Полиция Россияга кираётган муҳожирлардан тиббий суғурта полисини сўрамоқда

Uzbek migrants detained in St. Petersburg

Петербургнинг Московский вокзалида ушланган Ўзбекистоннинг 10 фуқароси 7 минг рублгача жаримага тортилди ва Россиядан ташқарига чиқариб юборилди. Полициядагилар “Тошкент-Санкт-Петербург” поездидан тушган ўзбекистонликлар тиббий суғуртаси йўқлиги туфайли маъмурий жавобгарликка тортилганини айтди. Ҳуқуқшунослар эса виза талаб қилинмайдиган мамлакатлардан келган фуқаролардан суғурта талаб қилиш қонунга зидлигини айтмоқда.


16 февраль куни Петербургнинг Московский вокзалига келган “Тошкент-Санкт-Петербург” поездидан тушган 200 нафар шахс полиция томонидан ҳужжат текширувидан ўтказилди.

Бу ҳақда хабар берган Россия ИИВнинг Санкт-Петербург бўйича транспортдаги бошқармасига кўра, текширилганлардан 10 нафари “тиббий суғурта полисига эга бўлмагани" важи билан ушлаб қолинган ва маъмурий жавобгарликка тортилган.

Муҳожирлардан сўралаётган тиббий суғурта юзасидан Озодлик сўровига қўшимча тушунтириш берган Санкт-Петербург бўйича Транспорт Бошқармаси расмий вакили Ольга Суворова, полиция ҳақиқатан Россияда мамлакатга кириб келаётган шахслардан бу ҳужжатни талаб қилиш ҳуқуқига эга эканини таъкидлади.

- Ҳа, Россия чегарасидан ичкарига кираётган ҳар бир фуқаро 1996 йилнинг 15 августида қабул қилинган 114-сонли Федерал Қонунга мувофиқ тиббий суғурта полисига эга бўлиши керак. У страховкани ўз юртида сотиб олиши керак. Бундай талаб бор экан, демак шу шундай тартиб ҳам мавжуд. Ўтган куни ушланган 10 ўзбекистонликдан 5 тасига нисбатан жаримага тортиш ва маъмурий бадарға қилиш чораси қўлланди, - деди нима сабабдан қолган 5 киши жаримага тортилмагани ва депортация қилинмагани сабабини билмаслигини гапирган Ольга Суворова.

Петербург Транспорт полицияси бошқармаси вакили Тошкент поездидан тушганида ушланган фуқаролар “Россия Федерациясида бўлиш (яшаш) режимини бузган хориж фуқароси ёки фуқаролиги йўқ шахс” қоидасига биноан 5 мингдан 7 минг рублгача жаримага тортилганини ҳам илова қилди.

Полиция бошқармаси расмийси Ольга Суворова: “Нима сабабдан бу шахслар Россия миграция қонунчилигини бузгани учун чегарада тўхтатилмаяпти?” деган саволимизга жавобан Чегара хизматига мурожаат қилишимизни сўради.

Озодликнинг “Нима сабабдан 114-Федерал Қонун фақат айрим муҳожирларга қўлланилиб, Россияга кириб келаётган барча шахсларга тааллуқли эмас?” деган саволи ҳам жавобсиз қолди.

- Биласизми, одамлар оқими келади ва биз уларнинг айримларини текширамиз. Бу бизда биринчи маротаба қўлланилаётгани йўқ. Расмий маълумотимизга кўра, ўтган йили 200 киши тиббий суғурта полисига эга бўлмагани учун мамлакатдан чиқариб юборилган, - деди статистик маъмулотларни келтирган Ольга Суворова.

Айни пайтда, ҳуқуқ мутахассислари 1996 йилда қабул қилинган қонунда бундай талаб ҳақиқатан мавжуд эканини инкор этмасада, уни яқин вақтгача меҳнат муҳожирларига нисбатан деярли қўлланилмаганини таъкидламоқда.

Москвадаги миграция масалалари билан шуғулланувчи “Ягона Миграция Хизмати” юристи Баҳром Исмоилов тиббий суғурта олиш тартиби одатда Россиянинг виза ўрнатилган мамлакатлардан кириб келувчи муҳожирларга нисбатан қўлланилишини айтади.

- Бундай қонун ҳақиқатан бор. Гап шундаки, Давлат Думасида мажбурий тиббий суғурта тўғрисида янги такомиллаштирилган қонун ишлаб чиқилмоқда. Лекин бу қонунда ҳам мажбурий тиббий суғурта тартиби ВИЗАСИЗ МАМЛАКАТЛАРГА ЖОРИЙ ЭТИЛМАСЛИГИ белгиланган. Тўғриси, бу ҳақда бошқа бирор буйруқ, қарор ёки йўриқнома қабул қилинганини эшитмаганман, - деди Баҳром Исмоилов.

Ҳуқуқшунос бу мигрантларни камайтиришга қаратилган полициянинг навбатдаги рейдигина бўлиши мумкинлигини тахмин қилди.

17 февраль куни Россия Давлат Думаси биринчи ўқишда қабул қилинган қонун лойиҳасида хорижлик мигрантлар билан меҳнат шартномасини тузишда россиялик иш берувчилар муҳожирларга ихтиёрий тиббий суғуртани расмийлаштиришлари шарт қилиб белгиланди.

“Ҳукуматнинг Россияга кириб келаётган хорижлик фуқароларни тиббий суғурталаш тартибини жорий этиш ташаббуси федерал бюджетга жиддий даромад келтириши мумкин”, дейилади қонунга илова қилинган ҳужжатда.

Шунингдек, бепул шошилинч тиббий ёрдам олаётган меҳнат муҳожирларига давлат хазинасидан катта маблағ сарфланаётгани ҳам алоҳида урғуланган.

Бугунги кунга келиб энг тарқалган 3 ойлик тиббий суғурта полиси 700 рублдан 1500 рублгача, 1 йиллик полис эса 3 минг рублдан 5 минг рублгача туради.

Россия Федерал миграция хизмати расмий маълумотларига кўра, мамлакатда 11 миллиондан зиёд муҳожир доимий истиқомат қилиб келади. Улардан 10 фоизигина меҳнат шартномалари асосида ишлаши ва иш берувчи томонидан тиббий суғурта полиси билан таъминланиши маълум.