Фарғона вилояти Бувайда тумани Бештерак қишлоғида яшовчи биринчи гуруҳ ногирони 43 яшар Бўстонбой Орзиевнинг Озодлик орқали чиқишидан сўнг туман ҳокимлиги унинг кўчасига асфальт ётқизишга ваъда берди. Ҳокимлик мутасаддилари уч йилдан буён Орзиевнинг асфальт борасидаги мурожаатларини беъэтибор қолдириб келаётган эди.
"Ҳокимликдан миннатдорман!"
10 март куни Озодлик орқали бувайдалик ногирон Бўстонбой Орзиевнинг у яшайдиган кўчани асфальт қилишга ҳокимлик кўмак кўрсатмаётгани ҳақидаги чиқишидан сўнг Бувайда туман ҳокими унинг уйига ташриф буюрди.
Бу ҳақда Озодликка гапирган Бўстонбойга кўра, ҳоким у яшайдиган кўчанинг 200 метр жойини асфальт қилиб беришга ваъда берган.
Қуйида 10 март куни Озодлик сайтида эълон қилинган мақола билан танишишингиз мумкин:
Ҳарбийда умуртқасидан айрилган Бўстонбой
Бештерак қишлоқ фуқаролар йиғини Ўртақишлоқ маҳалласида яшовчи Бўстонбой Орзиев 1990 йилнинг 29 октябрь куни ҳарбий хизматда бўлган отишма пайти яраланган.
- Бештерак фуқаролар йиғинининг Ўрта қишлоқ маҳалласидаги 26-мактабнинг ëнидаги кўча. Маҳаллада 3-4та хўжалик йиғилишиб, ўша бурчаккача 100 метрини қилиб олдик. Энди 200 метрга куч етмаяпти. Бундан у ëғини кўтара олмаганимиз учун сизларга мурожаат қилаëтувдик, дейди Орзиев.
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди
Бувайдалик ногирон Бўстон Орзиев
Уч йилдан буён кутилаётган бир машина асфальт
Йиллар давомида тўшакка михланиб қолган Бўстонбой шу кўчани асфальт қилдириш муаммоси ортидан “курашчи”га айланди.
- Район (Бувайда туман ҳокимлиги-таҳр.)га ариза берганман. “Асфальт қилиб беринглар”, деб. 2-3 йил бўлиб қолди унга ҳам... Қиш кунида аравада юргани ҳам, машинада юргани ҳам йўлимиз чатоқлиги учун асфальт қилиб беришини сўровдим. Олдин ҳам ариза берган эдим. Инобатга олингани йўқ эди. Ўтган йил ариза берган эдим асфалт қилиб беринглар деб. Кўчамизга кириб чиқишга жиндай лой ҳалақит қилаяпти. Аравада юрганда лой бўлиб қолаяпти, у ер бу ерлари. Ҳокимлик индашгани йўқ. Хабар ҳам йўқ, бошқа ҳам йўқ. Ҳокимлар олдин келиб хабарлашиб турарди. Ҳозир ҳеч ким хабар ҳам олгани йўқ.”, дея нолиди Орзиев.
Бўстонбойнинг ҳисоб-китобича, 200 метр жойни асфальт қилиш учун тахминан бир машина асфальт кетади.
- Бир машина асфальт бўлса эпласак бўлади. 2 йил олдин қилганимизда 1 миллион сўмга олинди. Ҳозир билмайман нархи қанча. Тайëр асфальт бўладида у. Бир машина асфальт бўлса, маҳалла-кўй билан тошларини тўктириб, бу ëғини қилиб олардик. Асфальтга ëрдам берса бўлди, дейди Бўстонбой Орзиев.
Бўстонбой 1 миллион сўмлик 1 машина асфальт олиш умидида Бештерак қишлоқ фуқаролар йиғинига қилган мурожаати ҳам бесамар бўлганини айтади.
Бўстонбой Орзиев билан суҳбатни тўлиқ равишда қуйида тинглашингиз мумкин:
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди
Бўстонбой Орзиев билан суҳбат
Озодлик Бештерак қишлоқ фуқаролар йиғини ва Бувайда туман ҳокимлигидан Бўстонбой Орзиев арзи бўйича бирор маълумот олиш имконига эга бўлмади.