Ўзбекистонда қийинчиликка учраган Coca-Cola президенти Тошкентга келди

Ўзбекистондаги Coca-Cola ширкатини Гулнора Каримова назорат қилиб келган.

Ўтган ҳафта охирида Тошкентда Ўзбекистон Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестиция ва савдо вазирлиги расмийлари Coca-Cola International ширкатининг Туркия, Марказий Осиё ва Кавказ мамлакатлари бўйича президенти Галье Молинас билан учрашди.

Ўзбекистон вазирлиги расмий хабарномасида айтилишича, “музокаралар чоғида ширкат билан ҳамкорликни кенгайтириш истиқболлари муҳокама қилинган”.

Эслатиш жоиз, салқин ичимликларни ишлаб чиқарувчи ширкатнинг Ўзбекистондаги шўъба корхонаси кейинги ойларда қийинчиликларни бошдан кечирмоқда. Ўзбекистон президентининг тўнғич қизи Гулнора Каримова сўнгги пайтларгача назорат қилган Coca-Cola Ichimligi Uzbekiston, LTD январь ойидан бери маҳсулот ишлаб чиқармаётгани тўғрисида Озодлик хабар қилган.

Ширкатда бир неча ойдан бери ўтказилаётган текширувлар Гулнора Каримовага қарашли бизнес тизимларининг Ўзбекистон Бош прокуратураси ва МХХ томонидан тергов қилинаётгани билан боғлиқ экани айтилмоқда.

Ўтган ойда Coca-Cola Ichimligi Uzbekiston, LTD ширкатидаги давлат активлари Ўзбекистон Республикасининг Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳузуридаги Давлат активларини бошқариш марказига ўтказилган эди.

Coca-Cola Ichimligi – Uzbekistan LTD қўшма корхонаси Ўзбекистонда 1993 йилда иш бошлаган пайтда Гулнора Каримованинг собиқ эри АҚШ фуқароси, асли афғонистонлик ўзбеклардан бўлган Мансур Мақсудийга қарашли бўлган.

2001 йилда Каримова-Мақсудий оиласи ажрашгач, президентнинг қизи собиқ эрининг ўша пайтда 60 миллион АҚШ долларига баҳоланган Coca-Cola Ichimligi - Uzbekistan корхонасини тортиб олгани айтилади.