Ёзёвон автомобил йўлида радиоактив модда солинган идиш топилди

Ёзёвонда топилган контейнерда айнан уран бўлганини Озодлик мустақил манбалардан тасдиқлай олмади.

Озодликка маълум бўлишича, Фарғона вилоятининг Учкўприк туманида истиқомат қилувчи ҳайдовчи 27 март куни кечқурун йўл четидан ичида радиоактив модда бўлган идиш топиб олган. Юк машинасидан тушиб қолгани тахмин қилинаётган бу идишни ички ишлар ва миллий хавфсизлик ходимлари уч кун қидирган. Уч кундан сўнг ҳайдовчининг ўзи идиш унинг уйида сақланаётгани ҳақида ички ишларга хабар берган.



Учкўприк туманининг Қатаған қишлоғида истиқомат қилувчи юк машинаси ҳайдовчиси 25 ёшли Жаҳонгир Мавлонов 27 март куни ишдан қайтаётганда Ёзёвондаги автомобиль йўли четида эгасиз ётган бидонга ўхшаган идишни топиб олганида унинг ичида инсон ҳаётига хавфли радиоактив модда борлигини гумон ҳам қилмаган.

Бу ҳақда Озодликка микрофонсиз гапирган Жаҳонгир Мавлоновнинг ҳамқишлоқларидан бирининг айтишича, ҳайдовчи ўша куни топиб олган идишини уйига олиб келиб қўйган:

- Жаҳонгир уни очиб кўрмаган. Чунки идишнинг қопқоғи болту гайкалар билан қаттиқ бекитилган бўлган. Уч кун Ёзёвон ва Учкўприк туманининг барча милицияси оёққа турди. Кўчаларга номаълум идиш йўқолгани ҳақида эълонлар ёпиштирилди, дейди манба.

Унинг айтишича, уч кундан сўнг бу эълонлардан бирини кўриб қолган Жаҳонгир Мавлонов идиш унинг уйида эканлиги ҳақида ички ишларга хабар берган:

- Милиция ва МХХ ходимлари зудлик билан етиб келиб идишни ва Жаҳонгирни олиб кетишди. Жаҳонгир аввал бу идиш унинг уйида қандай пайдо бўлиб қолгани ҳақида роса сўроқ қилинган. Кейин эса у вилоят касалхонасига олиб борилиб, нурланиш даражаси текширилган. Жаҳонгирнинг айтишича, у идишни очиб кўрмагани учун нурланмаган экан, деди манба.

Фарғона вилояти Ички ишлар бошқармасининг исми сир қолишини сўраган мулозими ҳақиқатан ҳам топилган идишнинг ичида радиоактив модда бўлганлигини Озодликка тасдиқлади, лекин бу қандай радиоактив модда бўлганини очиқламади.

Ёзёвон туманида радиоактив модда 20 грамм уран эканлиги ҳақида одамлар орасида гап-сўз тарқаган.

Бироқ Озодлик радиоси бу модданинг ҳақиқатан ҳам уран эканлигини бошқа мустақил манбаларда тасдиқлата олмади.

Ичида радиоактив модда солинган идиш номаълум юк автомобилидан йўлда тушиб қолганлиги тахмин этилмоқда.

Бу юкнинг қаердан қаерга олиб кетилаётгани ва у қандай қилиб йўлга тушиб қолгани хусусида ҳам Озодликда маълумот йўқ.

Атом энергияси халқаро агентлиги маълумотларига кўра, Ўзбекистон уран захиралари бўйича дунёда еттинчи ўринда, қазиб олиш бўйича бешинчи ўринда туради. Айни пайтда мамлакатда қирққа яқин текширилган уран кони мавжуд.

Республика Геология ва минерал ресурслар бўйича Давлат қўмитаси ахборот марказининг маълумотига кўра, мамлакатда текширилган ва баҳоланган уран захиралари 185,8 минг тоннани ташкил этади. Республикада атом саноати йўқлиги важидан кам бойитилган ураннинг ҳаммаси экспорт қилинади.