Россиянинг "СССРликларга" паспорт бериш қарорида "латта ҳиди" йўқми?

Россия ҳукуматининг чет давлатларда яшовчи рус тилида сўзлашувчи фуқароларнинг Россия фуқаролигини олишини соддалаштирувчи қонун лойиҳасини маъқуллагани тўғрисидаги хабар Россиянинг Украинадаги ҳаракатлари фонида баъзи шубҳаларни пайдо қилди.

Россия ҳукумати сайтида айтилишича, “Рус тилида сўзлашувчи, деб тан олинган чет давлатлар фуқароларига ва фуқаролиги йўқ шахсларга, ўзларининг мавжуд фуқаролигидан воз кечган тақдирда уларни Россия фуқаролигига қабул қилиш тартибини соддалаштириш” таклиф қилинмоқда.


Яъни, масалан, Ўзбекистон фуқароси Россия фуқаролигини олмоқчи бўлса, аввал Ўзбекистон фуқаролигидан чиқиши лозим.

Қонун лойиҳаси Россия Федерацияси Давлат Думаси раиси биринчи ўринбосари Александр Жуков айтаётган кўринишда қабул қилинса, Россия ҳукуматининг меҳнат муҳожирларига нисбатан сиёсати бир йилга етмаган муддатда радикал тарзда ўзгараётгани ифодаси бўлади: ўтган йилнинг ёзидан бошлаб Россия ҳукумати аксилмигрант сиёсатини юритиб келди.

Тўғри, на Россия ҳукумати сайтида эълон қилинган хабарда, на Давлат Думаси раиси биринчи ўринбосари Александр Жуковнинг айтганларида “меҳнат муҳожирлари” ибораси ишлатилган.

Лекин, бас, Россия фуқаролигини “аждодлари Совет Иттифоқи ҳудудида яшаган, рус тилида сўзлашувчи барчага” бермоқчи эканлар, бу имкониятдан, биринчи навбатда Россияда легал-нолегал яшаб юрган меҳнат муҳожирлари, шу жумладан ўзбекистонликлар фойдаланиб қолишга ҳаракат қиладики, шу жойдан “латта ҳиди” анқий бошлагандай туюлади: Россия бу амали билан Қримдаги бўҳронга ўхшаш бўҳронлар учун асос солмаяптими?

Россия 2008 йил августида Грузиянинг Жанубий Осетиясига “ўз фуқароларини ҳимоя қилиш” учун бостириб кирган ва бу босқин арафасида осетияликларнинг деярли барчаси Россия фуқаролигига қабул қилинган эди.

Қрим бўҳрони бошланиши билан Россия яна шу йўлдан кетди: украиналикларга рус паспортини бера бошлади.

2 абзац юқорида қўйилган савол шу воқеалардан келиб чиқди.
Лекин, бир гуруҳ ўзбекларнинг Россиядаги “Ватандош” жамияти раҳбари Усмонали Баратов Озодлик саволларига жавоб берар экан, Россия ҳукумати таклиф қилаётган қарорни нафақат тўғри қарор, деб баҳолади, балки рус тилидан имтиҳонни ҳам бекор қилиш керак, деган фикрни билдирди.

Суҳбатни тингланг.