Ўзбекистонда экскурсия хизматларини ўтказаëтган шахс 1 апрелдан бошлаб махсус сертификат олиши лозим¸ акс ҳолда экскурсовод лицензиясиз фаолият олиб борган шахс сифатида жазоланади. Бу ҳолат Ўзбекистон Вазирлар маҳкамасининг 13 март куни қабул қилинган “Туризм билан боғлиқ фаолиятни ривожлантириш ва янада такомиллаштириш“ тўғрисидаги қарорига асосан жорий қилинди.
Tуристларга экскурсоводлик хизмати кўрсатиш учун 1 апрелдан бошлаб изн расмийлаштирилиши лозим.
Илгари саёҳларга экскурсоводлик хизматини кўрсатаëтганларга бундай талаб қўйилмаган эди.
Уларнинг ўрта-махсус маълумот эгаси бўлиши ва туризм соҳасида 3 йиллик иш тажрибаси экскурсоводлик қилиш учун асос бўлган.
“Ўзбектуризм” миллий компаниясининг исмини айтмаган мулозимининг Озодликка билдиришича¸ Ўзбекистон Вазирлар маҳкамасининг 13 март куни қабул қилинган қароридан мақсад туристларга хизмат кўрсатаëтган экскурсовод-гидлар маъсулиятини ва улар устидан назоратни оширишдир.
- Гид ëки экскурсоводлар 60-қарорга кўра бундан буëн малака серификати олиши шарт. Бу сертификатлар икки йил муддатга берилади. Бу сертификат берилишидан олдин экскурсоводнинг Ўзбекистон тарихи ҳақидаги билимлари махсус комиссия тарафидан текширилиб имтиҳон қилинади¸ деб билдирди “Ўзбектуризм” миллий компаниясининг исмини айтмаган мулозими Озодлик билан суҳбатда.
Суҳбатдошга кўра, Ўзбекистонда махсус рухсатномасиз экскурсия ўтказишга барҳам берилгани ижобий ҳолатдир.
- Бу соҳада билимсиз ва ўткинчи шахсларнинг маъсулиятсиз фаолият олиб боришига олтмишинчи қарор барҳам берди. Шу билан бирга бу қарорда нафақат “Ўзбектуризм”да ишлайдиган ходимлар¸ балки ўз низомида туризм фаолияти ëзилган ширкатларга ҳам экскурсия ўтказиш изни берилди¸ дейди суҳбатдош.
Вазирлар маҳкамаси 13 март куни қабул қилган “Туризм билан боғлиқ фаолиятни ривожлантириш ва янада такомиллаштириш“ қарорида хусусий тадбиркорларга Ўзбекистон тарихида илк бор туристларга экскурсия ташкил қилиш ҳуқуқи ҳам берилган.
Шу пайтгача бу ҳуқуқ “Ўзбектуризм” миллий компанияси монополияси бўлиб келган эди.
Айни пайтда, Озодлик суҳбатлашган сайëҳлик ширкати вакиллари бу монополиянинг давом этаëтганини таъкидлашди.
Фарғонада оилавий меҳмонхона очган 38 ёшли тадбиркор Муҳаммадëрнинг айтишича¸ бундан буëн экскурсия хизматини амалга оширмоқчи бўлган ширкатлар “Ўзбектуризм” миллий компаниясига пул ўтказиб ўз ходимларини ўқитиб олишга мажбур:
- Олдин бунақа эмас эди. Ҳозир биз ўз ходимларимизни “Ўзбектуризм” таълим марказида ўқитиб сертификат олиб беришимиз лозим. Олтмишинчи қарор шуни талаб қилади. Бу қарорга кўра, “Ўзбектуризм”дан сертификат олмаганларнинг экскурсия ўтказиши мумкин эмас¸ дейди суҳбатдош.
“Ўзбектуризм” миллий компаниясининг исмини айтмаган мулозимининг Озодликка билдиришича¸ экскурсоводларнинг ўқиб сертификат олиши қонуний талаб:
- Буни биз эмас Вазирлар маҳкамасининг қарори талаб қилади. Экскурсоводларни ўқитишни 10 апрелдан бошлаймиз¸ дейди суҳбатдош.
Озодлик суҳбатлашган сайëҳлик ширкати вакиллари эса вазирлар маҳкамаси қарорининг биринчи апрелдан кучга киргани боис экскурсия ўтказмоқчи бўлган ходимлар ҳуқуқий муаллақ ҳолда қолишмоқда.
10 кундан кўпроқ вақт давомида экскурсоводлар Ўзбекистон қонунлари асосида лицензиясиз фаолият олиб борган шахс сифатида жазоланиши мумкин.
“Ўзбектуризм” миллий компанияси малака сертификатлари эса фақат ой охирига бориб тадбиркорлар қўлига етиши мумкин.
Расмий маълумотларга кўра, Ўзбекистонда 1400 сайëҳлик ширкати ва 400 меҳмонхона бор.
Айни пайтда, Ўзбекистондаги бюрократик тўсиқлар боис бу соҳанинг етарли ривожланмагани кузатилади.