Петербургда ўзбек муҳожири қарияларни тунашда айбланмоқда

9 январдаги воқеа қариялар яшайдиган подъездда содир бўлган.

Петербургда маҳаллий миллатчилар ўзбекистонлик муҳожир йигитни икки қария аёлга ҳужум қилганликда айблашмоқда. Айни пайтда, Санкт-Петербургда январнинг иккинчи ярмида ўзбек муҳожирларига бир нечта ҳужум қилингани маълум.
Питерда қарияларга ҳужум қилаётган жиноятчилар қидирилмоқда

Петербургда кекса нафақахўрларга қатор ҳужумлар уюштириб, уларни талон- тарож қилган шахслар қидируви давом этмоқда.

Интернет тармоқларида тарқалган видеода акс этган қарияларга ҳужумлардан бирининг тасвири маҳаллий жамоатчилик, айниқса рус миллатчилари ва тақирбошлари эътиборини ўзига қаратди.

Воқеа жорий йилнинг 9 январида Санкт-Петербургнинг Купчино мавзесидаги Гражданская кўчаси, 120- уйда содир бўлган. Камерага олинган видеотасвирда подъездга кираётган иккита кекса аёл ортидан 8 ёшларда бўлган болакай келиб, кампирлар ичкарига киргач, эшикни қўли билан тутиб туради. Боланинг очиб турган эшигига иккита баққуват йигит кириб боради.

Подъезд ичкарисидаги иккинча камерада акс этган видеода кепка кийган барзанги йигит қария аёллар орқасидан келиб, мушт билан уларни уриб йиқитгани ва уларнинг сумкаларини олгани акс этган. Шунингдек, видеода барзанги йигит йиқилган аёллардан бирини яна бир бор тепиб, қочиб қолгани тасвирини кўриш мумкин. Кўринишидан осиёлик бўлган иккинчи жиноятчи йигит болакай билан бирга эшик олдида кутиб турган.

Журналистларга берган интервьюсида жабрланувчилардан бири Нина Васильева тиши сингани, боши ва белидан жароҳат олгани, ҳозиргача юра олмаётганини гапириб берди:

- Подъездга яқинлашиб келганимизда бир болача тиржайиб турган экан. Биз ичкарига кирдик. Зинапоядан чиқиб, орқага қарасам у ичкарига кирмасдан турибди. Бирдан қандайдир киши кириб келди ва мушт билан солиб қолди, қолгани эсимда йўқ. Хушимга келсам, Людмила ўликдек узала тушиб ерда ётибди. Қон оқиб кетди юзимдан. У сумкага чўзилдию, лифт овозини эшитиб қочиб қолди, дея эслайди жабрланувчи Нина Васильева.




Айбдор яна муҳожир...

Кампирларга ҳужум қилган жиноятчиларнинг ташқи кўриниши видеога тушиб қолган бўлсада, тасвирдан уларнинг миллатини аниқлаш мушкул.

Айни пайтда “ВКонтакте” каби ижтимоий тармоқларда маҳаллий миллатчилар ўзларининг “тергов-суриштирув” ишларини бошлаб юборганини кўриш мумкин.

Шунингдек, “Комсомольская правда” газетасида “жиноят осиёликлар томонидан содир этилди” ҳукми чиқарилиши ортидан жиноятчини тасвирловчи “100 фоиз ишончли” маълумотлар ҳам тарқалди.

Интернет фойдаланувчилардан бири жиноятни содир этганлар орасида ўзбекистонлик мигрантни “таниб қолгани”ни билдириб, бу шахснинг фотоларини чоп этди.

Петербург ресторанларидан бирида ошпаз ва бармен бўлиб ишлаб келган Илҳом исмли йигитнинг ВКонтактедаги саҳифасида миллатчилар бу шахсга очиқчасига таҳдид қилишган.

Бу ўзини жиноятга мутлақо алоқаси йўқлигини айтиб, 25 декабрдан бери Ўзбекистонда эканини тасдиқловчи чипта нусхаси, декабрь охирларида Ўзбекистонда олинган янги паспортини асос сифатида келтиради.

Питерликлар ижтимоий тармоқлар орқали қидирув бошлаб юборди, шаҳарда жиноятчиларни овлаш учун махсус кўнгиллилар гуруҳлари тузилмоқда.

“БАРЧАГА! Ким бугун-эрта бўш? Шаҳар шимолида иш бор, нафақахўр кампирларга ҳужум қилаётганларни қўлга олиш!”, дейилади эълонлардан бирида.

Айни пайтда, Санкт-Петербург шаҳри ва Ленинград вилояти Ички ишлар бошқармаси ахборот бўлими бошлиғи Вячеслав Степченко Озодликка шаҳарнинг шимолида банкдан пенсия олиб қайтаётган қарияларга бу каби бир нечта ҳужум қилинганини тасдиқлади.

Гражданская кўчасидаги ҳужумдан бир кун олдин – 8 январь куни, Петербургнинг Будапештская кўчасида 40-45 ёшли номаълум кимса 81 ёшли қарияга ташланиб, 18 минг рубль пули ва паспортини ўғирлаб кетгани; 7 январь куни эса Осипенко кўчасидаги уйлардан бирида лифтдан чиқаётган кекса аёлни бир эркак ва ёш бола калтаклаб, пули ва мобил телефонини олиб кетгани айтилди.

“Лекин бу жиноятларни бир гуруҳ қилаётгани, уларнинг қайси миллатига мансублиги тўғрисида гапиришнинг ўзи эрта”, дейди терговчи.

- Келиб тушган ариза юзасидан “талон-тарож” моддаси асосида жиноий иш қўзғатилди, Калинин туман полицияси мазкур жиноятни фош этишга қаратилган барча зарурий тергов-суриштирув ишларини бошлаб юборди, деди Вячеслав Степченко.

Полиция ва терговчиларнинг бу баёнотларига қарамасдан, ижтимоий тармоқларда жиноятчиларни қўлга олишда кўмаклашган ҳар қайси маълумот учун пул мукофоти тайинлангани маълум.

Ҳуқуқ ҳимоячилари миллатчиларнинг бу иддаолари ва баёнотлари шаҳарда меҳнат қилаётган бошқа мигрантларга миллатчи ёшлар ҳужумларини келтириб чиқариши мумкинлигидан огоҳлантирмоқда.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 16 январга ўтар кечаси Петербургнинг Москва проспектида чавақлаб кетилган ўзбек муҳожири мурдаси аниқланди; 21 январ куни кечки соат 10 ларда шаҳарнинг Фрунзе туманидаги Салова кўчасидан кўкрагидан милтиқ билан отиб кетилган 27 ёшли Ўзбекистон фуқароси Жанелидзе клиникасига олиб келинди.

Полицияда Озодликка мазкур ҳодисалар юзасидан Тергов қўмитаси тергов-суриштирув ишлари олиб борилаётгани, оғир аҳволда қолаётган ўзбек муҳожири ҳозирча кўрсатма бера олмаслигини маълум қилишди.