўлди

Ўзбекистон Президенти 2012 йилнинг 25 декабрида имзолаган ва эртасига расмий матбуотда эълон қилинган “Тезкор-қидирув фаолияти тўғрисида”ги қонун орадан бир йил ўтиб, декабрнинг охирларида кучга кирди.

Мазкур қонун, унинг ўзида белгилаб қўйилишича, расман эълон қилинганидан 12 ой ўтгач, кучга кириши керак эди.


Қарийб 1 ойдан бери амал қилаётган янги қонун мазмуни ва унинг баъзи жиҳатларига ҳуқуқшунослар ва ҳуқуқ ҳимоячилари муносабати билан танишинг.

Қонундан мақсад

5 боб, 31 моддадан иборат “Тезкор-қидирув фаолияти тўғрисида”ги қонундан мақсад унинг 1- моддасида “тезкор-қидирув фаолияти соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат”, деб белгилаб қўйилган.

Қонунда тезкор-қидирув фаолиятини қайси органлар амалга ошириши, уларнинг ҳуқуқий мақоми, тезкор-қидирув тадбирларининг турлари ва уларни ўтказиш тартиби белгилаб қўйилган, шунингдек, тезкор-қидирув фаолиятини амалга оширувчи органлар ходимларини ва бундай фаолиятни амалга оширишга кўмаклашаётган шахсларни, шунингдек уларнинг оила аъзоларини ижтимоий-ҳуқуқий жиҳатдан ҳимоя қилиш тартиби кўрсатиб қўйилган.

Мазкур ҳужжатда тезкор-қидирув фаолиятини амалга ошириш билан шуғулланувчи органлар ваколатлари билан бир қаторда чекловлар ҳам белгилаб қўйилган.

Қонундан муҳим кўчирма

Қонуннинг 17-моддаси “Тезкор-қидирув фаолиятидаги чекловлар”, деб номланади ва у қуйидаги меъёрлардан иборат (Қонундан кўчирма):

Тезкор-қидирув фаолиятини амалга оширувчи органларнинг:

фуқаролар ҳаётини, соғлиғини, юридик ва жисмоний шахсларнинг мол-мулки ҳамда қонуний манфаатларини хавф остига қўядиган, шунингдек инсон шаъни ва қадр-қимматини камситадиган ҳаракатлар (ҳаракатсизлик) содир этиши;

фуқароларни ҳуқуқбузарликлар содир этишга оғдириши ва ундаши;

зўравонлик, таҳдид, қўрқитиш ҳамда инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини чекловчи бошқа ғайриқонуний усуллардан фойдаланиши;

тезкор-қидирув материалларини сохталаштириши, шунингдек била туриб нотўғри маълумотлардан фойдаланиши;

бирон-бир юридик шахснинг, шу жумладан сиёсий партиянинг, диний ташкилотнинг ёки бошқа нодавлат нотижорат ташкилотининг, шунингдек жисмоний шахсларнинг манфаатларини кўзлаб тезкор-қидирув тадбирлари ўтказиши тақиқланади.


Тезкор-қидирув фаолиятини амалга оширувчи органларнинг депутатлар, сенаторлар, судьялар, прокурорлар, адвокатларни махфийлик асосида ҳамкорликка жалб қилиши тақиқланади.

Тошкентлик адвокат Руҳиддин Комилов қонуннинг айнан шу моддаси юзасидан фикр билдирар экан, бундай деди:

- Қонунда тезкор-қидирув фаолиятини амалга ошириш пайтида инсон ҳуқуқлари поймол қилинишининг олдини оувчи меъёрлар бор.

- Мазкур қонун қийноқлар қўлланмаслигига кафолат бўла оладими?

- Бу қонундан ташқари кафолатлар ҳам кўп. Гап у ёки бу қонуннинг бор-йўқлигида эмас, балки унинг ишлаш-ишламаслигида.


Қийноқ нима?

Назаримизда қонунда “зўравонлик”, “таҳдид”, “қўрқитиш”, умуман олганда эса, “қийноқ” тушунчасига аниқлама берилиши керакдай кўринди.

Адвокат Руҳиддин Комиловнинг фикрича, бунга ҳожат йўқ.

- Қийноқ нима эканлиги ҳаммага маълум нарсаку?! Қонунда унга алоҳида таъриф бериш шарт эмас, деб ўйлайман.

“Қийноқ” тушунчасининг таърифи зарур эканлиги тўғрисидаги фикр куни кеча амнистия туфайли озодликка чиқарилган фарғоналик 69 ёшли ҳуқуқ фаоли Неъматжон Сиддиқов билан суҳбат давомида пайдо бўлган эди.

У айтган ҳолатларнинг баъзилари “Тезкор-қидирув фаолияти тўғрисида”ги қонун доирасидан ташқарида бўлиши мумкин, лекин бундан “қийноқ” муаммоси кчирайиб қолмайди:

биринчи ҳолат: Қўқондаги вақтинча сақлаш изолятори Худоёрхон қурдирган отхонада жойлашган. Битта от сиғадиган жойда 10 тагача одам ётади;

иккинчи ҳолат: Зонада ҳожатхонага киргач, тозаланиб чиқиш имконсиз. Сув олиб кириш мутлақо тақиқланган. Баклашкада сув опкирсангиз, намоз ўқир экансан, деб хит қилади.

Хўш, бу ҳолатлар қийноқми – йўқми?


БМТнинг Қийноқларга қарши қўмитаси сўнгги бор 2013 йилнинг ноябрида Ўзбекистон ҳукуматини мамлакат қамоқхоналардаги “систематик қийноқлар”га чек қўйишга чақирди.

Йиллардан бери давом этаётган танқид

Ўзбекистон тергов ҳибсхоналари ва қамоқхоналарида маҳбусларнинг қийноқлар натижасида вафот этиш ҳоллари кўп учрайди. Қийноқ қурбонларининг аксарияти диний-сиёсий айбловлар билан маҳкум этилганлардир.

2013 йил, октябри охирларида Женевада бўлган муҳокамаларда Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари миллий маркази директори Акмал Саидов ўз мамлакатида қийноқлар систематик тус олгани ҳақидаги хабарларни рад этишга уринган ва халқаро ноҳукумат ташкилотларини Ўзбекистон борасида бир тарафлама, нохолис ахборот тарқатаётганликда айблаган эди.

Саидов БМТ қўмиталари томонидан берилган тавсиялар Ўзбекистон ҳукумати томонидан мунтазам амалга оширилаётгани ва бу борада қабул қилинган миллий дастур амалда ўз самарасини бераётганини айтган эди.