Сочида ўзбекистонлик спортчилар тожикистонликлар билан адаштирилди

Ўзбекистон терма жамоаси "Фишт" стадионига чиққан пайтда Россия телеканали шарҳловчилари уларни Тожикистон вакиллари ўлароқ тақдим этдилар.

Сочидаги “Фишт” стадионида кеча оқшом XXII қишки Олимпия ўйинларининг расмий очилиш маросими бўлиб ўтди.


Унда Россия тарихининг мажусийлар даври, илк насронийлик, Петр I даври, Лев Толстойнинг “Уруш ва тинчлик” асари ҳамда ХХ аср 20- ва 50-йилларидан олинган эпизодлар акс этмиш 18 қисмли шоу намойиш этилди. Шоуда ХХ асрда СССР ва Россияда бўлиб ўтган урушлар, инқилоблар ва бошқа бурилиш даврларига бағишланган эпизодлар кўрсатилмади.

Сочи Олимпиадаси оловини 3 карра олимпиа чемпиони Ирина Роднина ва Владислав Третьяк ёқди, Россия президенти Владимир Путин эса ўйинларни очиқ, деб эълон қилди.

Олимпиаданинг очилиш маросимида Ўзбекистон байроғини тоғ чанғичиси Ксения Григорьева кўтариб чиқди. Бироқ Ўзбекистон терма жамоаси чиққан пайтда Россия телеканали шарҳловчилари нима учундир уларни Тожикистон вакиллари ўлароқ таништирди.

Бу эса маросимни томоша қилаётган айрим ўзбекистонликларнинг, хусусан, Твиттер микроблоги фойдаланувчиларининг эътирозига сабаб бўлди. Жумладан, ‏@Tashkentlar аккаунти эгаси бўлган фойдаланувчи ўз саҳифасида “@gubernievd (“Россия-2” телеканали спорт шарҳловчиси Дмитрий Губерниев назарда тутилмоқда – таҳр.) бизнинг мамлакатимизни Тожикистон деб атаган ноқулай вазият” дея шарҳ қолдирди ва Ўзбекистон делегацияси чиққан пайтдаги расмни ҳавола қилди. Бунга жавобан @SaidazamHS аккаунти эгаси бўлган фойдаланувчи: “Шунга ҳам хафа бўлиб ўтиришибди! Балабол (кўп валдирайдиган одам – таҳр.) тундрада ҳам ... Умуман олганда, томоша қилиш мароқли бўлди! Чиройли МУНОСИБ” дея шарҳ қолдирди.

Олимпия шаҳарчасида Ўзбекистон Республикаси давлат байроғининг тантанали кўтарилиш маросими 5 февраль куни бўлиб ўтган.

Сочи Олимпиадасида Ўзбекистондан уч нафар спортчи иштирок этади. Улар фигурали учиш бўйича жаҳон миқёсида анча танилиб қолган Михаил Ге ҳамда чанғичилар Ксения Григорьева ва Артём Вороновлардир.

Ўзбекистонлик спортчиларнинг чиқишлари 13 -14 февраль кунлари бошланади. 13 февраль куни Артём Воронов ва Михаил Ге, 14 февралда Ксения Григорьева беллашувни бошлайди.

Олимпиаданинг кечаги очилиш маросимида Ўзбекистон президенти Ислом Каримов ҳам қатнашди.

Сочи Олимпиадаси 7 февралдан 23 февралгача бўлиб ўтади. Унда 16 та қишки спорт турлари бўйича беллашувлар ўтказилиб, жами 98 та комплект медаллар ўйналади.