Ўшда миллатчиликка қарши курашувчи жамоат қабулхонаси очилди

Қирғизистон Халқлар Ассамблеясининг Ўш вилояти бўлими қошида миллатлараро муносабатларни мустаҳкамлаш ва миллатчиликнинг олдини олиш йўналишида фаолият юритувчи жамоатчилик қабулхонаси очилди.
Жамоатчилик қабулхонаси Миллатлараро муносабатлар бўйича давлат агентлиги ҳамда Ўш шаҳар мэрияси ҳамкорлигида очилди. Қирғизистон Халқлар ассамблеясидан олинган маълумотга кўра, Қирғизистоннинг барча вилоят ва шаҳарларида бу каби йигирмата жамоатчилик қабулхоналари очилиши керак. Ўш шаҳрида 24 апрель куни очилган қабулхона уларнинг ўн саккизинчисидир.

Қабулхонанинг Ўш шаҳридаги бўлимига таниқли жамоат арбоби Бўривой Жўраев раҳбарлик қилади.

- Одамларнинг ҳақ-ҳуқуқлари, бировлар миллат ажратиб, миллатчилик ёки бошқа нарса қилса, шу ҳолатларни кўтариб, мутасадди одамларнинг жавобгарлигини қараб, уларга нисбатан чора кўриб, элимиз тинч яшаши учун шарт-шароит яратиб бериш бизнинг асосий вазифамиздир, - дейди Бўривой Жўраев.

Жамоатчилик қабулхоналарини ташкил этиш иши 2013 йилда бошланган. Унинг раҳбари ва котиби Қирғизистон Республикаси бюджетидан маош олади.

Қирғизистон Республикаси ҳукуматига қарашли маҳаллий ўз-ўзини бошқариш ва миллатлараро муносабатлар бўйича давлат агентлиги раҳбари Накен Қасиевнинг айтишича, бундай қабулхоналарни очишдан мақсад, Ўшда 1990 ҳамда 2010 йилларда содир бўлган миллатлараро низоларнинг такрорланишининг олдини олишдир:

- Охирги 20 йилнинг ичида биз икки маротаба миллатлараро низога йўлиқдик. Энди учинчи низога йўл бермаслигимиз керак. Руслар айтмоқчи, доимо “граблига наступать” қилмай, шундай воқеаларни олдини олиш бўйича сўзсиз иш олиб боришимиз керак. Шу сабабли тегишли чоралар кўрилаяпти , - деди Миллатлараро муносабатлар бўйича давлат агентлиги раҳбари Накен Қасиев.

Ўшдаги Уйғур миллий-маданий маркази президенти Ҳамрожон Ўринбоев миллатлараро можароларни кучайтирмай, ўз жойида ҳал қилиш ёки нифоқни куч тизимларига етказмай, ҳал қилиш мақсадида ташкил қилинган ушбу қабулхона Ўшда яшовчи бошқа миллатлар вакилларининг ҳуқуқини ҳимоя қилишига умид билдиради:

- Маиший, оилавий масалалар, бир миллат болалари иккинчи миллат болалари билан кўчада ўзаро уришиб қолиши мумкин. Бу каби муаммоларни милиция органларисиз, жамоатчилик ўзаро ҳал қилиши мумкин. Бу бизнинг энг катта ютуғимиздир. Бу ташкилот халқлар ўртасидаги қарама-қаршиликни, бир-бирига нисбатан бўлаётган низоларни камайтиришга ҳисса қўшади, деб ўйлайман, - дейди Ўшдаги Уйғур миллий-маданий маркази президенти Ҳамрожон Ўринбоев.

Қирғизистонда 80 дан ортиқ миллат истиқомат қилади. Республикада қирғиз миллатидан сўнг ўзбеклар асосий кўпчиликни ташкил қилади. Қирғизистонда, расмий маълумотларга кўра, 800 мингдан ортиқ, норасмий маълумотлар бўйича эса, 1 миллиондан ортиқ ўзбек истиқомат қилади. Ўзбек ва қирғиз миллати ўртасида сўнгги йигирма йил оралиғида икки марта катта низо содир бўлган.

Қирғизистон президенти расмий сайтида 2010 йил Ўш воқеалари чоғида 442 одам вафот этгани қайд этилган.

Маълумот учун айтиб ўтсак, қирғизистонлик истаган фуқаро миллий низолар бўйича турли ёрдамлар олиш ёки низоларнинг олдини олиш бўйича тадбирлар юзасидан Қирғизистон халқлар ассамблеяси идорасида жойлашган жамоатчилик қабулхонасига мурожаат қилиши мумкин.