Сергей Лваров: Украина чегараси олдидаги қўшинлар машқларни тугатгач, ўз базаларига қайтади

Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров.

Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Украина чегараси олидадаги рус қўшинлари ҳарбий машқларни якунлагач, доимий дислокация базаларига қайтишини эълон қилиб, Украина бўҳрони юзасидан риторика “ҳовурини пасайтириш”га чақирди.

Пайшанба куни Москвада қозоғистонлик ҳамксби билан ўтказган матбуот анжуманида Лавров ҳарбий машқларда иштирок этган батальонлардан бири аллақачон Ростов вилоятидаги базасига қайтарилганини таъкидлади. Қўшинларнинг қолгани ҳам, деди у, ҳарбий машқлар доирасидаги “вазифаларини бажариб бўлгач”, ўз базаларига қайтади.

“Россия Федерацияси ҳудудида ҳарбий қисмларнинг ҳаракатига чеклов йўқ ва Ғарбдаги ҳамкорларимиз буни яхши тушунади”, дея қўшимча қилди Лавров.

Унинг айтишича, Москва НАТОнинг Шарқий Европадаги фаолияти тўғрисидаги саволлар билан ташкилотга мурожаат қилган. “Биз нафақат саволларимизга жавоб берилиши, балки бу саволлар ўзаро келишилган қоидаларга амал қилинган ҳолда берилишига умид қиламиз”, дея таъкидлади Лавров.