Рауф Парфи: “Йиғла Қрим, йиғла энди...”

28 март куни ўзбек адабиётининг забардаст шоири Рауф Парфининг вафот этганига 9 йил бўлди. Туркистон бирлигини орзу қилган шоирни бугун эслар эканмиз, унинг туркий қардошлари қрим татарлари ҳақида бундан эллик йил йил олдин ёзган шеърларини ва бу ҳақдаги хотираларини ёдга оламиз.

Ўзбек халқининг исёнкор шоири Рауф Парфининг қрим татарлари ҳақида ёзган шеърлари шу пайтгача тўлиғича бирор жойда чоп этилмаган.

Марҳум ўзбек шоири Аъзам Ўктам Рауф Парфи билан қилган суҳбатларидан бирида ундан “Боғчасарой фаввораси” шеъри ҳақида сўрайди:

– Устоз! 1965 йилда ёзилган “Боқчасарой чашмаси” деган шеърингизда анчагина имо-ишоралар билан бу халқ фожеасини ифодалагансиз: “Эҳтимол, кимнидир йўқлайсан, кимлардандир кутасан садо”. Шу шеър тўла босилганми?

– Йўқ. Ҳеч қачон. Ҳар доим саккиз қаторини олиб қўйишади-да, чиқаришаверади…

– Унда шундай бир йўл тутсак, биз “улар” босишга рухсат берган сатрларни қолдирсак-да, устига доим чизиқ тортилган ўша саккиз қаторни ўқувчиларга ҳавола этсак.

– Майли. Мабодо уни шу мақоладан ҳам олиб ташлашса, ўзингиз хафа бўласиз. Мен кўникиб кетганман. Йигирма беш йилдан бери аҳвол шу, ахир. Мана, эшитинг:

“Кўкка етди соғинч дарахти,
Йиғла Қрим, йиғла энди кўк.
Не бўлмоқда, одамлар, айтинг –
Қрим бор-у, қримликлар йўқ.

Айтинг менга, қайда адолат,
Қайда, айтинг, инсоний ҳуқуқ.
Бу не ҳолдир. Қандайин ҳолат –
Қрим бор-у, қримликлар йўқ”.


Рауф Парфининг қрим-татарлари билан дарддош бўлиши у университетда ўқиб юрган пайтлари бошланган эди. Шоирнинг эслашича, Сталин буйруғи билан Ўзбекистонга сургун қилинган қрим татарлари олтмишинчи йилларда ўз ватанларига қайтиш учун норозилик ҳаракатларини бошлашган ва унинг Айдер Осман исмли қрим татар курсдоши ҳам бу ҳаракатда қатнашган:

“Мен ҳам уларга қўшилдим. Ватан учун, инсоний ҳақ-ҳуқуқ учун тинмай курашишни шу халқдан ўргандим. Майлисларга бораман. Гаплашамиз. Катта дафтар бор эди. “Қрим-татарлари ўз ватанларига қайтиши керак”, деб ҳисоблаганлар имзо чекиб беришарди. Рўйхатнинг бошида Сахаров, кейин Шостакович, Евтушенколар бор эди. Ўзбек шоир-ёзувчиларидан мен эдим, холос”, деб эслайди шоир.


Рауф Парфи бу пайтда қрим татарларининг дарду-ҳасратларини ифода этган “Қрим хаёллари” деган туркум ёзган. Шоирнинг Аъзам Ўктамга айтишича, йигирматача шеър қўлёзма ҳолида тарқалган ва улардан учтаси - “Боқчасарой фаввораси”, “Ҳижратда қримли она алласи”, “Ҳижрат”, омон қолган.

“Ўшанда мени “Қрим-татар шоири” дейишарди. Акаларимиз, дўстларимизга айтаман: оғзаки маъқуллашади, лекин имзо чекишмайди. Қўрқинчли пайтлар эди. Жуда махфий суратда ишлардик. Қўлга тушган қамаларди. Сталинчилик ёмон экан-да. Бутун бошли миллатни “сотқин” деб юртидан қувса – бу нима деган гап? Халқларга: “Сен – қолоқсан, сен – сотқинсан, ўрис эса – улуғ” деб уқтириб, уларни бир-бирига гиж-гижлаб қўйиш жуда қадимдан бошланган. Қрим-татар халқи ана шунинг жабрини тортди. Ўзбеклар тортмадими? Бутун бошли турк миллатини парчалаб ташлашди-ку? Бундай шароитда, заҳарлар остида кучли адиб, кучли олим ва шоир етишмайди. Меҳнат қиладиган, тилсиз қуллар туғилаверади. Қрим-татарлари ўша пайтда мана шуларнинг ҳаммасига қарши чиқишган. Шу боисдан мен улар орасида бўлганман”, деган эди Рауф Парфи.

Рауф Парфи 1943 йилда Тошкент вилоятининг Янгийўл туманидаги Шўралисой қишлоғида туғилган.

Шоир тириклигида Янгийўлда яшаб ижод этган шоир Абдураҳмон Водилийни ўзини адабиётга, шеъриятга ошно этган илк устози сифатида эътироф этган эди.

Рауф Парфи ўтган асрнинг 60-йилларида адабиётга кириб келди. Унинг “Карвон йўли”, “Акс садо”, “Тасвир”, “Хотирот”, “Кўзлар”, “Қайтиш”, “Сабр дарахти” каби ўнлаб китоблари турғунлик йилларида нашр этилган эди.

Шоир жаҳон адабиётидан Байрон, Нозим Ҳикмат каби адибларнинг кўплаб асарларини ўзбек тилига таржима қилган.

Туркистон бирлигининг буюк куйчиси Рауф Парфи Тошкентдаги “Минор” қабристонида дафн этилган.

Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди

Рауф Парфи: Наҳотки бу элнинг қаҳрамони йўқ...