Муштарийлардан деярли ҳар куни берилаётган ушбу саволга OzodJavobнинг навбатдаги сонида батафсил жавоб излашга ҳаракат қилдик.
Москвада ишлаётган жиззахлик Адҳамжон Жигули машинасини Ўзбекистонга олиб кириш учун божхона тўловлари қанча бўлиши борасида қизиқди:
- Яқинда Москвада янги Жигули сотиб олганман. Шуни уйга олиб кетмоқчи эдим. 2013 йилда ишлаб чиқарилган ВАЗ-2107 русумидаги машина. Бу машинани "растаможка" қилиш (божхона тўловлари) қанчага тушади?, - дея сўради Адҳамжон.
Санкт-Петербургдан мурожаат қилган андижонлик Йўлдош ака эса 2000 йилда ишлаб чиқарилган КамАЗ-5320 юк машинасини Ўзбекистонга олиб кириш харажатлари қанчага тушишини сўради.
Татаристоннинг Қозон шаҳрида ишлаётган Мурод эса Германиянинг Мерседес-Бенц S350 русумли машинасининг божхона тўловлари қанчалиги билан қизиқди.
Бу каби саволлар OzodJavobга деярли ҳар куни келмоқда. Лекин ҳар битта машина учун алоҳида жавоб бериш имконсиз.
Чунки Ўзбекистон Божхона қўмитасининг исмини ошкор қилмаётганимиз мутахасисига кўра, ишлаб чиқарилган жойи, вақти ва унинг маркаси, двигатель ҳажмига қараб, ҳар бир машинанинг божхона тўлови алоҳида бўлади:
“Ҳар бир машинанининг ставкаси ҳар хил бўлади. Мисол учун 1,5 литрлик мотори бор машинанинг ставкаси бошқача, 2 литрники бошқача, 3 литрники бошқача. Кейин машинанинг янги-эскилигига қараб яна ставка ўзгаради. Машинанинг маркаси, моделига ҳам қаралади”, деди мутахасис.
Хорижда ишлаб чиқарилган машинани Ўзбекистонга олиб кириш учун 4 хил божхона тўлови тўланади:
"Бож тарифи тўғрисида"ги қонунга кўра, чет элда ишлаб чиқарилган машинани Ўзбекистонга олиб келгач, у машина эгаси доимий яшаш жойидаги божхона идорасида расмийлаштирилади.
Машинани божхона расмийлаштирувидан ўтказиш пайти унинг божхона қиймати ҳисобланиб, тўрт хил турдаги божхона тўлови ундирилади.
1) Импорт божи
2) Акциз солиғи – Божхона ўрнатган машина қийматининг 2 фоизи.
3) Қўшилган қиймат солиғи - Ўзбекистон Солиқ кодексининг 206-моддасига биноан белгиланадиган солиқ солиш базасидан 20 фоиз (базани ҳисоб-китоб қилиш учун товарнинг божхона қийматига акциз солиғи суммалари (агар мавжуд бўлса) ва импорт божхона божи қўшилади);
4) божхона йиғимлари
Ушбу божхона тўловларини қай тартибда ҳисобланишини Россияда 2013 йил ва 2010 йилда ишлаб чиқарилган, двигатель ҳажми 1500 куб сантиметр бўлган ВАЗ 2107 машинаси мисолида кўриб чиқамиз.
2013 йилда ишлаб чиқарилган машина янги товар, 2010 йилда ишлаб чиқарилган машина эса эски товар ҳисобланади. Амалдаги қонунга кўра, эски ва янги машиналарнинг божхона тўлови турлича бўлади.
Буни ҳисоблашда Ўзбекистон Божхона қўмитасининг мутахасиси ёрдамидан фойдаландик.
Янги машинанинг божхона тўловлари:
Импорт божи: Дейлик, 2013 йилда ишлаб чиқарилган ВАЗ-2107 машинасининг божхона қиймати 6000 АҚШ долларига баҳоланган. Ушбу машина ишлаб чиқарилганига 2 йил тўлмагани учун янги товар ҳисобланади. Шунинг учун божхона қийматининг 30 фоизи ва двигатель ҳажмининг ҳар бир куб сантиметри учун 2,5 АҚШ доллари миқдорида импорт божи белгиланган.
Бу бўлади: 6000нинг 30 %и 1800 бунга 1500 х 2,5= 3750 қўшилади.
1800 $ (30%) + 3750$ (1500х2,5$) = 5550$ (лекин 10та давлат, жумладан, Россияда ишлаб чиқарилган машиналар учун сертификат тақдим қилинса, импорт божи ундирилмайди).
Акциз солиғи - 2 фоиз: 6000$нинг 2 фоизи 120$ бўлади.
Қўшимча қиймат солиғи - 20 фоиз: Бу ерда 6000$+120$ (акциз солиғи 2 фоиз) = 6120$нинг 20 фоизини ҳисоблаймиз.
Демак, 6120$нинг 20 фоизи 1224$ бўлади.
Божхона йиғимлари:
А) Машинани расмийлаштириш учун йиғимга 0,2 фоиз (бироқ бу 25 доллардан кам ва 3000$дан кўп бўлмаслиги керак) Демак, бу ерда 25 доллар.
Б) Божхона кўриги (бу тўлов еврода ундирилади): 25 евро.
В) Божхона гувоҳномаси (бу ҳам еврода ундирилади): Транспорт воситасини рўйхатдан ўтказиш ҳуқуқига гувоҳнома берганлик учун 20 евро.
Тўланиши лозим бўлган жами божхона тўловлари 5550$+120$+1224$+25$= 6919$ ва 45 еврони ташкил этади.
Бу пулни ўзбек сўмининг хориж валютасига нисбатан Ўзбекистон Марказий банки белгилаган курсида оламиз.
6 май куни Марказий банк 1 АҚШ долларини 2284,42 сўм ва 1 еврони 3157,75 сўм сифатида белгилаган.
6919 долларни ўзбек сўмига айлантирсак, бу 15805901,9 сўм бўлади. 45 евро эса 142098,75 сўмни ташкил этади.
Демак, Россияда 2013 йилда ишлаб чиқарилган, двигатель ҳажми 1500 куб сантиметр бўлган ВАЗ 2107 машинасининг божхона тўловлари жами 15948000,65 сўм бўлади.
Лекин юқорида айтилганидек, Россияда ишлаб чиқарилгани ҳақида махсус сертификат тақдим қилинса, 5550$ - импорт божи ундирилмайди.
Бу ҳолатда эса божхона тўлови 3269469,73 сўм (тахминан 1430 АҚШ доллари)ни ташкил қилади.
(Ушбу машинани Ўзбекистонга олиб киришдан аввал унинг Россияда ишлаб чиқарилгани ҳақидаги махсус сертификатни олишни унитманг. Чунки божхона тўлови сизга арзонга тушади)
Эски машинанинг божхона тўловлари:
Россияда 2010 йилда ишлаб чиқарилган, двигатель ҳажми 1500 куб сантиметр бўлган ВАЗ 2107 машинаси мисолида кўриб чиқамиз.
Импорт божи: Дейлик, 2010 йилда ишлаб чиқарилган ВАЗ 2107 машинасининг божхона қиймати 5000 АҚШ долларига баҳоланган. Ушбу машина ишлаб чиқарилганига 2 йил тўлгани учун эски товар ҳисобланади. Шунинг учун божхона қийматининг 40 фоизи ва двигатель ҳажмининг ҳар бир куб сантиметри учун 3 АҚШ доллари миқдорида импорт божи белгиланган.
Бу бўлади: 2000$ (40%) + 4500$ (1500х3$) = 6500$ (яна эслатамиз, 10та давлат, жумладан, Россияда ишлаб чиқарилган машиналар учун сертификат тақдим қилинса, импорт божи ундирилмайди).
Акциз солиғи: Эски машинанинг акциз солиғи моторнинг ҳажмидан ундирилади. Ҳар бир куб сантиметрга 2,6 доллар ундирилади.
1500 х 2,6= 3900$
Қўшимча қиймат солиғи - 20 фоиз: Бу ерда 5000$+3900$ (акциз солиғи) = 8900$нинг 20 фоизини ҳисоблаймиз.
Демак, 8900$нинг 20 фоизи 1780$ бўлади.
Божхона йиғимлари: (Янги машина билан эски машинаники бир хилда)
А) Машинани расмийлаштириш учун йиғим - 25 доллар.
Б) Божхона кўриги: 25 евро.
В) Божхона гувоҳномаси: 20 евро.
Тўланиши лозим бўлган жами божхона тўловлари 6500$+3900$+1780$+25$=12205$ ва 45 еврони ташкил этади.
12205 долларни ўзбек сўмига айлантирсак, бу 27881346,1 сўм бўлади. 45 евро эса 142098,75 сўмни ташкил этади.
Демак, Россияда 2010 йилда ишлаб чиқарилган, двигатель ҳажми 1500 куб сантиметр бўлган ВАЗ 2107 машинасининг божхона тўловлари жами 28023444,85 сўм бўлади.
Агар Россияда ишлаб чиқарилгани ҳақида махсус сертификат тақдим қилинса, 6500$ - импорт божи ундирилмайди.
Бу ҳолатда эса божхона тўлови 13174714,85 сўм (тахминан 5770 АҚШдоллари)ни ташкил қилади.
УНИТМАНГ: Эски машина сизга қимматга тушади! Масалан, юқорида ҳисоблаганимиз эски ВАЗ 2107 машинасининг жами бож тўловлари янгисига нисбатан 9905245,12 сўм (тахминан 4340 АҚШ доллари)га қимматроққа тушаяпти.
Ўзбекистон Адлия вазирлигининг 1998 йил 8 апрелдаги "Эркин савдо қилиш тартибини кўзда тутувчи келишувни имзолаган давлатлар эркин савдо қилиш зонасини яратиш тўғрисидаги келишув қатнашчилари Рўйхати"да номлари келтирилган 10 та мамлакатда ишлаб чиқарилган импорт қилинувчи товарлар учун ҳеч қандай божхона божи ундирилмайди.
Мазкур давлатлар: Беларус, Грузия, Молдова, Озарбайжон, Россия, Туркманистон, Тожикистон, Украина, Қирғизистон ва Қозоғистон.
Бунда машина эгаси божхона органларига ушбу автомобилнинг ҳақиқатан ҳам шу мамлакатда ишлаб чиқарилганлигини тасдиқловчи сертификатни тақдим қилиши лозим.
Агар ушбу сертификат божхона органига тақдим этилмаса, товарнинг ишлаб чиқарилган мамлакати номаълум ҳисобланади. Бундай ҳолатда машинанинг божхона божи икки баравар ставкада ундирилиши белгиланган.
Эркин савдо қилиш зонасига кирган 10 та давлат машиналарининг божхона тўловлари юқорида ҳисоблаганимиз ВАЗ 2107 нинг ҳисоб-китоби каби қилинади.
Амалдаги тартиб-қоидага кўра, дунёнинг бошқа 45 та давлатида ишлаб чиқарилган машина Ўзбекистонга импорт қилинганда божхона божи белгиланган ставканинг бир баравари миқдорида ундирилади.
Ушбу мамлакатлар қуйидагилар: Австрия, АҚШ, Бангладеш, Бельгия, Болгария, Буюк Британия, Венгрия, Вьетнам, Германия, Греция, Дания, Жанубий Корея, Индонезия, Исроил, Ирландия, Испания, Италия, Иордания, Кипр, Латвия, Литва, Малайзия, Мальта, Миср, Люксембург, Нидерландия, Португалия, Покистон, Польша, Руминия, Саудия Арабистони, Сингапур, Словакия, Словения, Туркия, Финляндия, Франция, Хитой, Чехия, Швейцария, Швеция, Эрон, Эстония, Япония, Ҳиндистон.
Шу ўринда Эркин савдо қилиш зонасига кирмаган давлатларда ишлаб чиқарилган машиналарнинг божхона тўловига ҳам мисол келтирамиз.
Бунда Германияда 2012 йилда ишлаб чиқарилган, двигатель ҳажми 3000 куб сантиметр бўлган Мерседес-Бенц S350 машинасининг божхона тўловларини ҳисоблаймиз:
Импорт божи: Дейлик, ушбу машинанинг божхона қиймати тахминан 40 минг долларга баҳоланган. Ушбу машина ишлаб чиқарилганига 2 йил тўлмагани учун янги товар ҳисобланади. Шунинг учун божхона қийматининг 30 фоизи ва двигатель ҳажмининг ҳар бир куб сантиметрига 3,1 АҚШ доллари миқдорида импорт божи белгиланган.
Бу бўлади: 12000 $ (30%) + 9300$ (3000х3,1$) = 21300$
Акциз солиғи: Ушбу машинанинг акциз солиғи моторнинг ҳажмидан ундирилади. Ҳар бир куб сантиметрдан 3,1 доллар ундирилади.
3000 х 3,1= 9300$
Қўшимча қиймат солиғи - 20 фоиз: Бу ерда 40000$+9300$ (акциз солиғи) = 49300$нинг 20 фоизи 9860$ бўлади.
Божхона йиғимлари: (Худди Россия машиналариники каби)
А) Машинани расмийлаштириш учун йиғим -25 доллар.
Б) Божхона кўриги: 25 евро.
В) Божхона гувоҳномаси: 20 евро.
Тўланиши лозим бўлган жами божхона тўловлари 21300$+ 9300$+9860$+25$=40485$ ва 45 еврони ташкил этади.
40485 долларни ўзбек сўмига айлантирсак, бу 92484743,7 сўм бўлади. 45 евро эса 142098,75 сўмни ташкил этади.
Демак, Германияда 2012 йилда ишлаб чиқарилган, двигатель ҳажми 3000 куб сантиметр бўлган Мерседес-Бенц S350 машинасининг божхона тўловлари жами 92626842,45 сўм (тахминан 40500$) бўлади.
Агар Мерседес-Бенц S350 ишлаб чиқарилганига икки йил тўлган - эски машина бўлса, унинг божхона тўлови янгисига нисбатан 4000 долларга қимматга тушади. (Импорт божи божхона қийматининг 40 фоизи ва двигатель ҳажмининг ҳар бир куб сантиметри 3,1 АҚШ доллари миқдорида олинади. Бошқа тўловлар янгиси билан бир хилда бўлади)
Ўзбекистон Божхона қўмитасининг мутахасисига кўра, агар машинанинг божхона қиймати (сотиб олинган нархи) БОЖХОНА БАЗАСИДА БЕЛГИЛАНГАН НАРХДАН КАМ БЎЛСА, у ҳолда базада белгиланган нарх божхона қиймати сифатида олинади.
Дейлик, Мерседес-Бенц S350 машинаси божхона базасида 40 минг долларга баҳоланган бўлса ва сиз уни хориждан 20 минг долларга харид қилган бўлсангиз, бу база нархидан кам ҳисобланади.
Бу ҳолатда божхона тўловларини ҳисоб-китоб қилиш учун 20 минг доллар эмас, базада белгиланган 40 минг доллар божхона қиймати сифатида олинади.
Божхона мутахасисига кўра, божхона базасидаги маълумотлар матбуотга ошкор қилинмайди.
Азиз муштарий, агар сиз хорижда харид қилинган машинани Ўзбекистонга олиб кирган бўлсангиз ёки бу борада қўшимча маълумотга эга бўлсангиз, илтимос ўз тажрибангизни бошқалар билан ўртоқлашинг!!!!!
Билганларингизни шу ерда шарҳ сифатида қолдиришингиз мумкин.