Оҳангарон дарёсида уч бола чўкиб кетди

Оҳангарон дарёси

Тошкент вилоятининг Оққўрғон туманидаги Оҳангарон дарёсида чўмилаётган уч ўсмир сувга чўкиб кетди. Воқеа гувоҳларининг айтишларича, болалар автомобиль баллонида дарёни сузиб ўтмоқчи бўлганида баллон ағдарилиб кетган ва тўрт ўсмирдан уч нафари ҳалок бўлган.
Тошкент вилоятининг фавқулодда ҳолатлар бошқармасидаги Озодлик манбасининг айтишича, воқеа 2 май куни тушдан кейин Оққўрғон ва Ўртачирчиқ тумани ўртасидан оқиб ўтувчи Оҳангарон дарёсида содир бўлган.

-Оҳангарон туманининг Гулистон фермерлар уюшмасида яшайдиган тўрт нафар йигит жума куни Оҳангарон дарёсига чўмилгани борган. Улар юк автомобили баллонини дамлаб дарёдан ўтмоқчи бўлган. Бироқ сув катталиги боис баллон ағдарилиб кетган. Оқибатда болалардан уч нафари, 16 ёшли Дўсим Бахтиёров, 17 ёшли Дониёр Сулаймонов ва 21 ёшли Достон Умаров чўкиб кетган, ёши каттароқ бўлган учунми 29 ёшли Баҳодир Қобилов аранг сузиб чиққан, - деди Тошкент вилоятининг фавқулодда ҳолатлар бошқармаси вакили.

Манбанинг айтишича, болалардан икки нафарининг жасади топилган, Дониёр Сулаймонов эса қидирилмоқда.

Оққўрғон туманидаги Гулистон фермерлар уюшмасида истиқомат қилувчи Озодлик тингловчисининг айтишича, дарёда сув жуда катта бўлган:

- Бу дарё Ташморедан келиб Сирдарёга қуйилади. Ҳозир ёғингарчилик кўп бўлгани учун сув ҳаддан ташқари кўп. Мен бунақа сувни ҳали кўрмагандим. Болаларни бутун қишлоқ аҳли излади. Ғаввослар келди, МЧС келди. Биттасини ҳали ҳам тополганимиз йўқ. Айтишларича, Сирдарёга оқиб кетган бўлиши мумкин,- деди оққўрғонлик тингловчи.

Тошкент вилоятининг фавқулодда ҳолатлар бошқармасидаги Озодлик манбасига кўра, айни пайтда Оҳангарон ва Сирдарёда чўкиб кетган учинчи болани қидириш ишлари давом этмоқда.

------------------------------------------------------------------------------------------
Habar, foto va videoni Ozodlik radiosiga +420724971539 WhatsApp, Telegram raqamiga yuboring!

Jonli efirlarimizda qatnashmoqchi bo'lsangiz har Dushanba va Chorchanba kunlari Toshkent vaqti bilan 19:00 dan boshlab ozodovoz, ozodlikonline va ozodskype Skype manzillariga qo'ng'iroq qiling!

60 yildan beri habarchilik qilayotgan Ozodlik radiosi shaxsingiz sir qolishini kafolatlaydi.