Дума фуқаролик олишни енгиллаштирувчи қонун муҳокамасини кечиктирди

Москвада рус миллатчилари ўтказган норозилик акциясидан кейин Давлат Думаси Россия фуқаролигини олишни осонлаштирувчи қонун лойиҳаси муҳокамасини кейинга қолдирди. Россия фуқаролигига айнан марказий осиёликларни қабул қилишга қарши миллатчилар норозилик чиқишлари Россиянинг бошқа минтақаларида ҳам ўтказилди. “Руслар” ҳаракати фуқаролик осонлаштирилган тартибда фақат украиналикларга берилиши кераклигини гапирмоқда.

21 март куни Москванинг Манежная ва Қизил майдонлари, Давлат Думаси биноси ёнида “Русские” миллатчилар иттифоқи аъзолари Марказий Осиё ва Кавказорти мигрантларига Россия Федерацияси фуқаролигини осонлаштирган тартибда берувчи қонунга ўзгартиш киритишга қарши 20 яқин пикетни уюштирди.

"Руслар фуқаролик тарқатилишига қарши!" акциясида иштирок этган ва ҳайрихоҳ бўлган 100дан ортиқ россиялик орасида футбол фанатлари ҳам кўринди.

“Русские” Бирлашмаси лидери Дмитрий Дёмушкин миллатчилар айнан меҳнат муҳожирларига чекловларсиз фуқаролик беришга қарши эканини билдирди.

- Биз юртимизни Марказий осиё аҳолиси томонидан эгалланиб олинаётганига бефарқ бўлмаган барча сиёсий кучларни бу курашга жалб қиламиз. Биз буни Россия ва русларга қарши жиноят сифатида баҳолаймиз, деди миллатчилар етакчиси.

Полиция пикетга чиққан Дмитрий Дёмушкин ва “Русские” Ассоциацияси матбуот котиби Кристина Волкова ҳамда 30 яқин миллатчи ёшларни полиция бўлимига олиб кетди: 9 нафар миллатчилар ташкилоти аъзосига нисбатан маъмурий протокол тузилди.

Москва Руслари Ассоциацияси ҳам 19 март куни Пушкинский майдонида ўз норозилик чиқишини уюштирди.




Акцияга йиғилган 80га яқин миллатчи номидан сўзга чиққан Александр Белов СССР фуқароларига Россия фуқаролигини бериш “рус миллати манфаатларига зид келишини” айтди.

- Бу қонунга кўра, рус тилини чала-чулпа билганларга Россия фуқаролик берилиши керак экан, бунга йўл қўйиб бўлмайди. Бизнингча, фуқароликни учраган эмас, Россиянинг туб аҳолиси, энг аввало руслар олиши керак. Тожикистон фуқаролари бизга ҳамюрт эмас, Ўзбекистон фуқаролари бизга ҳамюрт эмас. Украина руслари Россия фуқаролигини олиши керак – бу тўғри, лекин ҳукумат Қримни қўшиб олиш баҳонасида ҳар кимга фуқаролик беравермаслиги зарур, деди Москва Руслари Ассоциацияси раҳбари Александр Белов.

Миллатчилар чиқишлари Россия парламенти Қуйи палатаси аъзолари эътиборидан четда қолмаган кўринади. Парламент котибиятида 21 мартга белгиланган собиқ СССР ёки Россия империяси ҳудудида яшаган шахсларга осонлаштирилган тартибда Россия фуқаролигини берувчи қонун лойиҳаси муҳокамаси “номаълум сабабларга кўра” кейинга қолдирилганини Озодликка билдиришди.

- Бугун муҳокама қилинмади. Ўзи режа бўйича ҳам апрелда бўлиши керак эди. Тегишли қўмита шундай белгилаб берибди. Шу сабабли бугунги муҳокама қолдирилди, деди ўзини Давлат Думаси Аппарати раҳбари муовини Юрий Шуваловнинг котибаси деб таништирган аёл.

Парламент қонунни қабул қилса, миллатчилар ташкилоти аъзолари ўз норозилик намойишларини давом эттиришини маълум қилмоқда.

Милатчиларнинг янги қонунга қарши норозилик намойишлари ва пикетлари Астрахань, Петербург ва Хабаровск шаҳарларида ҳам ўтказилди.

21 март куни “Русские” ҳаракати фуқаролик тўғрисидаги қонун лойиҳасига қарши Хабаровск шаҳрида ҳам норозилик намойишини ўтказди. Озодликнинг Хабаровскдаги мухбири Евгения Кульгина “Русские” митингида 30га яқин миллатчи иштирок этганини хабар қилди.

Намойишга йиғилганлар фуқароликнинг осонлаштирилган ҳолда берилиши “Россиянинг рус, Европа давлати сифатида якун топишига олиб келишидан” огоҳлантирди, деди мухбиримиз. Шунга қарамасдан, Хабаровск миллатчилари раҳбарлари бу янгилик махсус Россия таркибига қўшилган украиналикларгагина таалуқли бўлиши кераклигини таъкидлаб ўтди.

- Украинада қондош руслар яшаб келмоқда ва сўзсиз, айнан уларга фуқаролик бериш зарур... Нима учун тожиклар ва ўзбеклар бу тартибда фуқаролик олиши керак? Улар бизга на маданий, на тарихий жиҳатдан яқин. Биз Украина билан ягона халқмиз, деди Хабаровск миллатчилари етакчиси Илья Ермолаев йиғилганлар олдида.

Айни пайтда, Қримда алаққачон Россия паспортлари тақдим этилмоқда. Россия ФМСи маълумотига кўра, келгуси уч ой давомида Қрим аҳолиси тўлиқ Россия фуқаролигини олади. Биринчи бўлиб Россия паспортини Қрим Вазирлар Кенгаши раиси Сергей Аксёнов олгани маълум.

Россия ҳукуматининг Қонун лойиҳалари тайëрлаш комиссияси чет давлатларда яшовчи рус тилида сўзлашувчи фуқароларнинг Россия фуқаролигини олишини соддалаштирувчи қонун лойиҳасини 4 март куни маъқуллади.

Яқин келажакда Давлат Думаси ва президент муҳокамасига тақдим этиладиган мазкур лойида “Рус тилида сўзлашувчи, деб тан олинган чет давлатлар фуқаролари ва фуқаролиги йўқ шахсларга мавжуд фуқаролигидан воз кечган тақдирда¸ уларни Россия фуқаролигига қабул қилиш тартибини соддалаштириш” таклиф қилинмоқда.