Мурод Ражабов: Ариза ëзиб театрдан кетдим!

Ўзбекистон Халқ аритисти Мурод Ражабов.

Актёрлик фаолиятини 1968 йилда "Ёш гвардия" Ўзбек Давлат драма театридан бошлаган Мурод Ражабов “Муқимий” мусиқали драма театри раҳбарлигидан бўшатилди. Баъзи манбаларга кўра, Мурод Ражабовнинг "бошпаноҳи" Гулнора Каримованинг иқтидордан кетгани боис санъаткорниг мавқеи заифлашган.



Ўзбекистон Халқ артисти 65 яшар Мурод Ражабов “Муқимий” мусиқали драма театри раҳбарлигидан ўз аризасига биноан кетганлигини Озодлик билан суҳбатда маюс оҳангда эътироф қилди:

- Театрдан кетдим¸ ариза ëзиб. Энди озгина бу ëғига ўйлаб кўришга вақт ҳам керак. Ҳозир ўйлаяпман нима иш қилишни. Аниқ бир режани айтишим ҳам қийин¸ дейди таниқли санъаткор Озодлик билан суҳбатда.

Актёрлик фаолиятини 1968 йил "Ёш гвардия" Ўзбек Давлат драма театридан бошлаган Мурод Ражабов Муқимий театрида нафақат директор балки актер сифатида ҳам фаол бўлди. Театрдаги “Асл ҳазина” спектаклида Мурод Ражабов бош ролни ижро қилган.

Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди

Мурод Ражабов билан суҳбат


Сиз учун саҳнадаги томошабинлар билан жонли мулоқотдан жудо бўлиш фожеами, деб сўраймиз санъаткордан.

- Энди нима деса бўлади. Фожеа эмас энди. Театр кўпу¸ бошқа саҳналар ҳам борку. Лекин анча иш қилиб қўювдим мен у ерда. Шунинг учун баъзи бир шогирдлар ҳафа бўлишди кетганимга. Ростдан ҳам анча иш қилиб қўйган эдик. Энди нима ҳам дер эдик. Мухлисларга бошқа жойда фойдамиз тегиб қолар, дейди санъаткор.

Ишдан ўзингиз кетдингизми, ë кеткизишдими, деб савол бердик суҳбатдошга:

- Энди ҳаëтингизда бир ўзгариш бўлса¸ албатта яхши бўлса ҳам, ëмон бўлса ҳам ўзингиз сабабчи бўласиз. Театрдан кетишимнинг бошқа чуқур сабаблари ҳам бору¸ энди улар ҳақида алоҳида гаплашамиз, деди Ўзбекистон халқ артисти 65 яшар Мурод Ражабов Озодлик билан суҳбатда.

Муқимий театри

“Ўзбектеатр” ижодий ишлаб чиқариш бирлашмасидаги Озодлик манбасига кўра¸ Мурод Ражабовни “Муқимий” мусиқали драма театри раҳбари лавозимидан бўшатиш ҳақидаги буюруққа 3 март куни имзо чекилган. Театрга Ўзбекистон Халқ артисти Мирза Азизов вақтинча раҳбар қилиб тайинланган. Озодлик манбасига кўра, 2010 йилдан бери театр жамоасига раҳбарлик қилиб келган Ражабов театрдаги “ўзаро ички низо” сабаб истеъфога чиқарилган.

Озодлик манбасига кўра¸ Ўзбекистон Халқ артисти Мирза Азизов атрофига бирлашган актерлар гуруҳи Мурод Ражабовнинг кетишига сабаб бўлган. Шу йилнинг февраль ойида “Хордиқ” газетасида чоп қилинган “SOS! Комедияни оёқ ости қилиб бўлдик!” номли интервьюда Мирза Азизов театр бошқарувини танқид қилган эди.

Мурод Ражабовни ҳимоя қилаëтган Ўзбекистон Халқ артисти Наима Пўлатова бошчилигидаги гуруҳ “Ўзбектеатр” ИИЧБга мурожат қилиб директорни бўшатиш ҳақидаги буйруқни бекор қилишни талаб қилган.

Қозонга яқин юрсанг

Озодлик тасарруфидаги маълумотларга кўра¸ Ўзбекистон президентининг тўнғич қизи Гулнора Каримова “қуëши ботганидан” кейин унга яқин бўлган Мурод Ражабовнинг мавқеи ҳам заифлашган.

Мурод Ражабов Гулнора Каримова васийлик қилган Фонд Форум томонидан ташкил этилган ҳар бир тадбирда фаол иштирокчи ўлароқ қатнашган.

Мурод Ражабов Фонд Форум тадбирлари тўрида доимо Гулнора Каримова ëнида тургани кузатилган.

Мурод Ражабов Гулнора Каримова васийлик қилган Фонд Форум томонидан ташкил этилган ҳар бир тадбирда фаол иштирокчи ўлароқ қатнашган.

Мурод Ражабов 2013 йил Би-Би-Си ўзбек хизматига берган суҳбатида Гулнора Каримова айтган қўшиқни эшитиб кўзига ëш олганини эътироф қилган эди:

- Энди Гулнорахоннинг оталари ҳақида айтган қўшиқ кўпчилик ёшларимизга ўрнак бўлди. Оталари ҳақида айтибдилар, менинг назаримда, бу жуда ҳам катта гап. Масалан, менга жуда ҳам ёқди, ўша пайтда эшитиб кўзимга ёш келди. Қўшиқнинг ўзи жуда ҳам яхши ёзилган. Ва Гулнорахоннинг ўзи бу қўшиқни жуда ҳам самимий айтдилар. Энди қай даражада кимга ёқди, кимга ёқмади, мен жуда ҳам яхши қабул қилдим¸ дея таъкидлаган эди таниқли актер.

Аммо сал ўтмай Гулнора Каримова ҳатто ўз отаси учун исталмаган шахсга айланар экан бу гапларни айтган Мурод Ражабов устида ҳам қора булутлар пайдо бўлди.

17 феврал куни Тошкентда қўлга олиш гуруҳи Ўзбекистон президентининг қизи Гулнора Каримованинг уйини штурм қилганидан кейин тўнғич қизга яқин бўлган юзлаб кишиларнинг ишсиз қолгани ҳақида маълумот чиқди.

Озодлик радиосига келган ва Гулнора Каримованинг қўлëзмаси дея ишонилган мактубда Фонд Форум атрофида “ризқ терган” беш минг кишининг ишсиз қолгани ҳақида ëзилади.

"5000 киши ишлаш имконидан маҳрум қилинди. 100 киши эса эса четга чиқарилмайдиганларнимнг қора дафтарига ëзилди. Улар фақат ëнимда юргани учун¸ талантли бўлгани учун нишонга олинди. Бу ҳатто Шарқ учун ҳам мисли кўрилмаган тазйиқ"¸ деб ëзилади мактубда.

Мурод Ражабовнинг ишдан бўшаши ҳам бу мактуб ëзилган пайтга тўғри келди.

Ўзбек киносининг темир эркаги

Ўзбекистон Халқ артисти Мурод Ражабов 1949 йил 30 майда Тошкент шаҳри Шайхонтоҳур туманида туғилган.

У 1971 йилда Тошкент театр ва рассомлик санъати институтининг актёрлик факультети тугатган.

Актёрлик фаолиятини 1968 йил "Ёш гвардия" Ўзбек Давлат драма театридан бошлаган.

"Биринчи бўса", "Ҳаммомга бало борми?", "Ўн саккиз ёшлигим", "Оқар сувлар" ва бошқа кўплаб спектаклларда ўйнаган роллари билан танилган.

Мурод Ражабов 1975 йилдан бошлаб кинога туша бошлаган.

Унинг "Тўйлар муборак", "Ажойиб хаёлпараст", "Темир хотин", "Фақат ғалаба" каби қатор филмлардаги бетакрор ижроси томошабинлар кўнглидан жой топа билган.

“Темир хотин” фильмидаги дали-ғули¸ оддий колхозчи Қўчқор ака образи Мурод Ражабовга катта шухрат олиб келди.