Сирдарё ИЭС 1500 ишчисига 6 ойдан бери ойлик беролмаяпти

Сирдарё иссиқлик электр станцияси

“Ўзбекэнерго” акциядорлик компаниясига қарашли Сирдарё иссиқлик электр станциясининг бир ярим минг ишчиси ўтган йилнинг октябрь ойидан буён маош олмай ишламоқда. Корхона ишчилари Озодлик билан суҳбатда иқтисодий аҳволлари жуда оғирлашиб кетганидан уйидаги буюмларини сотишга мажбур қолгани ҳақида гапирди. Корхона раҳбарияти ишчиларга ойлик берилмаганини тасдиқлар экан, бунинг сабабини “Ўзбекэнерго” ИЭСга пул ўтказмаётгани билан изоҳлади.


Исми сир қолишини истаган Сирдарё ИЭС ишчиларидан бирининг Озодликка айтишича, улар сўнгги бор сентябрь ойи учун маош олганлар:

- Ишчилар олти ой - октябрь ойидан буён ойлик ололмаяпти. Баъзи одамлар ишдан бўшаб кетяпти, баъзилар шикоят қилса, ишдан бўшатиб юборяпти. Яқинда октябрь ойи учун маошнинг 40 фоизини пластикка тушириб берди, тамом, - дейди ишчи.

Унинг айтишича, маошсизлик одамларни жуда ҳам танг аҳволга солиб қўйган:

- Биз маҳалламиздаги дўконлардан озиқ-овқат учун 1-2 миллион сўмгача қарз бўлиб қолганмиз. Ун, мой, макарон, чойгача қарзга оламиз. Дўкондорларга раҳмат, қарзга бериб турибди. Кўп қаватли уйларда яшайдиганлар жуда қийналиб кетди. Одамлар уйларидаги мебелми ёки ярайдиган бошқа нарса борми, олиб чиқиб сотиб озиқ-овқат оляпти. Одамлар қандай азобда эканлигини тушуниб олган бўлсангиз керак, - дейди корхона ишчиси.

Корхонананинг ўзини Раҳима, деб таништирган бошқа бир ишчисининг сўзларига кўра, пластик карточкалари бор одамларга октябрь ва ноябрь ойларининг 40 фоизи ўтказилган, бироқ нақд пул умуман йўқ:

- Пластикка ҳам ўтмаган. Барибир пластикка туширганингиз билан 15-20 фоизи уни нақдлаштиришга кетади. Озиқ-овқат ҳам дўконларда пластикка бозорга нисбатан 20 фоиз қиммат, - деди Раҳима.

Сирдарё ИЭС директори Мирзааҳмад Шаимов Озодлик билан суҳбатда ишчилар маошсиз қолаётганини тасдиқлади:

- Ҳа, йўқ. Пул бермаяпти. Банкада наличний пул йўқ. Бизга ойликни юқоридан беради, ўша ёққа чиқинг, - деб суҳбатни қисқа қилди корхона директори.

Ширин шаҳар ҳокими Шукуржон Тожибоев ҳам корхона ишчиларининг қийналиб қолаётганидан хабари борлигини айтар экан, бу ҳақда “Ўзбекэнерго”га ёзган мактублари натижасиз қолаётганини айтди:

- Буларнинг пули Тошкентдан келади. “Ўзбекэнерго” ажратса олади. Биз республика “Агробанк”ига ёздик, вилоят ҳокими билан бирга Вазирлар Маҳкамасига ёздик. Бизнинг қўлимизда эмасда энди бу, - деди Ширин шаҳар ҳокими Шукуржон Тожибоев.

“Ўзбекэнерго” давлат акциядорлик компаниясининг ахборот бўлими бошлиғи Гулмира Усмонова Озодлик билан суҳбатда Сирдарё ИЭС раҳбарияти ўз мумаммосини ўзи ҳал қилиши кераклигини таъкидлади:

- Сирдарё ИЭС ўзи мустақил корхона. ОАО! Энди финансларни ҳам ўзи мустақил равишда ҳал қилиши керак. Агар уларнинг сизга ёзган бирор хати бўлса бизга юборинг, кўриб чиқайлик, - деди Гулмира Усмонова.

Сирдарё ИЭС ишчилари 2012 йилнинг ноябрь ойида ҳам тўрт ой маошсиз ишлаётгани ҳақида Озодликка шикоят қилган эди.

Ишчиларнинг шикояти Озодликда ёритилганидан сўнг, улар ойлик маошини тўлалигича олгани ҳақида хабар берган эдилар.