Ғанихон Маматхоновнинг қамоқдан қачон чиқарилиши номаълумлигича қолмоқда

Шу йилнинг 10 мартида қамоқ муддати якунланган фарғоналик ҳуқуқ фаоли Ғанихон Маматхоновнинг қачон эркинликка чиқарилиши номаълумлигича қолмоқда.

Ҳуқуқ фаолининг ўғли Жалолиддин Маматхонов "Жараён" нашрига отаси Бухородаги 3-сонли тергов изоляторида сақланаётганини маълум қилди. Жалолиддин Маматхоновга кўра, Жазони ижро этиш бош бошқармаси расмийлари унга отасининг яқин кунларда бошқа колонияга этап қилинишини айтган.

Аввалроқ Озодлик радиоси Навои шаҳридаги колонияда сақланган 61 ёшли Ғанихон Маматхонов озодликка чиқиш арафасида рухсатсиз ҳожатхонага чиққани учун жарима изоляторига ташлангани ҳақида хабар берган эди.

Ғанихон Маматхонов 2009 йилнинг 10 октябрида пора берганлик ва фирибгарликда айбланиб қўлга олинган. У тўрт ярим йилга қамалган.