Қибрайда машинага ўрнатилган газ баллони портлади

16 май тунга яқин олинган хабарга кўра, Тошкент вилояти Қибрай туманидаги ёнилғи қуйиш шоҳобчасида сариқ рангдаги "Жигули" русумидаги машина портлаб кетган, портлаш оқибатида машина ҳайдовчиси жароҳатланган.


Воқеа 16 май Тошкент вақти билан кечки еттидан сўнг Матқабулов қишлоқ фуқаролар йиғинидаги "Дийдор" метан-гази қуйиш жаҳобчасида содир бўлди.

Гувоҳларнинг Озодлик радиосига айтишича, ВАЗ 2101 русумли машинага ўрнатилган газ баллони босимга бардош бермасдан портлаган ва ҳар ерга ойналари сочилиб кетган.

Ойна бўлаги хайдовчининг оёғини шикастлаган ва унинг касалхонага олиб кетилгани айтилмоқда.

Газ баллонли машиналарнинг Ўзбекистонда портлаши тез-тез рўй бериб туради.

Озодлик радиосига маълум бўлган сўнгги ҳолат 7апрел куни Андижон шаҳрида рўй берган. Метан газ баллони ўрнатилган Нексия автомобили портлаши оқибатида икки одам жароҳатланганди.

Газ баллони портлаши билан боғлиқ Тошкентдаги энг даҳшатли ҳодиса ўтган йил сентяр ойида Қўйлиқ бозори яқинида рўй берганди.

Ўшанда ҳам Нексияга ўрнатилган газ баллони портлаган ва машинадаги тўрт киши ҳалок бўлган эди.

Айниқса газ баллони ўрнатилган машиналарнинг тўқнашуви кўп ҳолатда фожеали якун топади.

2 май куни Андижон вилоятида юз берган бундай автоҳалокат оқибатида 18 киши ҳалок бўлганди. Воқеа гувоҳларига кўра¸ катта тезликда келаëтган учта автомобилнинг бир-бири билан тўқнашуви ва машиналардан бирига ўрнатилган газ баллони портлаши оқибатида йўловчиларнинг бирортаси омон қолмаган.