Тошкент Украина ҳудудий яxлитлиги шубҳа остига олинганидан хавотир билдирди

Ўзбекистон позицияси Украина ҳудудий яҳлитлиги борасида хавотирлар кучайган пайтга тўғри келмоқда.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Украинада уч ойдан бери давом этаётган воқеаларга илк бор ўз муносабатини билдирди. Расмий баëнот Россия ҳарбийлари Қрим минтақасини ўз назоратига олиши ортидан Украина ҳудудий яxлитлиги борасида хавотирлар кучайган пайтда эълон қилинди.



“Украинада рўй бераётган воқеалар вазиятнинг жиддий мураккаблашувига ҳамда ўзаро қарама-қаршиликка олиб келгани баробарида улар тангликнинг янада кучайиши, олдиндан айтиш мушкул бўлган оқибатларини келтириб чиқариши, мамлакат суверенитети ва ҳудудий яхлитлигига жиддий хавф солиши эҳтимоли мавжудки, бундай ҳолат Ўзбекистонда чуқур хавотир ва ташвиш уйғотмаслиги мумкин эмас”, дейилади 4 март куни эълон қилинган баёнотда.

Бу Ўзбекистон ҳукумати Украинадаги вазиятга билдирган илк муносабат ва расмий Тошкент позицияси Россия ҳарбийлари Қрим минтақасини ўз назоратига олиши ортидан Украина ҳудуди яхлитлиги борасида хавотирлар кучайган пайтда эълон қилинди.

Айни пайтда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги баёнотида Россиянинг Украинага ҳарбий аралашувига муносабат билдирилмаган.

“Ўзбекистон Украинада юзага келган муаммо ечимини энг аввало, куч ишлатишлар қўлланилишидан воз кечилган ҳолда, вужудга келган муаммолар тинч йўл билан, сиёсий воситалар ва саъй-ҳаракатлардан фойдаланилган тарзда, халқаро ҳуқуқнинг асосий меъёрлари ҳамда БМТ Низомига асосланган ҳолда музокаралар йўли билан ҳал этилишида кўради”, дейилади яна Тошкент баёнотида.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги баёноти сўнггида Украинада низолашаётган кучлар ўзаро муроса қилишга чақирилган.