Террорчиликда гумонланган ўшлик имом ноиби айбловни рад этмоқда

Kyrgyzstan -- The deputy imam of Osh City among six people who are suspected for terrorism, Osh, 19Feb2014

Ўшда террорчи гуруҳга раҳбарлик қилганликда гумонланиб қўлга олинган Қорасув тумани Қизил меҳнат қишлоғи масжиди ноиби ўзига билдирилган айбловларни рад этди. У 14 февралда қирғиз ҳуқуқ-тартибот тузилмалари томонидан Сурияда ҳарбий тайёргарликдан ўтганликда гумонланиб қўлга олинган 6 кишига раҳбарлик қилганликда айбланмоқда.
Қорасув тумани Қизил меҳнат қишлоғи масжиди ноиби Баҳром Мамасодиқов 16 февраль куни қўлга олинди. Ўш шаҳар ички ишлар бошқармаси матбуот котиби Замир Сидиқовнинг айтишича, 14 февраль куни Сурияда тайёргарликдан ўтиб келганликда ва Қирғизистонда террорчилик ҳаракатлари содир этишга тайёргарлик кўрганликда айбланиб қамоққа олинган 6 киши айнан Баҳром Мамасодиқов уларга раҳбарлик қилгани ҳақида кўрсатма берган.

- Қўлга олинган 6 одам ва бошқа гувоҳларнинг кўрсатмаси асосида террорчи гуруҳнинг раҳбари қўлга олинди. У 1980 йилда туғилган, Қирғизистон Республикаси фуқароси. Бу шахс одамлар тўпланган жойларда, йиғинларда очиқдан-очиқ жиҳодга даъват қилган, қонунга ва Қуръон талабларига мос келмаган чақириқларни айтиб юрган. У Қирғизистон Конституциявий тузумини ағдаришга ҳаракат қилган деган айблов билан қўлга олинган,- деди Замир Сидиков.

Озодлик радиоси мухбирлари айни пайтда ҳибсда сақланаётган Баҳром Мамасодиқовдан интервью олишга муваффақ бўлди. Суҳбат давомида Баҳром Мамасодиқов ўзига билдирилган айбловларни тан олмаслигини айтди. Унга кўра, Сурияда юрган ҳамқишлоқларидан бири унга телефон қилиб моддий ёрдам сўраган,аммо моддий ёрдам кўрсатилмаган.

-Ўша бола 2013 йилнинг август ойларида қаёқдандур менинг телефон рақамимни топиб, Суриядан телефон қилиб, мендан ёрдам сўраган. “Биз қийналаябмиз, бутун мусулмонлар қийналаябди, совуқда қолдик, оч қолдик, шунинг учун пулдан ёрдам беринглар”, деган. Бироқ мен “бизни имкониятимиз йўқ, бироқ харакат қиламиз”, деганман. Кейин йигитларга “Сурияга биродарларимизга ёрдам берайлик”, деб маслаҳат қилганман. Аммо шу кунгача бир сўм ҳам ёрдам қилмаганмиз, - деди Баҳром Мамасодиқов.

У ўз сўзи давомида ҳеч қандай гуруҳга раҳбарлик қилмагани, одамларни Сурияга жиҳодга бориш учун даъват этмаганини айтиб ўтди. Бироқ Қорасув туман қозиси суйун ҳожи Қалиқов Бахром Мамасодиқовга радикал мазмундаги сўзлари учун бир неча марта огоҳлантириш берилганини, сўнгги чора сифатида у ўтган йил бошида имомлик вазифасидан озод қилинганини билдирган.

Айни пайтда Сурияда тайёргарликдан ўтган террорчилар гуруҳига мансубликда айбланиб қўлга олинган ўшлик Оллоберди исмли йигитнинг онаси ҳам ўз ўғлининг айбсиз эканини айтди. Озодлик мухбирига овозини ёзмаслик шарти билан маълумот берган Матлуба опанинг айтишича, ўғли Туркияда ишлаб келган, аммо Сурияда бўлмаган. Матлуба опа ўғлининг бегуноҳ эканига ишонишини, уни фақат Туркияда ишлаб келгани учунгина қамаб қўйишганини айтди.

Қирғизистон ҳуқуқ-тартибот тузилмалари эса гумонланувчиларнинг машинасидан ясама қурол, ўқ дори ва ниқоблар топилганини, тергов жараёнида уларнинг баъзилари Сурияда бўлаётган ҳарбий амалиётларда иштирок этгани тўғрисида кўрсатма берганини иддао қилаётир.

Шу билан бир қаторда, ўзбек миллатига мансуб одамларнинг террорчиликда айбланиб қўлга олинишини Қирғизстонда этник ўзбекларга босим кўрсатишнинг янги тўлқини бошлангани сифатида талқин қилувчилар ҳам йўқ эмас. Чунки сўнгги бир ой ичида Қирғизистон жанубидаги ўзбеклар зич яшайдиган шаҳар ва қишлоқларда ҳуқуқ-тартибот ходимлари томонидан ноқонуний ҳаракатлар қилинаётгани тўғрисида хабарлар пайдо бўлмоқда.

Бундай хабарни Озодликка етказганлардан бири Лайлак тумани Исфара шаҳрида яшовчи Давлат Тошевдир. Унинг айтишича, Исфара шаҳрида ички ишлар ходимлари ўзбекларни қўрқитиш йўли билан камида 20 минг доллардан пора талаб қилмоқда.

-Менга 20 минг доллар ақча берасан деяпти. Бунга ҳеч қандай асос ҳам йўқ. Бизни районимизда мелисалар 5-6 кишини шундай қилиб қўрқитиб,20 минг 30 минг долларга синдириб кетишди. Топиб олган гаплари шу: “Пул бермасанг сени қамаймиз”. –деган эди Давлат Тошев 15 февраль куни Озодлик радиосига берган суҳбатида.

Ўшлик Иззатулло Рахматуллаев эса 2010 йил воқеаларидан сўнг Қирғизистонда юритилган адолатсиз судлов сиёсати оқибатида мана шундай вазият юзага келгани ҳафида фикр билдирган эди.

-2010 йил қирғиндан кейин ўзбекларнинг дардини эшитадиган оллоҳдан бошқа ҳеч ким қолмади. Яқинларини йўқотганлар,уйлари куйиб, жабрланганлар таскин топиш учун исломий уюмларга кириб кетишмоқда. Бу ҳам фактлардан бири, -деган эди Иззатилло Раҳматуллаев Озодлик радиосининг OzodNazar эшиттиришига 17 феврал куни берган суҳбатида.