Намунавий уйлар ғишти лой билан териляпти

Ислом Каримов намунавий уйлар томлари черепицадан бўлиши керак деб айтганди, бироқ ҳозир бу уйлар томлари арзон тунукалар билан ёпилмоқда.

Самарқанд вилоятининг Қўшработ туманидаги Намунавий уйларни ташкилотлар ёллаган мардикорлар қуряпти. Озодлик манбаларига кўра, уйларнинг томига черепица ўрнига арзон тунукалар ёпилмоқда, уйларнинг ғишти эса лой билан терилаяпти.

Самарқанд вилоятининг Қўшработ туманида яшайдиган 36 ёшли тадбиркор Азимжон Озодликка йўллаган мактубида туманнинг Булоқбоши массивида қурилган намунавий уйлар ҳақида ёзади:

“Салом Озодлик радиоси. Жиззах вилоятидаги Намунавий уй-жойлар тўғрисидаги танқидий мақолани ўқидим. Гап шундаки, бизнинг Қўшработ туманимизда аҳвол бунданда оғир. Намунавий уйларга бориб, текшириб кўрсангиз ғиштлар лойда терилгани, уйнинг ичлари ҳам лойда сувалиб, устидан номига қум билан сувашгани маълум бўлади. Уйни қураётган усталарнинг егулиги уйни оладиган одамнинг бўйнида, уста хақи, ички жиҳозлар қандил, кабель, включатель, розетка, эшикка замок, буларнинг ҳаммаси уй эгасининг бўйнида. Ушбу мактубни бир холис гувоҳ сифатида ёзаяпман”, дейилади тадбиркор мактубида.

Озодлик боғланган яна бир қўшработлик ўқитувчи ҳам тадбиркорнинг мактубида келтирилган далилларни тасдиқлади.

Исми сир қолиш шарти билан Озодликка гапирган ўқитувчига кўра, намунавий уйларни асосан ташкилотлар ёллаган мардикорлар қурмоқда:

- Ҳозир ҳоким алмашган. Олдинги ҳоким пайтида ташкилотлар борку, масалан больница, маданият бўлими, коллежлар ва бошқа ташкилотларга “мана бу уйни сен ремонт қилиб берасан” деб бўйнига қўйган. Кейин улар ишчилари ойлигидан ушлаб қолиб, бу пулга мардикор ёллаган. Қурувчилар эмас оддий мардикорлар қурган уй сифати ҳақида қандай гап бўлиши мумкин?, дейди суҳбатдош.

Ўқитувчи ўзи қўйган саволга жавоб берар экан, мардикорлар уларга берилган “масаллиққа яраша ош пиширганини” таъкидлайди:

- Мен Намунавий уйларда ишлаган мардикорлар билан кўп ҳамсуҳбат бўлганман. Уйнинг деворлари кўтарилганидан сўнг бетон плита билан ёпилиши керак, лекин улар терак билан ёпган. Цемент йўқлигидан ғиштни лой билан теришган, шу ҳам намунавий уй бўлибдими, дейди ўқитувчи.

Суҳбатдошнинг айтишича, намунавий уйларнинг 2013 йилдаги нархи 140 миллион сўм бўлган. Жорий йилда қурилаётган уйлар эса 160 миллион сўмга баҳоланмоқда:

- Бу уйларни оддий одамлар сотиб ололмайди, албатта. Бу пулга бундан ҳам зўр қилиб иккита уй қурса бўлади. Балога қолган пулдор одамлар бўляпти. Қўшработда запчастлар, хўжалик моллари билан савдо қиладиган дўконларнинг иккита катта хўжайини бор. Ҳоким уларни чақириб ана шу уйлардан биттадан икковинг оласан деб мажбурлабди, деди қўшработлик ўқитувчи.

Қўшработ туман ҳокимининг капитал қурилиш, коммуникациялар, коммунал хўжалиги ва ободонлаштириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари Сапарали Азимов Озодлик билан суҳбатда уйларнинг сифатсиз қурилаётгани ҳақидаги иддаоларни рад этди:

- Мен ўзим яқинда ишга келганман. Лекин ҳали шу пайтгача уй эгалари томонидан бизга шикоят бўлгани йўқ. Намунавий уйлар ўз вақтида қурилиб эгаларига топширилган, деди Сапарали Азимов.

Ҳоким ўринбосари Намунавий уй сотиб олишда тадбиркорларнинг мажбурланаётгани ҳақидаги иддаоларни ҳам рад этди.

Озодликка мурожаат қилган кўплаб ўзбекистонликлар сўнгги йилларда президент топшириғи билан қурилаётган намунавий уйларнинг аксарияти сифатсиз эканлиги ва бу уйлар қурилиши учун асли касби қурувчи бўлмаган шахслар жалб қилинаётганидан шикоят қиладилар.

Қашқадарё вилояти Деҳқонобод туманида ўтган йили қурилган намунавий уй эгаларига кўра¸ уй деворлари айни кунларда ëрилиб¸ сувоқлар уқаланиб тушган, иссиқлик батареяларидан сув оқиб, пол тахталари қайишиб кетган.

Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов Вазирлар Маҳкамасида 17 январь куни қилган чиқишида 2013 йилда қишлоқ жойлардаги 353 та массивда умумий майдони 1 миллион 500 минг квадрат метр бўлган 10 мингта шинам уй-жой барпо этилгани ва бу мақсадлар учун 650 миллион доллар миқдоридаги маблағ йўналтирилгани ҳақида мақтанди.

Озодлик ўрганган маълумотларга кўра, намунавий уйлар қурилиши учун ўқитувчи ва шифокорлар ойликларидан ушлаб қолинаяпти.

Хусусан¸ 22 январь куни Озодликка гапирган жиззахлик ўқитувчиларга кўра, маҳаллий ҳокимлик ўзлари ва ҳатто ўқувчиларга намунавий уйлар қурилиши учун ўлпон солмоқда.