"Ўзбек машиналари импортини тўхтатиш Қозоғистоннинг ўз қарори"


Евросиё Иқтисодий комиссияси расмийлари Қозоғистоннинг Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаëтган Nexia ва Matiz автообиллари сотиб олишни тўхтатишига Божхона Иттифоқи қоидаларининг алоқаси йўқлигини айтишди. Қозоқ нашрлари бу тақиқнинг ўзбек машиналари техник даражаси Божхона Иттифоқи талабига мос келмаслиги боис жорий этилганини билдирган эди.

Евросиё Иқтисодий Комиссияси матбуот вакили Сергей Цыпленков Озодлик мухбири билан суҳбатда Қозоғистон шу йил 1 январдан мамлакатга олиб кирилаётган енгил автомобилларга техник параметрлар бўйича киритган чекловларга Божхона Иттифоқининг алоқаси йўқлигини билдирди:

- Автомобиллар импортини тақиқаш бу Қозоғистонни ички иши ва бунга Божхона Иттифоқининг алоқаси йўқ, деди Цыпленков.

Аввалроқ, Kazakhstan Today ахборот агентлиги Божхона Иттифоқи жорий этган техник регламентга киритилган ўзгаришлар асосида Ўзбекистондан Қозоғистонга олиб кирилаётган автомобиллар импортига тақиқ жорий этилгани ҳақида хабар қилган эди.

“Божхона Иттфоқининг “Автотранспорт воситаларига хавфсизлик талаблари”га мувофиқ, ҳеч бўлмаганда битта олд хавфсизлик ёстиқчаси, антиблок тормоз тизими(ABS), ISOFIX ёш болалар ўриндиқлари учун маҳкамлагичлар, кундузги ёритгичлар ва иммобилайзерлар билан жиҳозланган бўлишлари лозим. Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган Daewoo Nexia ва Matiz машиналарда эса бу нарсалар йўқ”, дея хабар берган эди Kazakhstan Today.

Бундай изоҳни рад қилган Евросиё Иқтисодий Комиссияси матбуот вакили Сергей Цыпленков:

- Божхона Иттифоқида “Автотранспорт воситаларига хавфсизлик талаблари” деган регламент йўқ. Ахборот воситалари бу ерда Қозоғистоннинг миллий регламенти талаблари ҳақида гапираётган бўлсалар керак. Бизда бунақа талаблар йўқ, деб жавоб берди.

Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган Daewoo Nexia ва Matiz автомобилларини Қозоғистонга 2014 йил 5 январидан бошлаб тўхтатилди.

Олмаота шаҳридаги UzDaewoo автосалони ходими Қайрат Юнусов Озодлик билан суҳбатда буни таcдиқлади:

- Ҳозир салонда қолган машиналар сотилaяпти. Ўзбекистондан Nexia ,Мatiz келиши тўхтаб қолган, деди қозоғистонлик автомобил сотувчиси.

Божхона Иттифоқи Беларус, Қозоғистон ва Россия давлатлари ўртасида тузилган.

Айни пайтда Божхона Иттифоқининг аъзолари бўлган Россия ва Беларус ўзбек автомобилларига ҳозирча ҳеч қандай чеклов киритмаган.

Подробно.Uz нашрига кўра, 2013 йилда Россия ҳудудида Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган 23 минг 490 та Матиз ва 28 инг 898 та Нексия машинаси сотилган.

Айни даврда Ўзбекистон Қозоғистонга 10 мингдан зиёд Нексия ва 13 мингдан зиёд Матиз русумли астомашина экспорт қилган.