Марказий банк нақд пул тақчиллигини инкор қилди; ойлик ва пенсиялар кечикиши кўпаймоқда

Марказий банк ойлик ва пенсиялар кечикиши учун пулни чўнтакда сақлаëтган савдогар ва тадбиркорларни айбламоқда.


Ўзбекистонда нақд пул етишмаслиги боис пенсия ва давлат ташкилотлари ходимларига маош бериш камида 10 кунга кечикмоқда. Марказий Банк расмийси буни савдо ва маиший хизмат кўрсатиш ташкилотларининг тижорат банкларига ўз вақтида нақд пул топширмаётгани билан изоҳлади.

Марказий банк
: Ўзбекистонда нақд пул тақчиллиги йўқ!

Марказий банкнинг ўз исми айтилишини истамаган расмийсига кўра, Ўзбекистонда нақд пул тақчиллиги мавжуд эмас.

“Ўзбекистонда товар ва пул мутаносиблиги сақланмоқда ва ишлаб чиқарилган маҳсулотга ҳамда кўрсатилган хизматларга мутаносиб равишда пул муомалага чиқарилмоқда”, деб билдирди Марказий банк расмийси.

Банк расмийси мамлакатдаги нақд пул айланмаси миқдори махфий маълумот ҳисобланишини айтиб, бу рақамни очиқ айтишдан бош тортди.

Бюджетчилар: Маош ва пенсияларнинг нақд қисми вақтида берилмаëтир!

Ўзбекистонда сўнгги ойларда маош, пенсия ва стипендиялар ўз вақтида бериламаётгани тўғрисида Озодликка мунтазам шикоят келмоқда.

Тошкентлик пенсионер Фарида опа бир неча ойдан бери пенсия пули 10-14 кун кеч берилаётганини айтди.

- Бизга 18-числода пенсия берилиши белгилаб қўйилган. Энг вақтли олганимиз 25-бўлади. Бўлмаса, 26, 27, 28-куни берилади. Ҳатто 30 гача ўтиб кетган пайти бўлди. 10-12 кун ўтиб кетаяпти, дейди тошкентлик пенсионер Фарида опа.

Суҳбатдошга кўра, нафақат пенсиялар¸ балки бюджет ташкилоти ходимларига ҳам маошлар вақтида берилмаяпти.

- Томожняда, налоговийда ишлайдиганларга ҳам кечиктириб беришади ойликни. Ўз оиламда бўлаётган нарсани айтаяпман, дейди тошкентлик пенсионер опа.

Пенсия ва маошлар ўз вақтида берилмаётганини республиканинг деярли ҳамма вилоятларида кузатиш мумкин.

Олий ўқув юртида ишловчи Бобур домла Сирдарё вилоятида маошларнинг вақтида тўланмаслиги кўп йиллардан бери ҳал этилмай келаётган муаммолардан бири эканини таъкидлади.

Бобур домла 8-март - Халқаро хотин қизлар байрами арафасида ҳам ўқитувчиларга маошлар яна вақтида тўланмаганидан нолиди:

- Сирдарёда ҳам нақд пул йўқ. Маош ҳар ойнинг 5-числосида берилиши керак. Лекин камида 15 кунга кечикади. Бази ҳолатлар бўладики, ойликлар бир ойга кечикади. Байрам арафасида турибмиз, аёлларимизни табриклайлик десак, пластик карточкага ҳам пул тушгани йўқ. Байрам арафасида ҳамма уйига қуруқ кетаяпти, дейди сирдарёлик ўқитувчи.

Марказий банк: Ойлик ва пенсиялар кечикишига тадбиркор айбдор!

Озодликка келаëтган шикоятларга муносабат билдирган Ўзбекистон Республикаси Марказий банки расмийси микрофонсиз суҳбатда давлат идораларига маошлар бериладиган кунлар аниқ белгилаб қўйилгани¸ лекин савдо ташкилотларининг тижорат банкларига нақд пулни вақтида топшираëтгани маошлар кечикишига сабаб бўлишини билдирди.

Банк расмийсига кўра, пенсия ва маошлар вақтида берилишини таъминлаш учун Марказий банк барча вилоятларга чора кўришни тавсия қилган:

- Вилоятларда ҳокимликлар даражасида халққа мурожаат қилинглар, деб тавсия бердик. Мисол учун¸ савдо ташкилоти ёки пуллик хизмат кўрсатадиган бирорта ташкилот харидорларга чек бермайди. Харидорлар ҳам чек беришни талаб қилмайди. Банкка нақд пул тушмаса, банк қаердан беради пулни, деди Марказий банк расмийси.

Тадбиркор нақд пулни банкка топширишдан манфаатдор эмас!

Ўзбекистонда нақд пул билан ишловчи соҳа вакиллари¸ асосан¸ савдогарлардир. Марказий банк расмийсининг нақд сўм тақчиллиги учун масъулиятни савдогар-тадбиркорлар зиммасига юклаганига муносабат билдирган қаршилик савдогар Баҳодир¸ тадбиркорларнинг ҳар ой ўз қўлига кирадиган нақд пулнинг 100 фоизини банкларга топширишдан манфаатдор эмаслигини айтиб¸ икки сабабни тилга олади.

Суҳбатдош келтирган биринчи сабаб¸ банклардан топширилган нақд пулни тадбиркор ва савдогар учун лозим пайтда нақд пул кўринишида олиш имкониятининг мавжуд эмаслигидир.

Иккинчи сабаб эса¸ савдогар таъкидича¸ банкларга топширилаётган нақд пул миқдори кўпайган сайин, ҳокимият тизимларининг тадбиркорга қўйиладиган банкларга нақд пул топшириш режасини кўпайиб боришидир.

Унга кўра¸ тадбиркорлар банкларга нақд пул топшириш ва пластик карточкалар билан ишлашдан манфаатдор бўлмас экан¸ бу муаммо ечимсиз қолаверади.