Совуқ одамларни вагонлардан кўмир ўғирлашга мажбурлади

Доимо бўлиб келган ўғирлик совуқ кучайиб электр ва газ таъминоти камайган сари янада авжига минмоқда, дейди маҳаллийлар.

Сирдарё вилоятидаги Ховос темир йўл бекатига яқин жойда вагонлардан кўмир ўғирлаш кўпайгани айтилимоқда. Доимо бўлиб келган ўғирлик Озодлик манбаларининг айтишича, совуқ кучайиб электр ва газ таъминоти камайган сари янада авжига минмоқда.



"Ўзбекистон темир йўллари" ширкатида машинист бўлиб ишлайдиган 50 яшар Маримбой Ражабовнинг Озодликка айтишича, вагонлардан кўмир ўмариш каби ҳолатнинг олдини олиш учун транспорт милицияси тадбирлар бошлаган¸ бироқ маҳаллий аҳолининг кўмир ўғирлаши тўхтагани йўқ.

Суҳбатдошга кўра¸ қоровуллик хизмати ва милиция ходимлари кўмир ўғриларига кўз юмиб келишади.

Озодлик билан суҳбатда Маримбой Ражабов вагонлардан кўмир ўғирлаш манзарасини тасвирлаб берди.

Суҳбатдошнинг айтишича¸ поезд тўхтаган жойдаги аҳоли мансуби бўлган эркаклар вагонларга ëприлиб чиқиб, кўмирни темир йўл ташқарисига отишади.

Ташқаридаги хотин-ҳалаж эса ерга тушган кўмирни 30-40 килолик пластик қопларга жойлашади.

Кўпни кўрган машинистнинг айтишича, “кўмир ўғирлаш” амалиëти кундуз куни ҳам рўй беради.

Станция бўйлаб ҳаракатланаётган вагонларга бу ишнинг ҳадисини олган эпчил болалар ирғиб чиқиб олишади, улар юриб кетаётган жойида энг йирик кўмр бўлакларини пастга отишади.

- Темир йўл бўйлаб сочилган кўмир парчаларини аëллар ëки кексароқ эркаклар қопларга солиб йиғиб олишади¸- дейди Маримбой.

Ховос бекати яқинида яшовчи ва ўз исми эфирда айтилишини истамаган яна бир суҳбатдошимизнинг таъкидлашича¸ вагонлардан ўғирланган кўмирнинг бир қисми уйларни иситишга сарфланса, бир қисми сотилади:

- Тошкент вилоятидаги деярли барча кабоб, новвойхона ва чойхоналар асосан ўғирлик кўмир ҳисобига ишлайди. Оддий аҳоли ҳам ўғирланган кўмирни ҳарид қилишни афзал билишади. Чунки бу йирик ва сифатли кўмир бўлади¸- дейди ховослик суҳбатдош.

Суҳбатдошга кўра, темир йўл бўйида истиқомат қиладиган аҳолининг кўпи вагонлардан кўмир ўғирлашга “ихтисослашган”.

- Махсус замбилғалтак¸ “Урал” мотоцикли ва эски “Москвич”ларни кўмир ташишга мослаб олишган. Темир йўл бўйидаги уйларнинг ҳаммасида кўмир омборлари бор. Бу омборлардан сутканинг истаган пайтида кўмир ҳарид қилиш мумкин¸- дейди ховослик суҳбатдош.

Доимо бўлиб келган ўғирлик Озодлик манбаларининг айтишича¸ совуқ кучайиб, электр ва газ таъминоти камайган сари янада авжига минмоқда.

Тошкентдаги кабобхоналардан бирида ишловчи, ўзини Фазлиддин деб таништирган ошпазнинг Озодликка айтишича, шаҳарга Ангрендан келадиган ўғирлик кўмир карвони ҳам мавжуд.

Суҳбатдошнинг иддаосига кўра, Тошкент-Қўқон автойўли орқали Ангрен конларидан ўғирланган кўмир шаҳар четидаги омборга йиғилади.

Фазлиддиннинг айтишича¸ Ангрендан келтириладиган ўғирлик кўмир эшакларга ортилиб, бу омборга келтирилади.

Фазлиддиннинг айтишича¸ аҳоли бундай омборлардан кўмирнинг сифати яхши бўлгани учун сотиб олмоқда.

“Ўзбеккўмир” очиқ ҳиссадорлик жамияти сотаëтган кўмирнинг сифати аҳоли талабига жавоб бермаëтгани айтилади.

Расмий маълумотларга кўра, Ўзбекистонда газ ишлаб чиқариш камайгани сабабли ички бозорда кўмирга талаб ошиб бормоқда.

Ўзбекистондаги кўмирнинг тахмин қилинаётган заҳираси 4 миллиард 838,6 миллион тоннани, тасдиқланган заҳираси эса 1 миллиард 897 миллион тоннани ташкил қилади.