Андижон вилоятида юз берган автоҳалокат оқибатида 18 киши ҳалок бўлгани хабар қилинмоқда. Воқеа гувоҳларига кўра¸ катта тезликда келаëтган учта автомобилнинг бир-бири билан тўқнашуви оқибатида портлаш юз берган.
Жалолқудуқ тумани Чашма қишлоғи ҳудудида юз берган автоҳалокат оқибатида 18 кишининг ҳалок бўлгани айтилмоқда.
2 май куни юз берган автоҳалокат ҳақида воқеа гувоҳлари душанба куни Озодликка гапириб беришди.
Ўзини Абдумажид, деб таништирган андижонлик воқеа гувоҳининг Озодликка айтишича¸ ҳодисада катта тезликда келаëтган Газел микроавтобуси, Матиз ва Тико автомобиллари бир-бири билан тўқнашиб кетган.
Андижон вилояти ички ишлар бўлимидаги Озодлик манбасининг айтишича¸ 2 май куни Жалолқудуқ туманида юз берган авария оқибатида 18 киши ҳалок бўлган.
- Ичи тўла йўловчи бўлган Газел микроавтобуси, Матиз ва Тико автомобиллари тўқнашиб йирик ДТП содир бўлди. Машиналардаги бензин баклари ва газ баллонлари бирданига портлагани оқибатида ўша пайтда учта машина ичида бўлган 18 кишининг ҳаммаси ўлди. Ўлганларнинг асосий қисми маршрутка сифатида фойдаланилган Газел микроавтобуси йўловчилари бўлган. Ўт ўчирувчилар ўз вақтида етиб келиб, ëнғинни ўчиришди. Уларни кечикиб келди деган гаплар асоссиз. Бирдан юз берган портлаш оқибати учун ўт ўчирувчилар айбдор эмас, деб билдирди Андижон вилояти ички ишлар бўлимидаги Озодлик манбаси.
Манбага кўра¸ воқеа йўл-транспорт ҳодисаси сифатида малакаланиб жиноий иш очилган.
Йўл ҳаракати қоидаларига риоя қилмаслик ва йўл носозлиги воқеа содир бўлиши юзасидан асосий версия сифатида кўрилаëтгани ҳам билдирилди.
Кечган икки-уч кун ичида Ўзбекистонда ўндан зиëд машинада ëнғин чиққани билдирилди.
Facebookда очилган “Тошкент ҳайдовчилари” саҳифаси душанба куни Тошкент аэропортидан чиқаверишдаги кўприкдан ағдарилиб кетган машина суратини эълон қилди.
- Қамчиқ довонида 3 май куни юз берган авария оқибатларини кўрдим. Нексиялар тўқнашиб кетган. Бунинг боиси йўл ëмонлиги билан боғлиқ, деб ўйлайман. Автомагистралда ремонт кетмоқда. Йўлни экскаватор ва бошқа қурилиш техникаси ëпиб қўйган. Қамчиқ довонидан ўтадиган темир йўл қурилиши ҳам қатновга ҳалақит бермоқда. Ҳайдовчилардан аварияга дуч келмаслик учун катта маҳорат талаб қилинмоқда¸ дея билдирди ижтимоий тармоқ фаоли Озодлик билан суҳбатда.
Суҳбатдошга кўра¸ авариялар асосан йўл ëмонлиги боис содир бўлмоқда.
Авариянинг ҳалокатли оқибатлари эса, машиналарга ўрнатилган газ баллонлари портлаши билан изоҳланмоқда.
Ўтган ой Андижон шаҳрида метан газ баллони ўрнатилган Нексия автомобили портлаши оқибатида икки одам жароҳатланган эди.
Воқеа гувоҳларининг Озодликка айтишларича, портлаш оқибатида Нексия бўлакларга ажралиб кетган.
Газ баллонли машиналарнинг Ўзбекистонда портлаши тез-тез рўй бериб туради.
Ички ишлар бошқармасидаги Озодлик манбаси маълумотига кўра, Андижонда сўнгги тўрт ой ичидаги газ баллон портлаши билан боғлиқ бир неча ҳалокат юз берган.
Бундай ҳодисаларнинг келгусида олдини олиш мақсадида Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги расмийлари барча ҳайдовчиларга ўз автомобилларининг ҳолатини, хусусан, ўрнатилган газ баллонларини тез-тез текшириб боришни тавсия қилган.